Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги мактабда ўқитувчи хато қилган ўқувчиларини жазолашда шафқатсизлик қилиб, уларнинг қўлига игна ва “саморез” санчиб келгани маълум бўлди.
Воқеа тумандаги 277-мактабда содир бўлгани айтилмоқда.
Шаҳзода қизим мактабнинг биринчи синфида ўқийди. Унинг ўқитувчиси С.Р. болаларни жазолаш учун уларнинг қўлига игна, “саморез” санчиб, шафқатсизлик қилиб келган экан. Бу ҳақда ота-оналар яқинда билдик, — дейди ўзини Дилором Маҳмудова деб таништирган она.
Мурожаатчи онанинг билдиришича, ҳолат 2023—2024-ўқув йили бошидан бери такрорланиб келган.
Болаларимизга “бу ҳақда кимгадир айтсанг, бундан баттарини қилиб, қўлингга мих тиқаман” деб қўрқитган экан, — дейди она.
Яна бир суҳбатдошнинг маълумот беришича, ўқитувчи эндигина биринчи синфга чиққан ўқувчиларнинг хатоси учун шундай жазолаш усулини танлаган.
Биринчи синф ўқувчиси эндигина ҳарф таниётган бўлса, ўқитувчи болалар қилган ҳар бир имловий хато учун уларнинг қўлига игна ва “саморез” санчиб, болаларимизнинг жонини оғритган. Бу ҳолат анчадан бери содир бўлиб келган. Болалар қўрқитилгани учун бизга айтмаган, — дейди Муҳаммадамин исмли жияни шу мактабда ўқишини айтган суҳбатдош.
Билдирилишича, ота-оналар ҳолатдан норози бўлиб, бугун, 16 апрель куни мактаб директори қабулига кирган. Директор ҳолат у мактабда йўқ пайтида содир этилганини айтиб, “сувдан қуруқ чиқиш”га уринган.
Директор ўқитувчига ҳайфсан берганини айтди, ўқитувчи бўшаш ҳақида ариза ҳам ёзибди. Лекин хатосини тан олгиси йўқ. У шу йўл билан болаларимизни ўқитаётганини, билим бераётганини айтмоқда, — дейди ота-оналар.