Энг кўп жиноятлар содир этилган маҳаллаларда қўшимча профилактика инспекторлари, тезкор вакил, патруль-пост ва йўл-патруль хизмати ходимларидан иборат алоҳида ички ишлар бўлинмалари ташкил этилади. Бу ҳақда ИИВ вазири, генарал-лейтенант Пўлат Бобожонов ўзининг “Танқидий таҳлил ва устувор вазифалар фаолият самарадорлигига хизмат қилади” номли мақоласида маълум қилди.
Вазирга кўра, бу орқали криминоген вазият мураккаб маҳаллаларга куч-воситалар қайта тақсимланиб, бевосита “жиноят ўчоқлари” бартараф этиб борилади.
Шунингдек, Пўлат Бобожонов эндиликда маҳалла, туман ва шаҳарлар криминоген вазиятдан келиб чиқиб “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифага бўлинишини ҳамда маҳалладаги жиноят ўчоқлари аниқланиб, уларни келтириб чиқарувчи омиллар таҳлил қилинишини таъкидлади.
“Таҳлилларга кўра, аксарият жиноятлар оилалардаги ижтимоий-маиший муаммолар ва ўзаро низоли масалалар ўз вақтида ечимини топмагани туфайли содир этилмоқда. Бироқ бугунги кунда эътибор қаратишимиз лозим бўлган аҳоли қатлами билан жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ягона ахборот алмашинув тизими мавжуд эмас”, деб ёзади ИИВ вазири.
Яқинда профилактика инспекторларининг ойлик маоши 60 фоизга оширилиши маълум қилинганди.