Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида 2024 йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг бой салоҳиятидан фойдаланиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улар ўз имкониятларини рўёбга чиқаришида тажриба алмашиш мақсадида Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф қилган эди.
Шунга кўра, 2024 йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусида биринчи Осиё хотин-қизлари форуми ўтказилади. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Форумда Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари аъзолари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, аёллар ишбилармон доиралари вакиллари, сиёсатшунослар, ижтимоий фаоллар, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳалар вакиллари иштирок этадилар.
Форумдан кўзланган асосий мақсад – минтақада хотин-қизларнинг имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш, уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш, ҳозирги замонда давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ролини мустаҳкамлаш масалаларида тажриба алмашиш учун ўзига хос мулоқот майдонини яратишдан иборат.