Ватанимиз ўзининг қадимий ва шонли тарихида кўп оғир синов ва машаққатларни бошидан кечиргани, уларнинг барчаси беқиёс мардлик ва сабр-матонат билан енгиб ўтилгани ҳаммамизга айён. Тарихсиз келажак йўқ деганларидек, тарихий маълумотларга таянадиган бўлсак, қадим замонлардан бошлаб бобо-момоларимиз илму-фанга қўшган чексиз ҳиссаси билан бир қаторда ватан озодлиги учун ҳам ҳақиқий қаҳрамонликлар кўрсатишган. Қаҳрамон халқимиз турли даврларда юз берган вабо ва ўлатлар, очарчилик, қаҳатчилик, уруш ва қатағонлардан азму қатъият билан омон чиққан.

Айниқса, ўтган асрнинг 1941-1945 йилларида бўлиб ўтган фашизмга қарши шиддатли жангларда бутун вужуди билан курашган жасоратлиларимиз билан бир қаторда, ҳар қанча оғир шароитларга қарамасдан фронт ортида туриб, кечаю кундуз фидойи меҳнати билан саноатни ривожлантириш орқали қурол-яроқ, ўқ-дори ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини уруш майдонларига етказиб туришда ўзининг фидокорона меҳнати билан ҳиссасини қўшган жонажон халқимизнинг қаҳрамонликларини абадийлаштириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Олмазор туманида 12 гектардан ортиқ жойда жойлашган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва унинг марказида “Шон-шараф” музейи барпо этилди.


Музей олтита бўлимдан иборат бўлиб, 1-бўлимда республикамиз аҳолисининг фронтга сафарбар этилиши, жанг майдонларидаги жасорати акс эттирилган. Иккинчи бўлим “Ўзбекистон – фронт учун ишончли таянч қўрғони” деб номланган. Кейинги бўлимда уруш йилларида юртимиздаги илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳалари намойиш этилган. 4-бўлим “Уруш ва ғалаба ҳақида хотиралар, халқнинг қувонч ва шодлиги” деб аталган бўлса, навбатдаги шўъбада уруш йилларидаги бадиий адабиёт, санъат ва матбуот ҳақида ҳикоя қилинган. “Мардлар жасорати мангу яшайди” номли
6-бўлимдан 33 жилдлик “Хотира” китоби, шунингдек, байрам муносабати билан нашр этилган китоб-альбом ва бошқа экспонатлар ўрин олган.


Музейда Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ўзбекистонликлар ҳақидаги маълумотлар, ўша даврлар руҳини тўлиқ ҳис этишга имкон берувчи экспонатлар ўрин олган. Хусусан, ўзбекистонлик 300–338 нафар жангчи Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовар бўлган, бу эса Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир. Қозоғистондан 96–100 нафар, Қирғизистондан 70–80 нафар, Туркманистондан 50–60 нафар ва Тожикистондан 50–55 nafar жангчи ушбу унвонни олган. Ўзбекистон Марказий Осиёда Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари сони бўйича етакчи ўринни эгаллайди, бу эса халқимизнинг урушдаги беқиёс жасорати ва фидокорлигини яққол кўрсатади.
“Шон-шараф” ғалаба боғи кун давомида минглаб зиёратчилар масканига айланмоқда. Айниқса, ёш авлод – болалар боғчасидан тортиб умумтаълим мактаблари, техникум ва олийгоҳ талабаларигача – бу ерга орти узилмайди. Аниқ тарихий фактлар билан жиҳозланган бу маскан ҳар бир зиёратчининг қалбида ғурур ва ифтихор уйғотади.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар адлия бошқармаси Фахрийлар кенгашининг ташаббуси билан бир гуруҳ фахрийларимиз ташриф буюришди ва ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳайкали, “Мангу жасорат” монументи, ғалаба боғининг кириш қисмида “Зангиота туманининг Хонобод маҳалласида яшаб ўтган беш ўғли фронтдан қайтмаган Зулфия Зокированинг оиласи тимсолида қўйилган баҳайбат ёдгорлик” таассуротларидан бошлашди.


Зулфия Зокированинг Холматов Исоқжон, Холматов Аҳмаджон, Холматов Мамажон, Холматов Ваҳобжон, Холматов Юсуфжон номли ўғиллари уруш бошланганда мардларча фронтга жўнатилган. Зулфия ая қайинсинглиси ва тўрт келини билан қолган. Афсуски, улардан бирортаси ҳам тирик қайтмаган. Бу оналар учун қанчалик оғир мусибат эканлигини тасаввур қилиш қийин. Бу воқеа нафақат ватандошларимиз, балки бутун миллат ва элатлар учун катта ибрат мактабидир! Тарихий манбаларга кўра, жаҳон урушларида беш нафар фарзандини ватан озодлиги учун фронтга юборган хонадонлар саноқлигина учрайди.
Музейга кириш қисмида Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Алиқулов томонидан чизилган 22 метрлик панно жойлаштирилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонлик йигитларнинг фронтга жўнатилаётгани, оила аъзолари билан видолашув онлари акс этганлиги уруш ҳолатларини яққол эслатиб, ҳар қандай қалбни ларзага келтиради.
Тарихий факт ва воқеалар уруш даври манзараларини акс этган мажмуалар замонавий технологиялар, интерактив усуллар ёрдамида намойиш этилган. Ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроқ намуналари ҳар бир зиёратчининг диққатини тортади.
Ушбу тадбир яна бир бор тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт қанчалик бебаҳо неъмат эканлигини, уни асраб-авайлаш муқаддас бурч эканини англатади. Элимизнинг бу жасорати, меҳр-мурувват ва инсонпарварлик фазилатлари ҳали ҳамон шон-шараф мактаби, ғурур-ифтихор мактаби бўлиб келмоқда. Вақт ўтгани сари бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида Фармони имзоланди. Бугун ҳам Ўзбекистон обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини, уларга тенглаштирилган шахсларни, 1941–1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларини моддий рағбатлантириш кўзда тутилган.
Қуйидаги бир марталик пул мукофоти белгиланди:
• Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 10 000 (ўн минг) доллар миқдорида;
• Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларнинг ҳар бирига 25 000 000 (йигирма беш миллион) сўм миқдорида;
• 1941–1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг ҳар бирига 3 000 000 (уч миллион) сўм миқдорида.
Мазкур фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Улар томонидан қўйилган мустаҳкам пойдевор ва қолдирилган эзгу излар юракларимизда доимо сақланади. Хотиралари абадий, руҳлари шод бўлсин! Самимий дуоларимиз ва чуқур миннатдорчилик туйғуларимиз билан уларни ёдга оламиз.
Аброр Бердиев, Миробод туман адлия бўлими бош юристконсулти