Тошкент, Ўзбекистон — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда майда шохли ҳайвонлар ўлати (МШҲЎ) вирусининг мавжуд ёки йўқлигини аниқлашга қаратилган актив серомониторинг лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу тадбир мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва чорвачилик саноатини ҳимоя қилишда муҳим қадам ҳисобланади.
МШҲЎ ёки «эчки вабоси» сифатида машҳур бўлган ушбу касаллик, майда кавш қайтарувчи ҳайвонлар, яъни қўй ва эчкиларга жиддий таҳдид солади. Касалликни келтириб чиқарувчи вирус — Morbillivirus авлодининг ва Paramyxoviridae оиласига мансуб бўлиб, юқумлилиги юқори даражада. Касалланган ҳайвонларда иситма, оғиздаги яралар, диарея ва пневмония белгиларини кузатиш мумкин, бу эса кўп ҳолларда ўлимга олиб келади. Касаллик зарарланган ҳайвонлар, ифлосланган материаллар ёки аэрозоллар билан бевосита контакт орқали тез тарқалади, ўлим даражаси эса 90% гача бўлиши мумкин.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларидаги ветеринария мутахассислари учун махсус ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Тренинглар давомида ветеринар мутахассисларга вакуумли пробиркалардан фойдаланган ҳолда қон намунасини тўғри олиш ва уларни лабораторияга юбориш бўйича кўникмалар берилади. Ушбу серомониторинг мамлакат бўйлаб чегара ҳудудларидаги 117 та қишлоқни қамраб олади.
Чегара ҳудудларида ветеринария мутахассисларини ўқитиш, касаллик юқиши хавфи юқори бўлган жойларда касалликка қарши курашда муҳим қадамдир. Ушбу семинарлар ва кейинги серомониторинг тадбири орқали лойиҳа келгусидаги касалликлар тарқалиши хавфини аниқлаш, назорат қилиш ва камайтириш бўйича дастлабки чора-тадбирларни амалга оширишни мақсад қилади.
ФАО ва Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан чегара ҳудудларида ўтказилаётган ўқув сессиялари билан биргаликда ушбу серомониторинг лойиҳаси Ўзбекистоннинг чорвачилик соҳасини ҳимоя қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини кучайтиришда катта ҳисса қўшади. Шунингдек, бу лойиҳа Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда МШҲЎ дан холи давлат мақомига эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, касалликни йўқ қилишга қаратилган глобал ташаббусга ҳисса қўшади.