ФАО Ўзбекистонда яшил қишлоқ хўжалигини илгари суриб, яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватламоқда

Ўзбекистонда зарарли пестицидлардан фойдаланишни камайтиришга алоҳида э’тибор қаратилган ҳолда қишлоқ-озиқ-овқат секторида атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда. Атроф-муҳитнинг ёмонлашуви ва иқлим ўзгариши, айниқса, сув танқислиги ва тупроқ саломатлиги нуқтаи назаридан ортиб бораётган хавф-хатарларни келтириб чиқарар экан, мамлакат янада яшил ва барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларига катта аҳамият бермоқда.


Шу нуқтаи назардан, экотизимларни ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ернинг узоқ муддатли ҳосилдорлигини таъминлаш учун кимёвий манбаларга барқарор алтернативаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эга.Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ушбу ўзгаришни Яшил қишлоқ хўжалиги бўйича минтақавий техник платформа орқали қўллаб-қувватламоқда. Ўзбекистон Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан бир қаторда жорий стратегиялар ва сиёсатларнинг яшил қишлоқ хўжалиги тамойилларига — самарадорлик, инклузивлик, барқарорлик ва чидамлиликни таʼминлайдиган, шу билан бирга барча учун яхшироқ ишлаб чиқариш, овқатланиш, атроф-муҳит ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган тамойилларга қай даражада мос келишини баҳолаш учун пилот мамлакатлардан биридир.
Бу ҳаракатларга қўшимча равишда, Ўзбекистон ҳукумати 2025-йилни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили деб эʼлон қилди. Ушбу миллий фаолият Ўзбекистоннинг янада барқарор ва мустаҳкам келажакни таʼминлаш бўйича ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда ҳамда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак” лойиҳаси амалга оширилмоқда.


Ушбу лойиҳа доирасида 2025-йил 15-апрел куни Ўзбекистонда атроф-муҳит муҳофазаси ва пестицидлардан фойдаланишни камайтириш мақсадида яшил қишлоқ хўжалиги бўйича миллий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қошидаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган аналитик назорат маркази директори Ровшан Файзиев Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига, айниқса чучук сув ресурслари миқдори ва сифатига салбий таʼсирга жуда заиф эканлигини таʼкидлади. «Иқлим бўйича миллий ҳаракатлар табиий ресурсларнинг самарадорлигини ошириш ва деградациясини тўхтатиш учун агроозиқа тизимларини экологизациялашни ўз ичига олган ҳолда яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича ҳаракатлар билан бирга олиб борилмоқда», — деб тушунтирди Файзиев.
Озиқ-овқат тизимларида экологик муаммоларни ҳал қилишда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурати «яшил қишлоқ хўжалиги» тушунчасини яратишга олиб келди, дея таъкидлади ФАО Қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассиси Таниа Сантиванез, лойиҳанинг етакчи техник ходими. «Яшил қишлоқ хўжалигига ўтиш ҳамкорликдаги ёрдам, салоҳиятни ошириш, технологияларни узатиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш орқали асосий ўзгаришларни талаб қилади. Ушбу семинар доирасида биз Ўзбекистонда иқлим барқарорлигига эришиш, кимёвий воситалардан фойдаланишни камайтириш ва қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш йўлларини муҳокама қилиш имкониятини топдик», — деди Таниа Сантиванез.


ФАО ушбу ўзгаришни қўллаб-қувватлаш учун миллий ва халқаро ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликда ишлашни давом эттиради, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг янада барқарор келажагига ҳисса қўшадиган экологик жиҳатдан хавфсиз ечимларни ривожлантиради.