Бугун юртимиз шахмат бўйича “Энг ёш чемпион Ватани” бўлиб яна бир бор дунёга довруғ солди. Нафақат Алпомишлар, балки Бобурийлар насли ҳали давом этажаги бугун яна бир бор ўз исботини топди. Юксак салоҳият, кучли потенциал соҳиби, Польша пойтахти Варшавада 2021 йил 25-30 декабрь кунлари ўтказилган тезкор шахмат бўйича дунё биринчилигида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан «Мард ўғлон» давлат мукофоти, 2 хонали уй калити ҳамда 250 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Ёш чемпионнинг мураббийларига 100 миллион сўмдан берилди. Шунингдек, Варшавадаги жаҳон чемпионатида блиц йўналишида иштирок этиб, соврин учун курашган Жавоҳир Синдоровга 50 миллион сўм, турнирда иштирок этган бошқа шахматчилар – Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидовга ҳам пул мукофотлари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси миллий Олимпия қўмитаси биносида ўтказилган тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси матбуот котиби Шерзод Асадов, Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов Ўзбекистон Миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид иштирок этиб, спортчини қўлга киритилган ғалаба билан қутлашди.