Тошкент, Ўзбекистон – 2025-йил 26-май – Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Гендерга йўналтирилган сиёсат ва бюджетларни илгари суриш: Ўзбекистонда шаффоф, инклюзив ва ҳисобдор бошқарув сари” лойиҳаси расман ишга туширилди. Мазкур янги лойиҳани Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича тузилмаси – БМТ Аёллар амалга оширади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан яқиндан ҳамкорликда олиб борилади ва мамлакатнинг гендер тенглигини та’минлаш борасидаги устувор йўналишларига жавоб бўлиб хизмат қилади. Янги лойиҳа гендер тенглигини бюджет қарорларини қабул қилиш ва миллий ривожланиш стратегияларининг ажралмас қисми сифатида кўриб чиқиш учун институционал механизмларни яратиш орқали бу ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
“Ўз режалаштириш ва бюджетлаштириш жараёнларимизга гендер таҳлилини киритиш орқали биз янада самарали бошқарувни яратамиз – у турли ижтимоий гуруҳларнинг эҳтиёжларига жавоб беради ва ҳеч кимни э’тибордан четда қолдирмайди. Гендер сезгир бюджетлаштириш бизга янада шаффоф, инклюзив ва натижага йўналтирилган давлат молиясини та’минлашда ёрдам беради. Бу эса миллий тараққиёт мақсадларимизга эришиш учун ниҳоятда муҳим. Шу нуқтаи назардан, лойиҳа айниқса аёллар ва қизларнинг ҳаётини яхшилашда адолатлироқ бюджетлаштириш учун амалий ва ўзгаришга олиб келувчи восита бўлиб хизмат қилади,” – дейди Шоҳруҳ Ишанкулов, Давлат бюджети сиёсати департаменти директорининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги..
“Гендер сезгир бюджетлаштириш Ўзбекистон қизлари ва аёлларини янада кучли қилади. Шу боис, Европа Иттифоқи БМТ Аёллар билан ҳамкорликда Ўзбекистон молия тизими органларини гендер сезгир бюджетлаштириш амалиётини мунтазам миллий сиёсат ва бюджетлаштириш жараёнларига жорий этишда қўллаб-қувватлаётганидан фахрланади.


Бу ёндашув ресурсларни гендер тенгсизликларини бартараф этишга йўналтиришга ёрдам беради, аёллар ва қизлар ҳам давлат хизматлари, иқтисодий имкониятлар ва қарор қабул қилиш жараёнларига тенг кириш ҳуқуқига эга бўлишларини та’минлайди,” – дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар Жаноби Олийлари.
“Ўзбекистон гендер тенглиги бўйича ўз мажбуриятларини бажариш йўлида муҳим қадам ташлади. Ушбу лойиҳа давлат ресурслари гендер тафовутларини бартараф этиш ва кўпинча четда қоладиган гуруҳларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилганлигини та’минлаш орқали ҳисобдорликни кучайтиради,” – дейди БМТ Аёллар’нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директор ўринбосари Элиза Фернандез Саенс.
“Ўзбекистон ҳукумати, Европа Иттифоқи ва БМТ Аёллар ўртасидаги ушбу ҳамкорлик гендер сезгир бюджетлаштиришни амалга ошириш орқали давлат молиясини бошқариш ёндашувини тубдан ўзгартириш қудратига эга. Бу бутун мамлакат бўйлаб аёллар ва эркаклар учун янада самарали натижаларга олиб келади,” – дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл.
Лойиҳа ҳақида маълумот:
Лойиҳа 2025-йил 26-май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражадаги тадбир давомида расман ишга туширилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, БМТ Аёллар’нинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси, БМТ Аёллар’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлаш йўлида муҳим ютуқларга эришди. Бунга 2030-йилгача мўлжалланган Гендер тенглиги стратегиясининг қабул қилиниши, парламентда Ёшлар, аёллар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитанинг ташкил этилиши ҳамда аёллар ҳуқуқларига оид қонунчиликда амалга оширилган ислоҳотлар мисол бўла олади. Гендер сезгир бюджетлаштириш лойиҳаси ушбу са’й-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди ҳамда гендер тенглигини бюджет қарорларини қабул қилиш ва миллий тараққиёт стратегияларининг ажралмас қисми сифатида мустаҳкамловчи институционал механизмларни яратишга хизмат қилади.
Ушбу ташаббус Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг салоҳиятини кучайтириш ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигини синов вазирлиги сифатида жалб қилиш орқали аёллар ҳаётини яхшилашга ва энг заиф гуруҳлар манфаатларини инобатга олган ҳолда гендер нуқтаи назарини миллий ҳамда маҳаллий даражадаги сиёсат, режалаштириш ва бюджетлаштириш жараёнларининг барча босқичларига тизимли ва барқарор тарзда интеграция қилишга қаратилган.
Мазкур жараён 2024-йил октябр ойида БМТ Аёллар томонидан ажратилган бошланғич маблағ ёрдамида старт олди. Ушбу дастлабки босқичда турли вазирликларнинг 30 нафар давлат хизматчисининг гендер сезгир бюджетлаштириш бўйича тушунчасини ошириш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича салоҳияти кучайтирилди.
Кейинги икки йил давомида лойиҳа Ўзбекистоннинг Давлат молиявий бошқаруви (ПФМ) ислоҳотлари ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари, хусусан 5-мақсад ва 5.c.1-вазифаси билан мувофиқ ҳолда гендер сезгир бюджетлаштиришни амалга ошириш бўйича миллий ва маҳаллий даражадаги имкониятларни мустаҳкамлашни кўзда тутади. Шу орқали лойиҳа мамлакатдаги гендер тенгликни та’минловчи механизмларни мустаҳкамлаш, инклюзив ва шаффоф бошқарувни илгари суриш орқали аёлларнинг ер ва мулк эгаси бўлишдаги чекловлари, юқори даражадаги қашшоқлик ва иқтисодиётнинг юқори қийматли соҳаларида уларнинг кам иштирок этиш каби чуқур илдиз отган тизимли тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон ўз олдига қашшоқликни ярмига камайтириш ва ялпи ички маҳсулотни икки бараварга ошириш каби катта мақсадларни қўйган бир пайтда, гендер сезгир бюджетлаштириш лойиҳаси аёллар ва қизлар учун миллий ҳамда маҳаллий бюджетларни энг самарали йўналтиришда кучли восита бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, у самарали мониторинг механизмларини ҳам таклиф этади.
БМТ Аёллар
Сўнгги йигирма йил давомида БМТ Аёллар бутун дунё бўйлаб 80 дан ортиқ давлатни гендер сезгир бюджетларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича қўллаб-қувватлаб келмоқда. БМТ Аёллар гендер сезгир бюджетлаштириш борасида илғор ташаббускор бўлиб, глобал нормаларни илгари сурмоқда, стратегик ҳамкорликларни йўлга қўймоқда, миллий ҳукуматларнинг салоҳиятини кучайтирмоқда ҳамда гендер сезгир бюджетлаштиришнинг Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришиш, ёрдам самарадорлиги, давлат сектори ислоҳотлари ва ривожланиш учун молиялаштиришдаги ҳал қилувчи ўрни бўйича далилий асосни мустаҳкамлаб келмоқда.
Қўшимча маълумот:
Гендер сезгир бюджетлаштириш (ГСБ) — бу гендер тенглиги мақсадларини ҳукумат сиёсати, режалаштириш, бюджетлаштириш, мониторинг, баҳолаш ва аудит жараёнларига тизимли равишда интеграция қилишга қаратилган стратегик сиёсий ёндашувдир. У бюджетнинг (даромадлар ва харажатлар) аёллар ва эркакларга нисбатан тақсимот та’сирини таҳлил қилади ҳамда ҳар иккала гуруҳ ҳам давлат ресурсларидан тенг даражада фойда кўришини та’минлаш учун маблағларни мослаштиради ёки қайта тақсимлайди. Бу гендер тенглигини илгари сурувчи ҳамда ўзгариш олиб кирувчи воситадир. Бу восита бюджетларни янада самарали, инклюзив қилади ва қизлар, аёллар, ўғил болалар ҳамда эркакларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олинишини таъминлайди.
100 дан ортиқ давлат гендер тенглигини та’минлаш ҳамда тарих мобайнида ҳам етарли даражада молиялаштирилмаган аёллар ва қизлар учун зарур хизматларга сармоя муаммосини бартараф этиш мақсадида гендер сезгир бюджетлаштириш бўйича ташаббусларни бошлаган. 105 та давлатдан тўпланган ма’лумотларга кўра, атиги 26 фоизида гендер тенглиги учун бюджет ажратмаларини кузатиш бўйича тўлиқ тизимлар мавжуд.
ГСБ воситасини бюджет орқали молиялаштириладиган барча сиёсатлар, чора-тадбирлар ва дастурларга татбиқ этиш орқали биз гендер тенглигига эришишга ҳисса қўшамиз. Гендер сезгир бюджетлар бутун ҳукумат миқёсидаги ёндашувни, барқарор институционал тизимларни, сиёсий ирода ва ресурсларнинг тенг тақсимланишини қўллаб-қувватловчи қонунларни, аҳолининг турли эҳтиёжларини тўлиқ тушунишга хизмат қилувчи ишончли ма’лумотларни, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни, шунингдек, келгусидаги бюджет тузатмаларига асос бўладиган мониторинг ва баҳолаш тизимларини талаб қилади.
Барқарор Ривожланиш Мақсадларининг 5-мақсади гендер тенглиги ва аёллар ҳамда қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади. Бу БРМлар ичида ягона кўрсаткичга эга бўлган мақсаддир, у ҳукуматларнинг гендер тенглиги учун бюджет ажратмаларини кузатиш ва жамоатчиликка ошкор қилиш тизимига эга бўлганлик даражасини ўлчайди.
Интервю ташкиллаштириш ва қўшимча ма’лумотлар учун қуйидаги шахсларга мурожаат қилишингиз мумкин:
Gulnaz Anisio De Oliveira, Mintaqaviy kommunikatsiyalar bo‘yicha tahlilchi, BMT Ayyollar tashkilotining Yevropa va Markaziy Osiyo mintaqaviy vakolatxonasi, gulnaz.imamniyazova@unwomen.org
Malika Musaeva, Matbuot kotibi, Yevropa Ittifoqining O‘zbekistondagi vakolatxonasi, Malika.MUSAEVA@eeas.europa.eu
Jahongir Shodiev, Bosh iqtisodchi, O‘zbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Jahongir.Shodiyev@imv.uz