- Advertisement -
Вазирлар Маҳкамасининг 10.05.2022 йилдаги “2022 йилда кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан ишончли таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 243-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022 йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитлари;
- 2022 йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳининг таркиби;
- Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан насос станциялари ва вертикал суғориш қудуқларини ишлатиш учун 2022 йилда сарфланадиган электр энергияси миқдорлари;
- 2022 йилда амалга ошириладиган ирригация тизимлари ва улардаги гидротехника иншоотларини, насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини таъмирлаш-тиклаш ва қуриш ишлари режаси.
Республика ишчи гуруҳининг асосий вазифалари:
- йирик сув омборларида сув ресурсларидан фойдаланишни назоратга олиш, хусусан сув чиқаришни қатъий равишда ҳокимликларнинг аниқ ҳисоб-китобларига асосланган талабномалар бўйича амалга ошириш;
- гидромелиоратив тармоқларнинг мавсумга шайлигини таъминлаш билан боғлиқ барча тадбирларнинг бажарилиши бўйича қатъий назорат олиб бориш тизимини йўлга қўйиш;
- сувни тежайдиган суғориш технологияларини “бир канал — бир тизим” тамойили асосида жойлаштириш;
- суғориш мавсуми давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ҳар куни таҳлил қилиб бориш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.05.2022 йилдан кучга кирди.