18.6 C
Узбекистан
Вторник, 29 апреля, 2025

Ўзбекистонда ер ислоҳоти: Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асослари ва унинг афзалликлари

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,480участниковПодписаться
- Advertisement -

Ўзбекистонда ер қонунчилиги соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар мамлакат тарихидаги энг муҳим ислоҳотлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Жадал глобаллашув шароитида барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишга эришиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, инвестициялар оқимини кучайтириш, ишбилармон доираларнинг ишончини мустаҳкамлаш ҳамда ерларни тўлақонли иқтисодий муомалага киритишда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

2019-йилга қадар ер давлат мулки ҳисобланиб, фуқаролар ва юридик шахсларга фақат фойдаланиш, эгалик қилиш ёки ижара ҳуқуқи асосида берилган бўлса, бугунги кунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусий мулк сифатида расмийлаштириш имконияти яратилди.

Сўнгги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратган ҳолда, ушбу йўналишда муҳим инқилобий қадамлардан бири бўлди.

Ислоҳотлар зарурати:

Ўзбекистонда яқин ўтмишгача ер участкалари давлат мулки ҳисобланиб,
ушбу ерлар юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун даврий фойдаланиш учун тақдим этилган. Аҳолига тегишли турар жой бинолари жисмоний шахсларнинг хусусий мулки саналса-да, қонунчиликка кўра улар жойлашган ер давлат ихтиёрида бўлган.

Ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқи кафолатларининг тўлиқ таъминланмаганлинги, улардан тўлақонли иқтисодий актив сифатида фойдаланиш имкониятларини чеклаб, уларнинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатар эди.

Шу сабабли, иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий мулк дахлсизлигини мустаҳкамлаш ва ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида
ер қонунчилигини ислоҳ қилиш, хусусан, ерга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш механизми жорий этилди.

Хусусан, 2019-йил 13-августда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш бўйича 552-сонли қонуннинг қабул қилиниши ерга мулк ҳуқуқини эътироф этишда илк қадам бўлди.

Мазкур ҳужжат кейинчалик такомиллаштирилиб, 2021-йилда янги таҳрирдагиси ва кейинчалик яна бир қанча қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусийлаштиришнинг моҳияти ва афзалликлари:

Ерларни хусусийлаштиришнинг асосий тамойилларидан бири бу мазкур жараён фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз хоҳишига кўра, ихтиёрийлик асосида амалга оширилиши ва уларни бунга мажбурлашнинг қатъий тақиқланишидир.  

Ўтказилган сўровлар ва тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ер мулкдорларида “ўзим яшаб турган ёҳуд фойдаланиб келаётган ер участкамни ҳеч ким бузмайди, шунча йиллардан бери фойдаланиб келяпман бундан кейин ҳам ҳеч ким тегмайди” деган фикр мавжуд.

          Лекин, 2022-йилда ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган.

          Қонун билан жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини ёки уларнинг қисмларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари белгиланган.

Бироқ, ушбу Қонуннинг амал қилиши жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб берилган. Бу эса ўз навбатида агарда ер мулкдори ўзига бириктирилган ер участкасини хусусийлаштириб оладиган бўлса, ушбу ерни жамоат эҳтиёжига олиш фақатгина мулкдор хоҳлаган миқдордаги маблағларни бериш эвазига амалга оширилади ёҳуд сотиш нияти бўлмаса, жамоат лойиҳалари ушбу ерда амалга оширилмайди.

Шу билан бирга, глобализация жараёнининг тобора ривожланиши, ҳудудларга кириб келаётган инвестициялар, барпо этилаётган янги бино ва иншоотлар, массивлар, ишлаб чиқилаётган шаҳарсозлик ҳужжатлари бугунги ҳолатни келгусида яхшилаш, ҳудудларнинг ташқи қиёфасини замонавий тусга келтириш ва ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда туман (шаҳар)ларни замонавийлаштиришга қаратилган.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнини соддалаштириш, шаффофлигини таъминлаш ҳамда инсон омилини камайтириш (коррупциянинг олдини олиш) мақсадида ерларни хусусийлаштириш учун берилган аризаларни “YERXUSUSIYLASHTIRISH” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кўриб чиқиш механизми жорий этилган.

Барчага маълумки, муқаддам мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган бўш ер участкаларининг ўзини сотиш имконияти мавжуд эмас, яъни ердан фойдаланувчи бўш ерини сотмоқчи бўлса, бу ерда бино иншоот қуриб кейинчалик ушбу бино иншоотни сотиш орқали ерни қўшиб сотиш амалиёти ҳозирги кунда кенг тарқалган.

Бу каби ҳолатларга дуч келмаслик ёки ортиқча сарф харажатларга йўлиқмаслик учун бу каби бўш ерларни хусусийлаштириб олиш орқали уларни бўш турган ҳолича олди-сотди қилиш имконияти вужудга келади ва бу имкониятлар қонунчилик меъёрлари билан тақдим этилган.

Бугунги кунда, республика бўйича ўзи эгаллаб турган ер участкаларини хусусийлаштириш иштиёқини билдирган 90 мингга яқин хусусийлаштириш субъектлари мавжуд. Бу рақамлар кун сайин ўсиб бормоқда. Чунки ерни хусусий мулк қилиб олиш ундан фойдаланувчига ернинг ҳуқуқий кафолати
ва хавфсизлигини
таъминлаш, иқтисодий активга айлантириш, мавжуд молиявий имкониятлардан фойдаланиш имкониятини беради.

Хулоса:

Мазкур ислоҳот шунчаки ерга эгалик шаклини ўзгартириш эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли институционал ва маъмурий ислоҳотларнинг таркибий қисми бўлиб, унинг туб негизида шахсий мулк дахлсизлиги ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини амалда кафолатлашга қаратилган тизимли ёндашув ётади. Юридик ва жисмоний шахслар учун
ер участкаларини иқтисодий оборотга тўлиқ киритиш, уларни эркин тасарруф этиш, олди-сотди, ҳадя қилиш, гаровга қўйиш каби мулкий муносабатларнинг объектига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.

Натижада, ер нафақат фойдаланиладиган ресурс, балки ҳақиқий бозор активи ва капитал манбаига айланмоқда, мулк эгаларининг ҳуқуқий кафолатлари ва иқтисодий имкониятлари сезиларли даражада кенгаймоқда.

Шахсий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш, ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, инвестицион муҳитни яхшилаш ва ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш орқали мазкур ислоҳот Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида барқарор ривожланиши, аҳоли фаровонлигини ошириш ва бизнес ҳамжамиятининг ишончини янада мустаҳкамлаш йўлидаги стратегик аҳамиятга эга муҳим қадамдир.

Диёр ЭРГAШЕВ,

Мaкрoиқтисoдий вa ҳудудий тaдқиқoтлaр институти

лoйиҳa рaҳбaри

Абдулаҳад НОДИРОВ

Мaкрoиқтисoдий вa ҳудудий тaдқиқoтлaр институти

бoш мутaхaссиси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Энди педагог кадрлар сиртқи таълимда ўқитилмайди

Ўзбекистонда энди педагог кадрларни тайёрлашда сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди. Бу кеча, 28 апрель куни қабул қилинган “Педагог...

Больше похожих статей

×