Ўзбекистоннинг Покистонга янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алишер Тўхтаев Исломободга етиб келди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Бу лавозимга тайинлангунга қадар Алишер Тўхтаев Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.
Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирги Тошкент давлат юридик университети) тугатгач, Ташқи ишлар вазирлиги, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Президент Администрациясида масъулиятли лавозимларда ишлаган.
Шунингдек, янги тайинланган элчи Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасида ҳам аввал маслаҳатчи, сўнгра раис ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Инглиз ва бошқа бир қатор хорижий тилларни билади.
Алишер Тўхтаев 2021–2024 йилларда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси лавозимида ишлаб келган Ойбек Усмонов ўрнига тайинланган.