Шу кунларда фирибгарлар томонидан телеграм мессенжери орқали юқори лавозимларда ишловчи вазирлик, идора ва турли хил ташкилотлар раҳбар ҳамда масъул ходимлари номидан сохта профиллар яратилиб, қўл остидаги ходимларни алдаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Хабарга кўра, фирибгарлар корхона ёки ташклот раҳбари номидан телеграм мессенжерида сохта аккаунт очиб қўл остидаги ишчилардан бирига СМС ёзади. Мулоқот давомида ходим билан гуёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қизиқаётгани ва ундан (раҳбардан) баъзи маълумотларни сўрашганини айтади. Бироздан сўнг унга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими алоқага чиқишини маълум қилади.
Фирибгарнинг, яъни “ўз раҳбарини” гапларига ишонган ходим бир неча дақиқадан сўнг унга алоқага чиққан шахсга (гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили) сўраган барча маълумотларини бериб юборади. Бунинг оқибатида фирибгарлар тузоғига илинган ишчи-хизматчилар пластик карталаридаги пул маблағларидан айрилиб қолмоқда.
Агарда шу каби ҳолатларга дуч келган бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилиш сўралади. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади, дейилади хабарда.