Тошкент шаҳридаги Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат марказида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбир БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамкорлигида “Пандемия жамғармаси (Ўзбекистон): Марказий Осиёда ягона саломатлик ёндашуви орқали пандемияга тайёргарлик ва жавоб чоралари” қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилди. Семинар-тренинг республикамизнинг барча ҳудудларидан ва Қорақалпоғистондан 30 га яқин озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган.
Маълумки, озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ер юзида иқлим ўзгаришининг натижасида юз бераётган табиий офатлар, ерларни суғориш учун сув танқислиги, қурғоқчилик каби вазиятлар озиқ овқат маҳсулотлари етиштиришни қийинлаштирмоқда. Шунинг учун ҳам бутун дунёда озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига жуда катта аҳамият берилмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда айниқса қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади.
Бўлиб ўтган семинар-тренингда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликни, синов ва калибровка лабораторияларига қўйиладиган талабларни чуқурроқ тушуниш ҳамда замонавий ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар микотоксинлар, антибиотиклар ва микробиологик ифлосланиш каби хавфли моддаларни назорат қилиш ҳамда истеъмолчилар саломатлигини таъминлаш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилишди.
Тренинг доирасида қуйидаги мавзу ва йўналишларга эътибор қаратилди:
- Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро ва миллий стандартлар, жумладан, ISO/IEC 17025:2019 талабларини амалиётга татбиқ этиш;
- Ифлослантирувчи моддаларни назорат қилиш усуллари ва уларнинг лабораторияда таҳлили;
- Ветеринария дори воситаларининг қолдиқларини аниқлаш ва уларни назорат қилиш;
- Ишлаб чиқариш объектларида гигиена талабларини таъминлаш ва мониторинг қилиш.
Амалий машғулотлар ва маҳорат дарслари озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро эксперт доктор Марко Яукович ва ФАО мутахассислари томонидан ўтказилди. Интерфаол форматда ўтган тадбир иштирокчиларга ўз тажрибаларини ўртоқлашиш ва профессионал кўникмаларини мустаҳкамлаш имконини берди.
Семинар-тренингда давлат ташкилотлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги лабораториялари мутахассислари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича назарий ва амалий билимларини янада бойитишди. Тадбир сўнгида иштирокчиларга сертификатлар берилди.
Мазкур семинар-тренинг Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида муҳим қадам бўлди.