Самарқандда Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов шаҳарнинг 2020 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2021 йил учун белгиланган устувор йўналишлар бўйича шаҳар аҳлига мурожаат қилди. Сесияни онлай тарзда ижтимоий тармоқлар орқали кузатиш имконияти яратилди.
Эътироф этиш лозимки, бундай тажриба, яъни шаҳар ёки туман ҳокимининг аҳолига мурожаати биринчи марта амалиётда қўлланилмоқда. Яна шуниси диққатга сазоворки, биринчи марта бир соат давом этган Кенгаш сессиясидан кейин унинг раиси бир ярим соат мобайнида оммавий ахборот вакиллари саволларига жавоб қайтарди.
Мурожаат шаҳар ҳаётининг барча жабҳаларини ўз ичига қамраб олган эди. Жумладан, унда ижтимоий-иқтисодий кўрсатгичларнинг ўсиш суръатлари ва маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажми ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, инвестиция лойҳалари борасида , туризм ҳамда шаҳарда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш, коммунал ва коммуникация соҳаларидаги ишлар устида тўхталиб ўтилди. Ижтимоий соҳада ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш борасида қилинган ишлар ҳақида ҳам батафсил гапирилди. Шу куннинг долзарб муаммолари ҳисобланган “Темир дафтар”га киритилган оилалар, уларни кўллаб-қувватлаш ва қамбағалликдан чиқариш бўйича қўрилган чоралар, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати натижалари, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларини шакллантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирди.
Айрим соҳалар бўйича келтирилган факт ва рақамларга қуйидагича.
САНОАТ. Пандемия бошланишида Самарқанд шаҳридаги фаолият кўрсатаётган 1474 та саноат корхоналарининг 150 таси фаолиятини вақтинча тўхтатди. Шунингдек, 36 та корхона 25 фоизга, 87 таси эса 50 фоиз қувватда ишлай бошлади. Пандемия таъсири натижасида шаҳарда саноат ишлаб чиқариш ҳажми жорий йил 6 ой якунида ўтган йилга нисбатан 8,2 фоизга, 9 ой якуни билан 1,8 фоизга камайди.
Сектор раҳбарлари ва бошқа мутассади ташкилотлар билан олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 10 ой якунига кўра, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 6,4 трлн.сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,8 фоизга кўпайди.
АҲОЛИ БАНДЛИГИ. Жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда шаҳарда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони (меҳнат ресурслари) 318,1 минг кишини ташкил этиб, шундан 81,4 фоизи ёки 253,6 минг киши иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Иқтисодий фаол аҳолининг 9,1 фоизи ёки 23,3 мингга яқин фуқаро иш ўринларига муҳтож, ишсизлик даражаси аёллар ўртасида 12 фоизни ва ёшлар ўртасида 14,4 фоизни ташкил қилмоқда.
Бу йилдан Бандлика кўмаклашиш шаҳар маркази томонидан жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона ойна” тамойили асосида хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилинди. 2020 йилнинг 11 ойида 6942 нафар фуқарога бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатилди ва 3830 нафар ишсиз фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 483 нафар фуқаро эса меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди, 34 нафар ишсизга ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди.
Шунингдек, 2736 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ҳамда уларнинг иш ҳақи тўлови учун Жамоат ишлари жамғармасидан 3,3 млрд сўмдан ортиқ маблағ молиялаштириб берилди.
Коронавирус пандемияси меҳнат бозорига ҳам ўзинг салбий таъсирини кўрсатди. Уни юмшатиш мақсадида ишсиз ва вақтинча ишини йўқотган ҳамда хорижга ишлаш учун кета олмаган фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, шахсий томорқасига ва қишлоқ хўжалиги кооперативларни ташкил этган ҳолда, субсидия ажратиш орқали бандлиги таъминлаш чоралари кўрилди.
ТУРИЗМ. Коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида энг кўп зарар кўрган ва кўраётган соҳалардан бири туризм бўлди. Шаҳримизга ташриф буюрган туристлар сони ҳамда улар ташрифидан олинадиган туристик хизматлар экспорти кескин камайди. 2019 йилда шаҳарга 3 млн 120 минг нафар сайёҳ келган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 500 минг нафарни ташкил этди. Шаҳардаги 250 та жойлаштириш воситаларида жорий йилнинг 9 ойи учун 120 минг нафар хорижий фуқароларга жойлар банд қилинган эди. Ташрифлар бекор қилиниши оқибатида жойлаштириш воситалари 95 млрд 300 млн сўмлик тушумлардан маҳрум бўлди. 331 та туризм йўналишидаги корхоналар фаолиятини тўхтатиб, 4530 нафар фуқароларимиз вақтинча ишсиз қолди.
КЎЧАЛАР АҲВОЛИ. Шаҳар ҳокимлигига фуқарларидан бўлаётган мурожаатлар асосий қисми бу шаҳар кўчалари хусусида бўлмоқда. Самарқанд шаҳри бўйича жами 1821 та кўча мавжуд бўлиб, уларнинг умумий узунлиги 848,06 км. Шундан 444,6 км марказий кўчалар бўлса, 403,4 км ички кўчалар ҳисобланади.
Жорий йилда тасдиқланган дастурларга мувофиқ инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳа қиймати 790 млрд сўм бўлган жами 59,9 км йўл қуриш ишлари бошлаб юборилиб, бугунги кунга қадар 356 млрд сўмлик қурилиш-пудрат ишлари амалга оширилган. Бундан ташқари, 86,2 км ички кўчаларда 20,1 млрд сўмлик мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилган.
Ҳозирги кунда шаҳардаги барча маҳаллалари ички кўчаларини 2021 йилда тўлиқ таъмирлаш бўйича хатлов ишлари олиб борилиб, жами 157 та МФЙ ҳудудидаги 603 та кўчада жами лойиҳа қиймати 99,4 млрд сўм бўлган умумий узунлиги 251,2 км йўлни таъмирлаш талаб этиши ҳисоб-китоб қилинди.
Б.Облоқулов коммунал соҳасида қилинган ишлар устида ҳам тўхталди. Келтирилган кўплаб рақамлар соҳада анчагина ишлар амалга оширилганлигидан далолат бермоқда. Шаҳар ҳокимининг тан олиб таъкидлашича, ноябрь ойининг учинчи ўн кунлигида тушган совуқ бу борада қилинган ишлар етарли эмаслигини ва уларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатди.
Умуман олганда, 48 саҳифадан иборат ҳисоботда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шаҳар миқёсида қилинган ишлар ҳар томонлама ва кенг ёритилди. Бу аслида ҳисобот эдими ёки мурожаат? Биз янги бир ҳолатнинг гувоҳи бўлганимиз учун унга унча эътибор қаратмаган бўлсак керак. Балки, давлат бошқарув органлари мурожаатида концептуал масалаларга, жамият ва давлат олдида турган ўта муҳим вазифалар ҳақида сўз юритилиши лозимдир?
Нима бўлганда ҳам, аҳоли, яъни солиқ тўловчини йил давомида нима ишлар қилинганлигидан бевосита хабардор этишнинг ўзи анча олдинга ташланган қадам сифатида баҳоланишга лойиқ. Айниқса, тадбир охирида шаҳар ҳокими ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов бир ярим соат давомида журналист ва блогерлар саволларига батафсил жавоб қайтаришганини ҳам очиқлик сари қилинаётган интилиш деб айтиш мумкин.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз. Муаллиф туширган суратлар