Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) профессор-ўқитувчилари мактаб битирувчиларини касбга йўналтириш бўйича доимий саъй-ҳаракатда эканлигини тан олиш лозим. Бундан кўзланган мақсад ёшларни SIUT, унинг таълим йўналишлари, салоҳияти билан таништириш, касб танлашга йўналтириш ҳамда олий таълим сари дадил қадам ташлашга илҳомлантиришдан иборат.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида умумтаълим мактаблари касб ўрганиш истагидаги битирувчиларининг давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизимни жорий этиш вазифаси белгиланган.
Ёшлар келажаги учун, уларни ўз иқтидори ва малакасига мувофиқ тўғри йўлдан боришга, ўзига мос касб танлашга йўналтириш учун олий таълим муассасалари олдида ҳам муҳим ва ўта масъулиятли вазифалар турибди. Буни яхши англаган профессор Юсуф Абдуллаев раҳбарлигидаги Самарқанд халқаро технология университети жамоаси умумтаълим мактабларига ташриф буюриб, юқори синф ўқувчилари билан бу йўналишда мунтазам тизимли мулоқотлар олиб бормоқда.


Навбатдаги учрашув куни кеча Самарқанд шаҳридаги 43-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари ва мактабнинг 11-синф ўқувчилари иштирок этдилар. Ушбу таълим даргоҳи француз тилига ихтисослашган бўлганлиги сабабли учрашувда янги ўқув йилида ўз фаолиятини бошлайдиган Француз олий муҳандислик мактаби (French Higher School of Engineering) ҳақида батафсил маълумот берилди. Ёшлар замонавий муҳандислик, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, тадбиркорлик ва бошқа истиқболли соҳалар билан таништирилди.
Учрашувда университет ректори, профессор Юсуф Абдуллаев сўзга чиқиб, сўнгги уч йил давомида SIUTда амалга оширилган ишлар, ютуқлар ва истиқболдаги режалар ҳамда мавжуд таълим йўналишлари, жумладан, Француз олий муҳандислик мактабидаги таълимнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритди. Мазкур муҳандислик мактаби Франциянинг илғор таълим моделлари асосида ташкил этилган бўлиб, талабалар геология, кончилик иши, нефть-газ муҳандислиги ва кимёвий технологиялар каби йўналишларни чуқур ўзлаштириш имконига эга бўлишади.


Учрашув давомида SIUTнинг хорижлик профессор-ўқитувчилари Тиллар департаменти директори профессор Joseph Stark (АҚШ), Математика ва физика фанлари кафедраси мудири, профессор Jimbo Claver (Камерун) ҳамда Yahia Ouahmed Meziane (Франция)нинг чиқишлари битирувчиларга катта қизиқиш уйғотди ва ўқувчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
“Бугунги мактаб ўқувчилари – эртанги муҳандислар, ихтирочилар, технологлар. Сизлар ҳозирданоқ дунёқарашингизни кенгайтиришингиз, имкониятларни илғаб олишингиз керак. Биз эса бунга кўмаклашишга доим тайёрмиз,” – дейди профессор Jembo Henri.
Профессор Ю.Абдуллаевнинг таъкидлашича, ушбу учрашув француз тилига ихтисослашганлиги сабабли 43-ИДУМ жамоаси учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. “Эндиликда мактаб битирувчилари ўзлари мукаммал ўзлаштирган француз тилини замонавий муҳандислик билимлари билан уйғунлаштириш имкониятига эга бўлишади, – дейди SIUT ректори. – Университетимиз ушбу ташаббусни давом эттиради. Яқин кунлар давомида вилоятимиздаги 105-, 88-, 98-, 70- ва 29-мактабларда ҳам шундай учрашувлар ўтказамиз”.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз