21.4 C
Узбекистан
Суббота, 27 апреля, 2024

Самарқандда Наврўз байрами катта тантана билан, ўзига хос тарзда нишонланди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,270участниковПодписаться
- Advertisement -

Наврўз умумхалқ байрами бу йил Самарқанд шаҳрида ҳар йилдагига қараганда кенг қамровли ва катта тантана билан ўтказилди, десак хато бўлмайди. Наврўз тадбирлари кейинги йиллардаги анъанага биноан шаҳардаги Алишер Навоий номли истироҳат боғи ва шу ном билан аталувчи кўча ҳамда “Мўъжиза” амфитеатрида ташкил этилди. Шу билан бирга, биринчи марта Наврўз шодиёналари Сиёб ариғи оқиб ўтадиган ҳудуддаги маҳаллаларда ва  “Silk Road Samarkand” туристик марказининг “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилди.

Ўтган йили давомида Сиёб ариғи атрофи обод этилиб, самарқандликлар ва шаҳар меҳмонларининг сайр қиладиган ва ҳордиқ чиқарадиган жойига айлантирилди. Эски шаҳарнинг 72 та маҳалласи ана шу ҳудудда Наврўз байрами тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказди. Тантаналар маркази Сиёб ариғи оқиб ўтадиган Хожа Дониёр, Обираҳмат ва Боғимайдон маҳаллалари этиб белгиланган эди.

Ушбу ҳудудда байрам тадбири биринчи марта ўтказилаётганлигига қарамасдан, жуда серодам ва катта тантана билан ўтди. Уч минг йиллик тарихга эга бўлган Наврўз қадриятларини ўзида мужассамлаштирган анъаналар меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди. Фольклор гуруҳларининг чиқишлари, наврўзий таомлар, либослар кўргазмалари, спорт мусобақалари сайлга чиққанларни бефарқ қолдирмади.

Сайлгоҳга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида вилоят ва шаҳар раҳбарлари келганда, у ерда ҳозир бўлганлар улар атрофини ўраб олиб, Наврўзи олам муносабати билан дил сўзларин изҳор қилиш билан чекланмади. Вилоят ҳокимига Сиёб ариғи ҳудудини обод этиб, сайлгоҳга айлантиришда жонбозлик кўрсатгани учун миннатдорлик билдирилди. Бу оддий одамларнинг дилидан чиққан самимий сўзлар эди.

Дарҳақиқат, йиллар давомида баъзи жойларда Сиёб ариғи қирғоқ ҳудуди ўзбошимчалик билан айрим шахслар томонидан эгаллаб олинган, бошқа жойлари қаровсиз қолиб кетган эди. Соҳил бўйлаб бир-икки километр бемалол юришнинг ҳам иложи йўқ эди. Ҳозирга келиб, Сиёб ариғи ёқалаб 18 километр пиёда ёки велосипедда сайр қилиш мумкин. Бунинг учун барча шароит муҳайё: бетон ётқизилган озода йўлаклар, ўтирғичлар, спорт машқларин бажариш хоҳишида бўлганлар учун воркаут майдончалари. Энг асосийси, ҳудуднинг беғубор ва мусаффо ҳавоси даволайди ва кўнглингизга оромлик бахш этади.

Қадимий кентнинг ёнгинасида қад ростлаган ўзига хос шаҳарча – “Silk Road Samarkand” туристик марказининг “Боқий шаҳар” мажмуасида ҳам илк бора  Наврўз тадбирлари ўтказилди ва у ўзига хос такрорланмас тарзда ташкил этилди. Қадимий баҳор байрамининг анъанавий таомлари, турли халқ ўйинлари, ашула ва рақс намойишларидан ташқари “Наврўз Регата” деб номланган фестиваль доирасида Марказий Осиёда илк бор “Dragon Boat” қайиқларининг “Боқий шаҳар” сув ҳавзаси бўйлаб сузиши уюштирилди.

Тадбирнинг бошланиши соат 11-00 да белгиланган ва бу ҳақда кенг жамоатчиликка ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали хабар берилган бўлишига ҳамда тундаги кучли селдан сўнг эшкак эшиш канали соҳилида совуқ шамол эсаётганлигига қарамасдан, “Боқий шаҳар” эрталабдан томошабинлар билан тўла бошлади. Самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари оилалари билан бу ерга тўпланган эдилар.

Меҳмонлар ўз вақтини беҳуда кетмаганлигидан хурсанд эди. Буни уларнинг юз-кўзидан, ҳар бир томошадан завқланаётганлигидан, тадбирларда фаол иштирогидан билса ҳам бўларди. Фестиваль давомида Ўзбекистон ва Хитой ҳунармандларининг ярмаркаси, сумалак сайли, варраклар шоуси, ўзбек, хитой, корейс миллий ўйинлари ва чой маросимлари ўтказилди.

Фестивалда томошабинларни нафақат тажрибали санъаткорлар, балки Самарқанд халқаро технология университетининг ижодкор талабалари ўзларининг ёрқин чиқишлари, рақс ҳамда театрлаштирилган томошалари билан хурсанд қилишди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Самарқанд халқаро технология университети профессори Хосият Бобомуродова ўзининг жўшқин шеърлари ва элимиз ардоғига соҳиб бўлган  хонанда Зулфия Рашидова оромбахш қўшиқлари билан меҳмонларга завқ-шавқ бахшида этди.

Фестиваль доирасида Марказий Осиёда илк бор “Dragon Boat Regata”, яъни аждаҳо қайиқлари регатаси ўтказилди. Регата дегани эшкакли, елканли ёки моторли қайиқларда туркум пойгалардан иборат спорт мусобақаларини билдиради. Маълум бўлишича, аждаҳо қайиқлари пойгаси маросими Хитойда ҳар йили катта байрам сифатида нишонланар экан.

Фестиваль Самарқанд халқаро технология университети, “Silk Road Samarkand” туристик маркази, Шимолий-Шарқий энергетика университети (Хитой), “Стеклопластик” МЧЖ томонидан ташкил этилди. Жуда катта ва ўзига хос тадбирни уюштиришда бош-қош бўлган ва уни юқори савияда ўтказишда жонбозлик кўрсатган Самарқанд халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаев фестивалнинг аҳамияти ҳақида шундай дейди:

“Бу йилги Наврўз ўзига хос моҳият касб этди ва анъанавий тадбирлар қаторида янги томошалар билан халқимизни қувонтирди. “Silk Road Samarkand” туристик марказида ўтказилган фестивалнинг асосини “Наврўз регата” мусобақалари ташкил этди. Бунда Самарқанд вилоят байдарка ва каноэ федерацияси раҳбари, таниқли тадбиркор Ўктам Саидмуродовнинг хизматларини эътироф этишим лозим. Тадбиркор ўз маблағи ҳисобидан Хитойдан 5 та аждаҳо қайиғини олиб келди. Бундай кейин эшкак эшишнинг ушбу йўналиши бўйича ҳам халқаро мусобақаларда қатнишиш имкониятига эгамиз.

Биз ҳамкорлар билан ушбу тадбирларни аҳолини шу кунлардаги ҳаётдан завқланиб яшаши, розилиги йўлида амалга оширяпмиз. Бундай хайрли ишимизни келгусида ҳам давом эттирамиз”.

Доим изланишда, янгилик яратиш йўлида бўлган самарқандликлар барча байрам тадбирларини ана шундай ўзига хос тарзда ўтказишга ҳамда аҳолининг, кўплаб хорижлик меҳмонларнинг олқишига сазовор бўлишга ўрганиб қолишган.    

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Тошкентда 2 млрд сўм имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ё.М. (муқаддам...

Больше похожих статей

×