Кириш
Энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги, айниқса, Ўзбекистон каби жадал ривожланаётган мамлакатларда долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиёти ва инфратузилмасини модернизация қилиш, аҳоли сонининг ўсиши билан бирга, энергияга бўлган талабнинг ошиши кузатилмоқда, бу эса ўз навбатида табиий ресурслар ва экотизимга бўлган босимни кучайтирмоқда. Ўзбекистонда 2023-йилда аҳоли жон бошига электр энергияси истеъмоли 2016-йилга нисбатан деярли 1,2 баробарга [1] ошган.
Юқори энергия истеъмоли муаммосини фақат энергия тежамкор технологиялар ва тоза энергияни тарғиб қилиш орқали ҳал қилиш қийин. Энергияни тежаш бутун аҳолининг умумий мас’улияти бўлиб, одамларнинг энергия исте’моли одатларини ўзгартириш энергетика ва атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилиш имконини беради [2]. Ёшлар, айниқса, талабалар ўртасида энергияни тежаш усулларидан хабардорлик барқарор одатларни шакллантиришда асосий ўрин эгаллайди.
Кўплаб тадқиқотлар энергияни тежаш борасидаги са’й-ҳаракатларда ёшларнинг муҳим та’кидлайди. Жаҳонда энергияга бўлган талабнинг ортиб бориши шароитида ёшларда энергия тежамкор одатларни шакллантириш зарурати тобора долзарблашиб бормоқда. Ёшлар — ўзгаришларга мослаша оладиган ва барқарор ривожланишга узоқ муддатли ҳисса қўшадиган асосий сегмент сифатида қаралади. Тадқиқотчилар таъкидлаганидек, ёш авлодлар ўртасида энергияни тежаш муҳимлиги ҳақида хабардорликни ошириш энергия сарфини камайтириш ва атроф-муҳитга таъсирни юмшатишга қаратилган барқарор амалиётни сақлаш йўлидаги асосий қадам сифатида ҳисобланади
[3]. Ёшлар энергия истеъмоли юқори бўлган гуруҳ бўлиб, бу уларни энергия тежаш ташаббуслари ва таълим дастурларини амалга ошириш учун мақсадли аудиториядан бирига айлантиради
[4].
Тадқиқот методологияси
Тадқиқотда Ўзбекистон талабаларининг энергияни тежаш масалаларидан хабардорлик даражасини аниқлаш учун онлайн сўровномадан фойдаланган ҳолда миқдорий ёндашувдан фойдаланилди. Сўровнома турли академик фанларни қамраб олган 22 та университет (шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг 12 та вилоятидаги университетлар) талабалари ўртасида ўтказилди. Сўровномада қулай танлов усули қўлланилди, бу бутун республикадаги турли университетлардан та’лимнинг турли даражалари (бакалавриат ва магистратура) талабаларини қамраб олиш имконини берди. Бундай ёндашув шунга ўхшаш тадқиқотларда қўлланиладиган методологияларга мос келади
[5]. Сўров талабаларнинг энергия тежаш бўйича хабардорлигини баҳолашга қаратилган 16 та саволдан иборат тузилган сўровномани ўз ичига олди. Сўровнинг асосий бўлимлари қуйидагилардан иборат:
Демографик ма’лумотлар: Турли тенденсияларни таҳлил қилиш учун ўқув йили (та’лим босқичи), та’лим даражаси, жинси ва доимий яшаш жойи тўгрисида маълумотлар;
Харажатлардан хабардорлик: Талабаларнинг электр энергияси, сув ва газ харажатлари ҳақида хабардорлик даражасига оид саволлар;
Тарифларни билиш ва уларнинг та’сири: Талабалар электр энергиясининг жорий тарифларини билиш-билмасликлари ва нархларнинг ошиши уларнинг энергияни тежашга бўлган муносабатига қандай та’сир қилишини аниқлашга қаратилган саволлар;
Энергияни тежаш бўйича чора-тадбирлар: Талабалар энергияни тежаш бўйича чора кўрадими ва аниқ қандай чоралар кўради;
Энергия тежаш чораларини кўриш учун мотивация ва тўсиқлар: Талабалар нима сабабдан электр энергиясини тежаш чораларини кўриши ёки аксинча, нима сабабдан ҳеч қандай ҳаракат қилмаслигини аниқлашга имкон берадиган саволлар;
Давлат дастурлари ҳақида хабардорлик: Сўров иштирокчиларининг Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш бўйича миллий стратегия ва дастурлар ҳақида хабардорлигини баҳолаш;
Хабардорликни ошириш чоралари: Исте’молчиларнинг энергияни тежаш масалалари бўйича хабардорлигини ошириш чора-тадбирларига оид саволлар.
Тадқиқот натижалари
Ишлаб чиқилган сўровномада республика бўйича 22 та олий та’лим муассасасидан 7 215 нафар респондент иштирок этди. Ўтказилган тадқиқот доирасида респондентларнинг энергия тежаш масалалари бўйича билим даражаси ва одатларида сезиларли фарқларни кўрсатувчи комплекс таҳлил амалга оширилди:
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 62,6 фоизи оиланинг электр энергияси, сув ва газ харажатлари ҳақида қисман хабардор эканликларини билдиришган, бу эса, ўз навбатида, аксарият талабаларнинг оиланинг энергия ресурслари харажатлари ҳақида нисбий хабардорлигини кўрсатади. Шу билан бирга, талабаларнинг 16,6% бу харажатлардан хабардор эмаслигини, 20,8% респондентлар харажатлар ҳақида хабардор ва барча тўловларни ўзлари амалга оширишини та’кидлаб ўтдилар. Шу билан бирга, сўровда қатнашган талабаларнинг 46% электр энергияси тарифларининг жорий нархини билишади.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, юқори курсга ўтиш билан талабалар электр энергияси, сув ва газ харажатлари ҳақида кўпроқ хабардор бўлишади: харажатлар ҳақида биладиган ва мустақил равишда ҳақ тўлайдиганларнинг улуши аста-секин ўсиб бориши (1- ва 4-босқичларда мос равишда 14,2% ва 33,2%), параллел равишда бу масалага қизиқмайдиганлар улуши қисқариши ҳам (1-босқичда 21,2% дан 4-босқичда 11,1% гача) кузатилмоқда. Бу эса ёш авлоднинг ҳаётий муҳим ресурсларга сарф-харажат масаласида қизиқиши ва мас’улияти ортиб бораётганидан далолат беради.
1-rasm. O‘quv kurslari kesimida talabalarning elektr energiyasi, suv va gaz xarajatlari haqida xabardorlik darajasi
- Tahlil shuni ko’rsatdiki, respondentlarning 47,8 foizi energiyani tejash masalalari bo’yicha xabardorligini yaxshi, 40,7 foizi esa o’rtacha darajada deb baholaydi. Respondentlarning atigi 8 foizi ushbu masalalar bo’yicha kam ma’lumotga ega ekanliklarini ta’kidladilar, bu umuman olganda talabalar o’rtasida xabardorlik darajasi ancha yuqori ekanligini ko’rsatadi (respondentlarning 3,6 foizi ushbu mavzuga qiziqmaydi). Agar 1-kurs talabalari orasida respondentlarning 45,6 foizi energiya tejash tushunchasi va tamoyillaridan xabardorligini yuqori deb hisoblasa, 4-kurs talabalari orasida bu respondentlarning 52,9 foizini tashkil qiladi. Olingan natijalar bilimlarning izchil to‘planishi va o‘quv jarayonida ushbu mavzuni idrok etishning o‘zgarib borayotganidan dalolat beradi, bu esa barqaror rivojlanish va energiya tejash masalalarini oliy ta’lim muassasalarining o‘quv dasturlariga kiritish muhimligini ta’kidlaydi.
- Talabalarning elektr energiyasi tariflari o‘sishini idrok etishlarini o‘rganish shuni ko‘rsatdiki, 35,8% respondentlar narxlarning o‘zgarishi ularning kundalik energiya iste’moli odatlariga sezilarli ta’sir ko‘rsatishini ta’kidladilar. Bu yosh avlod elektr energiyasi tariflari narxining oshishini tejashga rag‘bat sifatida ko‘rayotganidan dalolat beradi. Shu bilan birga, respondentlarning 28,7 foizi bu masala haqida o‘ylamaganliklarini ta’kidladilar, bu esa energiya resurslaridan nooqilona foydalanish oqibatlarini tushuntirishga qaratilgan axborot kampaniyalarini o‘tkazish zarurligini ta’kidlaydi. Respondentlarning 17,9 foizi elektr energiyasi narxlarining oshishi ularning energiyani tejash bo‘yicha kichik choralar ko‘rishiga yordam berishi mumkinligini aytishgan, talabalarning taxminan shunday nisbati — 17,5 foizi tarif narxlarining oshishi ularning elektr energiyasidan foydalanish odatlariga katta ta’sir ko‘rsatmaydi deb hisoblashadi.
- Respondentlarning aksariyati (85,2%) elektr energiyasini tejash bo‘yicha turli chora-tadbirlar ko‘rayotganini ma’lum qildilar. Talabalar orasida eng keng tarqalgan chora-tadbirlar (2-rasm) yorug‘likni kerak bo‘lmaganda o‘chirish (92,6%), energiya tejamkor lampalar va kichik quvvatli asboblardan foydalanish (63,1%), shuningdek, elektr jihozlaridan foydalanilmaganda ularni o‘chirish (72,9%) hisoblanadi. Bu esa talabalarning energiya tejamkorligi bo’yicha oddiy, ammo samarali chora-tadbirlar haqida xabardorlik darajasining yuqori ekanligini ko‘rsatadi. Jumladan, respondentlarning 28,6 foizi energiya tejamkor maishiy elektr jihozlaridan foydalanishni, talabalarning 42,7 foizi energiya tejash jarayonlariga oila a’zolarini jalb qilishlarini ta’kidlagan, bu amaliyot uy xo’jaligi doirasida jamoaviy mas’uliyatdan dalolat beradi.