2017-2024 йилларда саноатдаги ўсиш тенденциялари ишлаб чиқариш тузилмаларини кенг кўламда ислоҳ қилиш шароитида шаклланди. Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳар йили ўртача 6,2 фоизга, умуман, таҳлил қилинган даврда эса 1,5 баробардан кўпроққа ўсди. Бу саноатнинг иқтисодий ўсиш «драйвери» сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш имконини берди. Саноатнинг ЯИМ таркибидаги улуши 2017-йилдаги 22,2 фоиздан 2024-йилда 26,4 фоизгача ошди.
Ушбу ривожланиш даврининг ўзига хос хусусияти ишлаб чиқариш тармоқларининг фаол ўсиши ҳисобига саноатнинг хомашё тузилмасидан янада диверсификацияланган тузилмасига ўтиш бўлди. Ишлаб чиқариш саноати 2017-йил даражасига нисбатан 1,6 баробар ўсди ва саноат умумий ҳажмининг 85 фоизидан ортиғини ташкил этди. Бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг яхши ўсиш кўрсаткичларидан биридир.
Ишлаб чиқариш тармоқларини устувор ривожлантиришга қаратилган сиёсат бозорда тармоқ «етакчилари»нинг шаклланишида ёрдам берди. Таҳлил натижаларига кўра, автотранспорт воситалари ва электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2,9 баробар, тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечакларни ишлаб чиқариш 2 баробар, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1,5 баробар ошди. Хомашёни чуқур қайта ишлашга ўтиш ҳисобига металлургия тармоғида ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробар, қурилиш материаллари саноатида 1,7 баробар ошди.
МҲТИ мутахассислари томонидан Саноат маҳсулотлари Экспорт диверсификацияси индекси (DI) ҳисоблаб чиқилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ишлаб чиқариш тармоқларининг ривожланиши тор ихтисослашувдан янада диверсификацияланган маҳсулотлар савати экспортига ўтишга катта ҳисса қўшди.
Диверсификация индекси (DI) Херфиндал-Хиршман индексининг (HHI) тескари қийматини ифодалайди: DI = 10000-HHI. DI кўрсаткичи қуйидагича талқин қилинади: 8000 ≤ DI ≤ 10000 — оптимал диверсификация; 5000 ≤ DI < 8000 — диверсификациянинг ўртача даражаси; 2000 ≤ DI < 5000 — диверсификациянинг паст даражаси; 0 ≤ DI < 2000 — диверсификациянинг мутлақо паст даражаси.
Асосий ишлаб чиқариш тармоқларида Экспорт диверсификацияси индекси (DI) сўнгги даврда оптимал қийматларгача, шу жумладан тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечаклар экспортида 8 149,5 (+571,5), кимё маҳсулотлари экспортида 8 245,2 (+1 044,8) гача ошди. Металлургияда индекснинг 8 657,6 (+443,3) гача ўсиши мисни чуқур қайта ишлаш маҳсулотлари, шу жумладан мис симлар ва қувурлар экспортининг ўсиши ҳисобига таъминланди.
Ўсиш айниқса, автомобилсозлик, электротехника каби технологик соҳаларда сезиларли бўлмоқда. Автомобилсозлик саноатида автотранспорт воситалари моделлар қаторининг кенгайиши туфайли Экспорт диверсификацияси индекси юқори бўлган (6 335,6 (+4 420) тоифага жадал ўтиш кузатилди. Бироқ индекснинг энг юқори кўрсаткичи технологик ва мураккаб буюмлар ассортиментининг кенгайиши ҳисобига электротехника саноати (8 922,4 (+589,8)) да қайд этилди.
Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг нисбатан диверсификацияланган таркибига эришиш Ўзбекистонга Экспортнинг иқтисодий мураккаблик индекси бўйича жаҳон рейтингида ўз ўрнини яхшилаб, дунёдаги 145 та мамлакат орасида 80-ўринга кўтарилиш имконини берди.
Саноат сиёсатининг ўрта ва узоқ муддатли мақсадлари барқарор ишлаб чиқариш тузилмаларини ривожлантириш, янада технологик ва мураккаб маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш асосида мувозанатлашган экспорт саватини шакллантиришга қаратилган. Ушбу мақсадлар «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг асосий устувор йўналишларига, жумладан, экспорт ҳажмини 2 баробарга ошириш, технологик саноат маҳсулотлари улушини 32 фоизга етказиш ва миллий саноатнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш вазифаларига мос келади.