17.6 C
Узбекистан
Воскресенье, 19 мая, 2024

Жонли стриминг воситасидаги электрон харидлар бозори

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,340участниковПодписаться

Кириш

Рақамли асрда олди-сотди жараёнларининг анъанавий шакли тобора ўзгариб Интернет тармоғи орқали амалга оширилувчи электрон савдо улуши борган сари ортиб бормоқда. Жонли стриминг рақамли маркетинг арсеналидаги самарали воситага айланиб, бизнес эгалари учун аудитория жалб қилиш, брендни кенгайтириш ва бу орқали сотув ҳажмини оширишга ёрдам бермоқда.
Жонли стримингда маҳсулот тақдимоти жараёни жонли бўлганлиги сабабли, томошабинларни маҳсулот ёки хизматни харид қилишга ундовчи таъсирларни ошириш имконияти кенгаяди. Шу сабабли ҳам жонли стримингдан электрон тижоратни ривожлантириш учун янги авлод рекламалари сифатида фойдаланиш оммалашмоқда.

1. Жонли стриминг тушунчаси

2016 йил май ойида Alibaba компаниясининг Taobao Live хизматини пайдо бўлиши савдо соҳасини янги поғонага олиб чиқди. Хитойнинг чакана савдо гиганти жонли трансляцияни электрон тижорат дўкони билан боғлади, ҳамда томошабинларга бир вақтнинг ўзида томоша қилиш ва харид қилиш имконини яратди. Жонли эфир тезда харидорларнинг фаоллигини ошириш ва сотишни кўпайтириш учун ишончли рақамли воситага айланди.
1-ҳавола. Жонли стримингнинг онлайн стримингдан фарқи.Жонли стриминг (life streaming) бу реал вақт режимида видео контентни намойиш қилишдир.Онлайн стриминг (online streaming) – бу видео ва аудио контентни талаб бўйича истеъмол қилишдир. Яъни, фильм томоша қилиш ёки мусиқа тинглашда, мултимедиани ташкил этувчи маълумотлар браузерга кичик пакетларда юборилади ва қурилмада вақтинча сақланади.
«Жонли стриминг»ни «онлайн стриминг» ёки «видео воситасидаги савдо» тушунчалари билан чалкаштириб юбормаслик муҳимдир. Онлайн стриминг олдиндан ёзиб олинган видеони қулай вақтда томоша қилиш бўлса, жонли стриминг видеони реал вақтда кўриш демакдир.
Жонли стриминг қисқа муддатли амал қилиш чегирма купонларини таклиф қилиш орқали шошилинчлик туйғусини яратади ва қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиради. Таҳлиллар кўрсатадики, компаниялар бунинг натижадасида 30 фоизгача бўлган юқори конверсияга эришишлари мумкин – бу оддий электрон тижоратдан 10 баравар юқори.[1],[2]
2-ҳавола. Ҳисоб-китоб изоҳи.Агарда электрон тижорат платформаси бир ойда 1000 та ташриф буюрувчини қабул қилса ва 300 та савдони амалга оширса, конверсия даражаси 300/1000 га ёки 30% га тенг ҳисобланади.

McKinsey маълумотларига кўра жонли савдода энг кўп намойиш этиладиган маҳсулот тоифалари орасида кийим-кечак ва мода маҳсулотлари бўлиб, улар 36% улушни ташкил қилади. Ундан сўнг гўзаллик ва озиқ-овқат маҳсулотлари (7%), маиший электроника (5%) ва мебель ҳамда уй декорацияси деярли 4% ни ташкил қилади.[3]

Жонли стриминг воситасидаги электрон тижорат машҳурлигининг кескин ўсишига COVID-19 пандемияси ҳам туртки бўлди. Истеъмолчилар локдаун туфайли дўконларга ташриф буюролмадилар, аммо онлайн сотиб олишни давом эттириш талаби мавжуд эди. Жонли трансляциялар кишиларга жисмоний дўкондаги каби ўзларини қизиқтирган маҳсулотлар ҳақида саволлар беришга имкон берди.[4]

Жонли стримингнинг афзалликлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

  • мижозлар билан реал вақтда мулоқот қилиш имконини мавжудлиги боис харидорларга индивидуал ёндашув кўрсатилади ва улар билан мустаҳкам муносабатлар ўрнатиш имконини беради;
  • анъанавий савдо усуллари билан таққослаганда, иқтисодий самарадорлиги юқори. Яъни воситачилар билан боғлиқ қўшимча харажатлар ва фойда ставкаларини четлаб ўтиб, истеъмолчиларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконини беради;
  • юқори конверсия даражаси (ташриф буюрувчиларнинг харид қилиш улуши);
  • танловлар ташкил этиш орқали қизиқарли савдо жараёнини ташкил этиш имконияти ва бошқалар.[5]

Тадбирни жонли стриминг форматида ташкил қилиш учун компаниялар одатда истеъмолчиларни танлаш қарорига сезиларли таъсир кўрсатадиган шахс – жамоатчилик фикри этакчиси (Key Opinion Leader)ни жалб қиладилар. Маълум соҳада авторитет сифатида тан олинган бу киши томошабинларга компания маҳсулотлари ва хизматларини қўллаб-қувватлашини билдириб харид қилишга ундайди.

3-ҳавола. Жонли стриминг турлари ва афзалликлариМоделлар иштирокидаги бўяниш намойиши каби ўқув қўлланмалари нафақат томошабинларга маълум бир маҳсулотни қандай қўллаш ёки ундан фойдаланишни кўрсатиш, балки уни бошқа маҳсулотлар билан қандай бирлаштиришни таклиф қилиш, ўзаро сотиш имкониятларини очишда ҳам самарали.Тегишли сегментдаги таниқли ёки нуфузли шахс билан суҳбатлар маҳсулот тақдимотига қараганда кўпроқ шахсий, ҳақиқий ва самимий қабул қилинади ва хабардорликни ошириш учун фойдали бўлиши мумкин.Маҳсулот ёки компания тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи саҳна ортидаги видеолар жамоатчилик нигоҳидан яширинган жиҳатларни очиб бериши билан кишиларда катта қизиқиш уйғотиб бренд имиджини ва содиқлигини шакллантиришга ёрдам беради.Жонли аукционлар кишиларда маҳсулот атрофида шов-шувни яратиб, рақобат руҳини уйғотади ва бу орқали савдо ҳажмини оширади.

Форматидан қатъи назар, жонли муваффақиятли тадбирлар, ўйинлар, викториналар ва совринли ўйинлар каби интерактив элементларни ўз ичига олиши орқали томошабинларни жалб қилиш савдо ҳажмини оширишга имкон яратади. Аксарият тижорат трансляцияларининг асосий компонентини ўта қисқа давр мобайнида (30 сония) амал қилувчи купонлар ташкил қилади.[6]

2. Халқаро тажриба

Хитойда пайдо бўлган жонли стриминг воситасидаги электрон савдолар тезда глобаллашмоқда ва дунё бўйлаб жадал ривожланиб бормоқда. Ғарб давлатлари, шу жумладан АҚШ ва Европа, жонли стриминг тижоратига эътибор бериш ва унинг имкониятларини ўрганишни бошладилар. Amazon ва Alibaba каби электрон тижорат гигантлари ҳам жонли стриминг имкониятларини пайқаб ўз платформаларига мазкур имкониятни қўшдилар.

2.1. Хитой

Бугунги кунда Хитойнинг жонли стриминг бозори жадал ўсиш ва инновациялар даврини бошдан кечирмоқда.

Таҳлилларга кўра 2022 йил Хитойда жонли стриминг савдоси ҳажми 514 млрд АҚШ долларидан ортиқни ташкил қилган ва барча электрон тижорат сотувларининг 17% дан ортиғини ташкил этган.[7] Прогнозларга кўра мамлакатда 2023 йил якунига бориб жонли стриминг савдоси 562,6 млрд АҚШ долларига етиб, электрон тижорат чакана савдосининг 19,2%ни ташкил қилиши ва 2025 йилга бориб эса 843,9 млрд АҚШ долларгача етиши кутилмоқда.[8]

2022-йил феврал ҳолатига кўра, Хитойда 703 миллиондан ортиқ жонли стриминг фойдаланувчилари бор эди, бу мамлакатдаги умумий Интернет фойдаланувчиларининг тахминан 68,2%ни ташкил қилади. Ушбу кенг аудитория спорт, электрон тижорат, ўйинлар, реалити-шоулар, янгиликлар, таълим ва концертлар каби турли хил контентларни томоша қилади. Таҳлиллар кўрсатадики, жонли стриминг томошабинларининг деярли 60 тақдимот жараёнида ёки уни кўриб бўлгандан сўнг харидни амалга оширган.[9]

 2022 йилда аҳоли ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, мамлакатда жонли стриминг орқали электрон харидни амалга оширувчи кишиларнинг 74%и Taobao Live (Diantao) чакана савда сайтидан ва 51%и Duoyin (Tiktok) ижтимоий платформасидан фойдаланганлиги аниқланган.[10]   

Хитой аҳолисининг электрон савдолар борасида бошқа дунё давлатларидан фарқ қилувчи муҳим жиҳати, бу аҳолининг ижтимоий тармоқларига тижорат майдони сифатида қарашидир. Яъни Ғарб давлатлари ёки АҚШда ижтимой тармоқлар биринчи навбатда мулоқот учун фойдаланилса, хитойликлар унга маҳсулот сотиб олиш мақсадида киришади.[11] Хитойда жонли стриминг орқали савдонинг юқори суратларда ўсиши, мамлакатда чакана савдо товарларининг 25%дан ортиғи (ўртача глобал кўрсаткич 18%) интернет орқали амалга оширилиши билан ҳам боғлиқ.

McKinsey томонидан ўтказилган сўровнома натижалари Хитой жонли стриминг воситасидаги харидларниг оммалашуви бўйича биринчи ўринни эгаллаган. Респордентларнинг 87 ойига камида бир марта жонли харидларни амалга оширганини қайд этган бўлса, АҚШда бу кўрсаткич 43%Европада 52% ва Лотин Америкасида 64%ни ташкил қилган. Жонли стриминг воситасидаги электрон тижорат орқали сотилган маҳсулот турларининг оммалашув даражаси турли минтақаларда фарқ қилган. Жумладан, Хитойда фойдаланувчилар орасида озиқ-овқат маҳсулотлари сўнгги 12 ой ичида энг кўп сотиб олинган тоифа бўлса, Европа, АҚШ ва Лотин Америкасида энг машҳур тоифа бу кийим-кечак ҳисобланади.[12]

Таъкидлаш жоиз, АҚШ ва Европанинг кўпгина брендлари ҳам ўз маҳсулотларини Хитойнинг жонли стриминг бозорига тарғиб қилишни бошлаганлар, лекин уларнинг платформалари яқин йилларга қадар такомиллашмаган эди. Бу борада Instagram ва Facebook ўз платформасини онлайн трансляция орқали савдоларни амалга ошириш учун имкониятлар яратди, Tiktok ва YouTube ҳам жорий йилда қўшимча жонли савдо хусусиятларини киритмоқда.

Электрон савдоларининг жонли стриминг шаклини ривожи меҳнат бозорида ҳам катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда, жумладан янги турдаги юқори даромадли мутахасисликлар яралмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Хитойнинг жонли стриминг бошловчиларининг ойлик даромади 687 дан 1374 АҚШ долларни ташкил этмоқда ва натижада касбни хитойлик ёшлар орасида тобора оммалашиб бормоқда. 10 мингдан ортиқ ёшлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари кўрсатадики респондентларнинг 60%дан ортиғи жонли стриминг бошловчиси сифатида ишлашга қизиқиш билдирган.

2.2. Ҳиндистон

Харид қилиш ва фильмларга бўлган муҳаббати билан машҳур бўлган Ҳиндистон аста-секин жонли стриминг тижорат концепциясини қабул қилмоқда. Мамлакатдаги бу соҳада етакчи платформалар: Bulbul, Shop101, SimSim ва Trell ҳисобланади.

Аҳолиси 1,4 млрддан ортиқ бўлган Ҳиндистон ўзининг даромадлари ўсиб бораётган ўрта синф табақаси билан катта салоҳиятга эга бозор ҳисобланади. Смартфонлар ва Интернетга уланишнинг кенг тарқалиши омиллари ҳисобга олинса, бу жонли савдонинг ривожланиши учун идеал шароитларни яратади. KPMG ҳисоботига кўра, Ҳиндистонда жонли стриминг савдосининг ўсиш прогнозлари 2025 йилга келиб 5 миллиард АҚШ долларга етиши мумкин. Бундан ташқари, косметика ва шахсий гигиена товарлари сегменти энг катта ўсиши билан 1 миллиард АҚШ доллардан ошиши кутилмоқда.[13]

Электрон савдоларнинг ривожланишида Интернет қамрови муҳим омил ҳисобланади. Мумбай ва Деҳли каби мегаполисларда юқори тезликдаги интернетга кириш имкони яратилган, жонли стриминг тижорат сезиларли даражада оммалашган. Бироқ, қишлоқ жойларда Интернет алоқаси билан боғлиқ муаммолар минтақада электрон савдонинг ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун давлат ташаббуслари ва хусусий сектор инвестициялари орқали чекка ҳудудларда Интернетга уланишни кенгайтиришга ҳаракат қилинмоқда. Мамлакатда интернет қамрови кенгайгандан сўнг жонли стриминг тижорати сезиларли даражада ортиб, Ҳиндистон бозорининг чинакам салоҳияти намоён бўлиши кутилмоқда. [14]

2.3. АҚШ

АҚШда жонли стриминг воситасидаги электрон тижорат секинроқ ривожланди, аммо ҳозирда у тобора кучайиб бормоқда. 2023 йилда жонли стриминг савдолари ҳажми 31 миллиард АҚШ доллардан ошиши прогноз қилинмоқда (2021 йилга нисбатан қарийб уч баравар кўп). 2026 йилга бориб эса бозор ҳажми 67,8 миллиард АҚШ долларига етиши мумкин, бу бутун электрон тижоратнинг 5% дан кўпроғини ташкил қилади.

Мамлакатда тижоратчиларнинг чакана сотувлар учун  фойдаланиладиган платформалар ўрганилганида энг кўп оммалашган платформа Facebook Live эканлиги маълум бўлди. Ушбу платформадан респондентларнинг 55% фойдаланган. Кейинги ўринларни YouTube Live (52%), Instagram Live (46%) ва Amazon Live (30 %) эгаллаган. Бундан ташқари компанияларнинг 28%и ўз иловаси ёки сайти орқали жонли стримингларни намойиш қилади. Шунингдек, истеъмолчиларнинг жонли стримингдан савдо амалга оширишда фойдаланадиган платформалари ўрганилганда респондентларнинг катта қисми — 64%и Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқлари эканлигини таъкидлаган. Кейинги ўринларда YouTube ва TikTok (53%) видео алмашиш платформалари, Amazon (31%) каби онлайн-дўконлар эканлиги маълум бўлган. [15]

Янги саноат тармоқлари видео стриминг орқали савдони ўзлаштирмоқда. Уй-рўзғор буюмлари сотувчиларининг 41 жонли стриминг воситасидаги тижорат платформасидан фойдаланганликларини таъкидлашган. Шу билан бирга, озиқ-овқат, маиший электроника ва умумий истеъмол товарлари чакана сотувчиларининг 37 мазкур услубдан фойдаланишган. Реал вақт режимидаги стриминг савдолар ҳажми ошиши кутилаётганлиги сабабли, чакана сотувчилар ушбу маркетинг каналига кўпроқ маблағ сарфламоқдалар. 2022 йил Walmart ва Talkshoplive 8 та сотув платформаларини ишга тушириш орқали ҳамкорликни кенгайтирдилар. [16]

3. Келажак истиқболлари

Электрон савдо улуши чакана савдода тобора ортиб бормоқда. Прогнозларга кўра, 2025 йилга бориб глобал чакана электрон тижорат ҳажми 2022 йилдаги 5,71 трлн АҚШ долларидан 7,4 трлн. долларга етади.[17] Хитой тажрибасидан келиб чиқиб баҳоланса 2026 йилда 8,15 трлн АҚШ долларини[18] ташкил қилувчи глобал чакана электрон тижоратнинг 10-20%ини жонли стриминг ташкил қилиши мумкин.[19]

Жонли стриминг воситасидаги электрон тижоратнинг жадал ўсишига туртки бўлиб тобора такомиллашиб бораётган алоқа қурилмалари хизмат қилди. Эндиликда смартфон эгаларига исталган вақтда ва жойда онлайн харид қилиш ва турли савдо майдончаларига кириш осонлашмоқда. GSMA Intelligenceнинг сўнгги таҳлилига кўра, ҳозирда дунёда 5,56 млрд уяли алоқа абонентлари мавжуд ва бу дунё аҳолисининг 69,1%ни ташкил этади. 2022 йилнинг ўзида деярли 150 млн янги фойдаланувчи пайдо бўлиши туфайли мобил қурилма фойдаланувчилари сони 2,7%га ошган.[20]

Келажакда жонли стримингни қўллаш кўлами кенгайиб бориши билан соғлиқни сақлаш, машинасозлик, молия ва вақт ўтиши билан B2B сектори каби соҳаларни ўз ичига олиши мумкин. Ҳозирда ҳам, етакчи технология компанияларнинг бир қанчаси соғлиқни сақлаш билан боғлиқ контент ва хизматларни, маслаҳат ва учрашувларни ўтказиш учун жонли эфир платформасидан фойдаланишни режалаштирмоқда.[21]

Бундан ташқари “кенгайтирилган ҳақиқат” (AR) ва “виртуал ҳақиқат” (VR) технологияларининг ривожи сотиб олиш жараёнини янада қизиқарли қилиши ва харидорларга маҳсулотни ҳар томондан кўришга имкон бериши мумкин. Бeнга мисол сифатида AR технологиялари ишлаб чиқарувчиси Perfect corp билан биргаликда «гўзаллик мактаби» дастурига виртуал синов намуналарини киритган Ultra Beauty компаниясини келтириш мумкин. Келажакда харидорлар дўконда гаплашаётгандек шоу бошловчиси билан юзма-юз виртуал суҳбатлар ўтказишлари мумкин бўлади. [22]

4. Ўзбекистондаги бугунги ҳолат

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати электрон тижорат соҳасини ривожлантиришнинг 2023-2027 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси» да баён этилган электрон тижоратни ривожлантириш стратегиясини амалга оширишмоқда. Стратегия келгуси беш йил ичида рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Стратегия электрон тижорат компаниялари учун қулай муҳит яратишга қаратилган устувор йўналишларни белгилайди, жумладан, муваффақиятли рақамли трансформация учун салоҳият ва кўникмаларни ривожлантиришни кузда тутади. Бу Ўзбекистон компанияларига молиявий оқибатлари чекланган янги бозорларга кириш имконини беради ва уларнинг бизнес моделлари, жараёнлари ва операцияларини такомиллаштириш имкониятларини кенгайтиради. 

4-ҳаволаЭлектрон тижоратни ривожлантириш стратегиясиЭлектрон тижорат стратегияси Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан рақамли технологиялар вазирлиги, электрон тижорат ассоциацияси ва бошқа идоралар билан биргаликда Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан молиялаштириладиган халқаро савдо марказининг Trade Centre’s Ready4Trade Central Asia лойиҳаси кўмагида ишлаб чиқилган.

Мамлакатда ахборот иқтисодиёти ва рақамли тижорат секторининг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)даги улуши 2017 йилдаги 2,3% дан 2022 йилда 3,4% га ошиб, 27791,2 млрд сўмни ташкил этди. Бунда электрон тижорат улуши
35,1%, яъни 9756,4 млрд сўмни ташкил этган (ЯИМ даги улуш 1,2%).[23]

Ўзбекистонда электрон тижорат экотизими ва умуман рақамли иқтисодиёт ривожланишнинг дастлабки босқичида бўлса-да, ўсишнинг оптимистик траекториясига ҳисса қўшадиган бир қатор омиллар мавжуд: рақамлаштириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган Интернет инфратузилмасини такомиллаштириш, ахборот технологиялари паркини яратиш, рақамли тўлов хизматлари ва миллий онлайн бозорларни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар амалга оширилган.

Президентнинг 2018 йил 14 майдаги «электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига мувофиқ электрон тижорат соҳасида тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш мақсадида электрон тижорат субъектларининг Миллий реестри
“e-tijorat.uz” ташкил этилди.

Яқин келажакда рақамлаштиришни ривожлантириш векторини белгиловчи асосий дастурий ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг «рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳисобланади. Унга кўра, 2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 баравар ва ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 баравар ошириш, уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.

2015 йилда Президент қарори билан «электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг[24] янги таҳрири тасдиқланди. Бугунги кунда уни янада такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Электрон тижоратни ривожлантириш мақсадида 2018 йилда бир қатор ўзгаришлар қабул қилинди[25]:

— электрон чеклар, квитанциялар ва хабарлар товарлар (хизматлар) тўланганлигини тасдиқловчи квитанциялар, купонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади.;

— электрон тижорат субъектлари савдони амалга оширишда тадбиркорлик субъектларининг корпоратив банк карталари орқали ҳисоб-китобларни қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар;

— товарлар (хизматлар) ни жаҳон Интернет тармоғи орқали халқаро тўлов тизимлари воситасида битта инвойсда 5 000 АҚШ долларигача тўланган ҳолда экспорт қилиш харидорлар билан ёзма шартнома тузишни талаб қилмайди;

-виртуал терминаллар (э-ПОС) шунга ўхшаш касса машиналари ва ҳисоб-китоб терминалларига тенглаштирилади;

— электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) нинг умумий қийматидан мажбурий 15% олдиндан тўлаш талаби бекор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги қарори[26]  билан мамлакатда давлат муассасаси шаклида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш «рақамли ишонч» жамғармаси ташкил этилди. Жамғарманинг асосий вазифаларидан бири рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан «блокчейн»технологияларини жорий этиш соҳасидаги лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш учун инвесторларнинг маблағларини жалб қилиш ва бирлаштиришдир.

2022-йил сентябрь ойида қабул қилинган янгиланган электрон тижорат тўғрисидаги қонун Ўзбекистон электрон тижоратининг юқори салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади: электрон тижорат ассоциацияси маълумотларига кўра, электрон тижорат товарлари бозорининг потенциал ҳажми йилига тахминан 1,6 миллиард долларни ташкил этади. Мамлакат аҳолиси қарийб 36 миллион кишини ташкил этиб, ички бозорда ўзбек электрон тижорат фирмалари учун кенг мижозлар базасини яратмоқда. Мамлакат аҳолисининг 60% дан ортиғи 30 ёшдан кичик бўлганлиги сабабли, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва ёшларни иқтисодий фаолиятга жалб қилиш имкониятлари истиқболли кўринади.[27]

5. Амалий чора-тадбирлар

Ҳукумат томонидан жонли стриминг электрон тижоратни ривожлантиришда мамлакатдаги рақамли инфратиузилма қамрови, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини қилувчи қонунчилик, электрон маълумотлар хавфсизлиги ва электрон тўлов тизимлари такомиллашуви катта аҳамият касб этади.

Электрон тижорат қонунчилиги хавфсиз ва адолатли рақамли бозорни яратишнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. У онлайн савдонинг турли жиҳатларини, жумладан, транзакциялар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, махфийлик ва низоларни ҳал қилишни тартибга солувчи қонунлар ва сиёсатларни ишлаб чиқиш ва қўллашни ўз ичига олади. Электрон тижоратни тартибга солиш учун махсус ишлаб чиқилган комплекс норматив-ҳуқуқий базани яратиш лозим. У фақат рақамли савдога хос бўлган онлайн битимлар, электрон шартномалар ва бошқа ҳуқуқий жиҳатларни қамраб олиши керак.

Интернетда тузилган шартномаларнинг қонуний кучини таъминлайдиган электрон имзолар ва аутентификация усулларининг ҳақиқийлигини тан оладиган қонунларни такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Бунда истеъмолчиларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлайдиган ишончли ҳимоя қилиш қонунлари алоҳида эътибор талаб этади. Кибер таҳдидлардан нафақат истеъмолчилар, балким электрон тижорат платформаларини ҳам зарар кўриши мумкин. Шу сабабли, онлайн транзакцияларни ҳимоя қилиш учун киберхавфсизлик чораларини жорий этиш ва хавфсизлик стандартларини ўрнатилиш лозим. Бундан ташқари электрон тижорат платформаларида сотиладиган сохта маҳсулотлар ва фирибгарлик каби муаммоларни ҳал қилиш учун жавобгарлик механизмларини яратиш муҳим ҳисобланади.

Қонунчилик базасини ривожлантиришда лицензияланган дастурий таъминотдан фойдаланиш маданияти ва муҳитини яратиш орқали электрон савдоларни  ривожлантириш учун жуда муҳимдир. Бу нафақат хавфсизликни таъминлайди, балки хорижий инвесторлар учун жозибадорликни ошириши мумкин. Бундан ташқари мазкур тартибга солиш онлайн савдолар давомида амалга ошириладиган молиявий операцияларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат қилади.

Рақамли инфратузилмага сармоя киритиш электрон тижорат ва унинг таркибий қисми бўлмиш онлайн стриминг савдолари ҳажмини ўсиши учун жуда муҳимдир. Рақамли инфратузилма ўз ичига алоқа, онлайн транзакциялар ва бутун рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлайдиган технологик асосларни киритади. Шаҳар ва қишлоқ жойларидаги корхоналар ва истеъмолчиларга юқори тезликда Интернетга киришни таъминлаш ҳудудларда электрон транзакцияларни ошишига туртки бўлади. Бунга қўшимча равишда смартфон ва планшетлардан тобора кўпроқ фойдаланишни қўллаб-қувватлаш учун мобил тармоқ инфратузилмасига сармоя киритиш,  мобил интернет тезлигини ошириш ва 5G тармоғига уланишни жадаллаштириш лозим. Электрон тижорат операциялари натижасида ҳосил бўлган рақамли маълумотлар ҳажмини ортиб бораётганини ва уларни қайта ишлаш эҳтиёжини инобатга олган ҳолда хавфсиз сақлашни таъминлаш учун маълумотлар маркази инфратузилмаси яратиш мақсадга мувофиқ.

Аҳолининг рақамли саводхонлиги уларнинг электрон ҳаридларни амалга оширш қобилиятига чамбарчас боғлиқ. Технологиялардан самарали ва хавфсиз фойдаланишга ўргатиш учун рақамли саводхонлик дастурлари ижобий натижа бериши мумкин. Бунда кишиларда онлайн ҳаридларга ишончни ошириш учун, шахсий ва молиявий маълумотларни ҳимоя қилишни ўз ичига олган онлайн хавфсизлик усуллари билан таништириш лозим. Бу ўз навбатида онлайн хизматлардан, шу жумладан электрон тижоратдан фойдаланишнинг умумий даражасини оширади.
Шу билан бир қаторда Рақамли бизнесни, шу жумладан электрон тижоратни яратиш ва бошқариш учун зарур бўлган тадбиркорлик тафаккури ва кўникмаларини шакллантириш учун тадбиркорлик таълими дастурларини амалга ошириш лозим. Рақамли ечимлар, веб-сайтлар ва электрон тижорат платформаларини ривожлантиришга ҳисса қўшишга қодир бўлган малакали мутахассислар захирасини шакллантириш ҳам мамлакатда электрон савдолар кўламини оширишга хизмат қилади.
Логистика инфратузилмасининг ривожи электрон тарзда ҳарид қилинган товарларни етказиб бериш вақти ва нархини пасайтириш орқали электрон тижорат бозори жозибадорлигини оширади. Товарларни реал вақтда етказиб бериш қобилиятини кенгайтириш учун GPS-навигация, маршрутни оптималлаштириш ва реал вақтда кузатув тизимлари каби «ақлли» логистика технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш лозим. Электрон тижорат корхоналарига хизмат кўрсатиш учун омборлар ва буюртмаларни саралаш марказларини яратиш ёки рағбатлантириш етказиб бериш вақтини сезиларли даражада қисқартиради. Бугунги кунда мамлакатимизда Uzum ва Wildberries каби платформалар ўз тарқатиш пунктлари қамровини кенгайтирмоқда. Мазкур жараённи кучайтириш ва жадаллаштириш етказиб бериш вақти ва қулайлигини ошириш ҳамда аҳоли ўртасида онлайн ҳаридлар маданиятини шакллантиришга кўмак беради.
Инновацион марказларнинг ташкил этилиши жонли стриминг тижоратнинг ривожланишини сезиларли даражада рағбатлантириши мумкин, чунки у технологиялар, бизнес моделларини ривожлантириш ва электрон тижоратга хос таркибни яратиш учун шароит яратади. Тадқиқот ва ривожлантириш (R&D) инновацион марказлар электрон тижорат технологияларини, шу жумладан интерактив хусусиятларни, кенгайтирилган ҳақиқат (АR) ва виртуал ҳақиқат (VR) интеграциясини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни амалга оширишга ҳисса қўшади. Мазкур марказлар технология инноваторлари ва чакана савдо мутахассисларини бирлаштириб, стриминг савдо майдончалари учун инновацион ечимларни яратишга олиб келадиган ҳамкорликни осонлаштиради.

Абдусаттор Абдумўминов,
МҲТИ етакчи илмий ходими

Антон Костюченко,
МҲТИ лойиҳа раҳбари

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Узра Зея Ўзбекистонга ташриф буюради

АҚШ Давлат котибининг фуқаролик хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Узра Зея 19—23 май кунлари Остона ва Тошкентга...

Больше похожих статей

×