2024-йилнинг октабр ойида Ўзбекистон сиёсий ҳаётида муҳим ҳодиса юз бериши кутилмоқда — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайловлар режалаштирилмоқда. Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар аввалгиларидан фарқли равишда аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорсионал) шаклида ўтказилади. Сайловчилар муайян номзодларга эътибор қаратган аввалги мажоритар тизимдан фарқли ўлароқ, янги форматда фуқаролар нафақат бир мандатли округлар бўйича номзодларга, балки мутаносиб тизим бўйича сиёсий партиялар учун ҳам овоз беришади.
27-октабрдаги сайловларда жами 4.8 млн. а’зосига эга қуйидаги бешта сиёсий партиянинг иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, марказ ва ўнг марказ деб эътироф этиладиган ЎзЛиДеП партияси мамлакатда ҳукмрон партия ҳисобланади. ЎзЛиДеПнинг асосий мақсади иқтисодиётни либераллаштириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ҳамда тадбиркорлар ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Консерватизм мафкурасидаги ўнг партия ҳисобланган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатда иккинчи обрўли партия ҳисобланади ҳамда миллий қадриятларни сақлаб қолиш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, макроиқтисодиётни ривожлантириш ва таълим-тарбияни кучайтиришни ўзининг асосий мақсади деб ҳисоблайди.
“Адолат” социал демократик партияси ҳамда Халқ демократик партиялари сўл партиялар ҳисобланиб, асосан ижтимоий тенглик ва адолат, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг заиф қатламлари ҳимояси сингари социал демократия мафкурасини илгари суришади. Шу билан бирга, мамлакатда яшил партия “Ўзбекистон экологик партияси” ҳам мавжуд бўлиб, энг ёш партия ҳисобланади ва атроф табиий муҳитни асраш, эко таълим ва эко маданиятни шакллантиришни ўзларининг асосий мақсади деб билади.
Қайд этиш жоизки, сайловлар сиёсий партияларнинг кучи ва давлатдаги позицияларига сезиларли таъсир ўтказади. Ўтган беш йилда деярли сиёсий рақобатни ҳис қилмаган Ўзбекистон халқи ҳамда мамлакат президентининг эътирозларидан келиб чиқиб, бу галги сайловларда сиёсий партиялар парламент ва маҳаллий кенгашлардан кўпроқ ўрин олиш ҳамда ўз обрўларини тиклаш мақсадида дадил ташаббуслар билан иштирок этишни мақсад қилган.
Шу билан бирга, мамлакатнинг янгиланган Конституциясида Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилиниши, шубҳасиз ижтимоий ривожланиш масаласини сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларидаги энг устувор йўналиш сифатида олдинга олиб чиқади. Яқинлашиб келаётган сайловларда бешта партия ҳам ўз устав ва қадриятлардан келиб чиқиб қуйидаги дастурларни тақдим қилмоқдалар.
ЎзЛиДеП партияси ижтимоий йўналиш, хусусан тиббиёт соҳасига инвестициялар киритиш, соғлиқни сақлаш учун бюджет кўламини ошириш, тиббий хизматлар учун кредитлар тизимини жорий этиш орқали фуқаролар учун янада қулай ва молиявий барқарор соғлиқни сақлаш тизимини яратиш мумкин деб ўйлайди. Та’лим йўналишида эса тадбиркорлар ва ишбилармонлар партияси мактабгача та’лим билан кенг қамраб олиш, ўқитувчилар маошини сезиларли даражада ошириш ва имтиёзли кредитлар орқали хусусий мактаблар сонини икки бараварга оширишга эътибор қаратмоқда. Ижтимоий ҳимоя йўналишида партия фуқароларга қулай уй-жой билан таъминлаш, ногиронликни аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ва ёшларга савдо ва замонавий касбларни ўргатишни таклиф қилмоқда. Шунингдек, Партия ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш учун микро-молия хизматларини кенгайтиришни ва аёлларнинг масофавий меҳнат ва рақамли тадбиркорлик бўйича кўникмаларини оширишни мақсад қилган.
“Миллий тикланиш” ДП эса соғлиқни сақлаш борасида тиббий суғурта тизимини такомиллаштириш ва миллат генофондини асраш каби ташаббусларни илгари сурмоқда. Шу билан бирга, партия та’лимни ўз сайлов олди дастурининг марказига қўйиб, ўқитувчиларни тайёрлаш, ўқувчиларни баҳолаш ва ўқув дастурларига маданий элементлар, жумладан, халқ ўйинларини киритишни, шунингдек, “электрон мактаб” тизимини тубдан ислоҳ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ижтимоий ҳимоя масалаларида партия эрта никоҳларнинг олдини олиш, меҳнат жамоаларида эркаклар ва аёлларнинг тенглигини та’минлаш, аёлларни кўпроқ оилада бўлиши учун мослашувчан иш соатларини жорий қилишни таклиф этмоқда.
Сўл партиялар, хусусан “Адолат” социал-демократик партияси ва Халқ демократик партияси платформалари эса соғлиқни сақлашда тенгликни та’минлаш, барча фуқароларнинг, хусусан, заиф аҳолининг арзон ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятини таъминлаш учун давлат томонидан тартибга солишга катта эътибор қаратмоқда. Таълим йўналишида эса “Адолат” СДП аёлларнинг илм-фан билан шуғулланишларини қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасаларида ҳарбий кафедраларни ташкил этиш, ҳар бир маҳаллада болалар учун спорт майдончалари яратиш ва минтақаларда ёшлар технопаркларини ташкил этиш сингари ғояларни илгари сурса, Халқ Демократик Партияси ўқувчиларга жамоат транспортида имтиёзлар тақдим этиш, ногиронлиги бўлган талабаларни қўллаб-қувватлаш ва олий таълим муассасаларида ётоқхона талабларини кучайтириш ҳамда синфлардаги ўқувчилар сонини қисқартириш орқали таълим сифатини яхшилашга ишонмоқдалар.
Ижтимоий ҳимоя икки партия сайлов олди дастурларининг марказидан ўрин олган бўлиб, бу борада “Адолат” СДП субсидияланган уй-жойларни сотадиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий обектларни сақлаб қолиш, ёлланма ишчилар ва меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, шунингдек, сифатли коммунал хизматлар билан та’минлаш сингари ташаббусларни илгари сурмоқдалар. Халқ демократик партияси эса ногиронлар учун қулай иншоотлар ва хизматлар учун миллий стандартларни ишлаб чиқиш, доимий парваришга муҳтож болаларга ғамхўрлик қилаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш ва пенсия ва ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қондириши кераклигини та’минлашни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, улар пенсия ёшини оширмасдан, ҳозирги пенсия тизимини сақлаб қолишни ва қурилиш соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтиришни мақсад қилган.
Яшил партия эса ўзига хос равишда, бўлажак сайловларда табиатни асраш орқали халқ саломатлигини таъминлаш, таълим йўналишида эса экологик та’лимни мактаб ва мактабгача та’лим дастурларига киритиш, экологик хабардорликни ошириш ҳамда магистратура даражасида экологик журналистика ва ташқи экологик фаолият бўйича мутахассисликларни ривожлантиришни таклиф қилмоқда. Ижтимоий ҳимоя соҳасида энг ёш партия йўл инфратузилмаси учун ажратилган маблағнинг бир қисмини пиёдалар йўлакларини ташкил қилишга йўналтириш, шаҳарлараро велосипед йўллари учун инфратузилма яратиш, жамоат транспортидан доимий фойдаланадиган шахслар учун нархларни арзонлаштириш, канализация тозалаш иншоотлари бўлмаган корхоналарни фаолиятини тўхтатишни таклиф қилмоқда.
2024-йил октабр ойида бўлиб ўтадиган сайловларда сиёсий партиялар бир мақсад мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш учун турли хил ёндашувларни таклиф қилмоқдалар. ЎзЛиДеП ижтимоий-иқтисодий ўсишни бозор муносабатларига йўналтирилган ечимлар орқали давом эттиришга эътибор қаратаётган бўлса, “Миллий тикланиш” ДП ушбу соҳаларни маданий ва маърифий қадриятларга асосланиб амалга оширишни мақсад қилмоқда. Сўл партиялар, жумладан “Адолат” СДП фаровонликка қонун устуворлигини янада та’минлаш орқали эришмоқчи бўлса, Халқ демократик партияси давлат аралашуви орқали ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва тенгсизликни камайтиришни мақсад қилмоқда. Ўзбекистон Экологик партияси эса эркин ва фаровон ҳаётни яшил маданиятни кучайтириш орқали яратиш мумкинлигига ишонмоқда.
Бўлажак сайловлар Ўзбекистон Республикасининг демократик жиҳатдан вояга етгани, электорат сиёсий маданияти ошгани ҳамда партияларнинг ўз ўринларини мустаҳкамлашлари борасида яна бир имтиҳон вазифасини бажаради.
Азамат Нематуллаев
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мустақил изланувчиси