15.1 C
Узбекистан
Понедельник, 29 апреля, 2024

Судлар ҳисоботи қусурларимиз ойнаси: жиноятчилик ошиб бормоқда, судланганлар орасида аёллар ва вояга етмаганлар бор…

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,270участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқанд  вилояти судлари таҳлилига қараганда, 2023 йилда вилоятда жиноятчиликнинг фирибгарлик ва бошқа бир қатор турлари олдинги йилга нисбатан кўпайган. Жиноятчилар орасида аёллар ва ёшлар, жумладан вояга етмаганлар борлиги ўта ачинарли ҳолдир. Ушбу кўрсаткичлар жамиятимизда жиноятчиликка қарши олиб борилаётган кураш самарадорлигини юксалтириш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишларни яхшилаб таҳлил этиш билан бирга, маънавий-маърифий соҳада нималар қилиш кераклигини аниқ белгилаб олиш зарурлигини кўрсатмоқда. 

Самарқанд вилоят суди биносида “Самарқанд вилоят судининг 2023 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжумани бошланишидан аввал журналистлар учун бинонинг ўзида пресс-тур ўтказилди.

Судьяларнинг иш шароити қандай?

Бинони айланиб чиқишга журналистларга ҳамроҳлик қилган вилоят суди матбуот котиби Садриддин Набиев касбдошларини судьялар ҳамда суд мажлисининг бошқа иштирокчилари учун яратилган шарт-шароит билан таништирди.

Пресс-турни Маънавият хонасидан бошладик. Бу ерда бизни вилоят суди раиси Олим Ҳаитов кутиб олди ва ходимларнинг самарали ишлаши учун бинода яратилган шароит ҳақида гапириб берди. Хонада ўрнатилган янги, сўнгги русумдаги монтаж ускунаси ва унинг имкониятлари хусусида сўз юритиб, амалга оширилаётган ишлар ҳақида аҳолига тез ва ўз вақтида керакли ахборотни етказиш имконияти ошганини фахр билан тилга олиб ўтди.

Сўнгра судьялар хонасини кўздан кечирдик. Ҳар бир судьяга замонавий коммуникация воситалири билан жиҳозланган алоҳида хона ажратилган. Биз кирган хона тажрибали судья Баҳодир Алиқуловнинг иш жойи экан. Бу судьянинг номи бундан уч йил аввал деярли барча ОАВ ва ижтимоий тармоқларда янграган эди. Ўшанда Б.Алиқулов раислигидаги судьялар ҳайъати блогер Отабек Сатторийнинг аппеляция шикоятини кўриб чиққан эди.

“Бундан 25 йил аввал иш бошлаганимда бундай шароит қайда эди?! Битта хонада бир неча нафар судья ёрдамчилари билан ўтиришга мажбур эди. Ана шундай шароитда фуқаролар қабулини ҳам ўтказишга тўғри келарди. Энди бўлса ҳар бир судья ва унинг ёрдамчиси учун алоҳида хоналар ажратилган, улар яхши жаҳозланган, ишлашимиз учун барча шароит яратилган”, – дейди Б.Алиқулов. 

Шундан сўнг С.Набиев бизни суд мажлиси бўлиб ўтадиган хонага таклиф қилди. Бу ерда судланувчилар учун панжара билан ўраб олинган жой йўқ энди. Панжара ваҳима уйғотар ва кўзга жуда ёмон кўринарди. Ҳозир панжара ўрнига мустаҳкамланган шиша ўрнатилган.

Вилоят суди биносини айланиб чиқиб, шу хулосага келдимки, эндиликда судьлар учун шундай шароит яратлиганки, улар ўз диққат-эътиборини танҳо кўрилаётган ишни пухта ўрганишга ва  адолатли қарор чиқаришга қаратмоғи лозим.  

Суд тизимида юз берган янгиликлар

Матбуот анжумани давомида вилоят суди раиси дастлаб жорий йилнинг бошидан суд тизимида юз берган ўзгаришлар хусусида сўз юритди. Нотиқ 2023 йил суд-ҳуқуқ ислоҳотлари борасида ўта сермаҳсул бўлганлигини, жорий  йил ҳам қонун устиворлиги, адолат тантанаси йўлида қонунларни мукаммаллаштириш борасида катта ўзгаришлар билан бошланганлигини таъкидлади.

Суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди. Суд тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда  Жиноят, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, 2024 йил 1 январдан бошлаб вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида кўриш босқичи жорий этилди. Апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинди ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, ушбу судларнинг тафтиш инстанциясининг суд ҳужжатлари ва ушбу судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари, шунингдек Олий суд томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

“Кодексларга киритилган ўзгартиришлар суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади” – деди О.Ҳайитов.

Жиноятчилик бўйича аҳволимизга бир назар

Шундан сўнг вилоят судларининг 2023 йил давомида вилоят, туман, туманлараро (шаҳар) судлари томонидан одил судловни амалга ошириш борасида қилинган ишлар ҳақида сўзлаб беришди. Дастлаб вилоят суди раиси Олимжон Ҳайитов, сўнгра вилоят судининг ўринбосари, жиноят судлов хайъати раиси Толиб Бойзоқов, фуқаролик судлов ҳайъати раиси Зафар Аллабаев, иқтисодий судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Мамадияров, маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси Тоҳир Файзиев сўга чиқди.

Ўтган йили давомида судлар томонидан 6345 нафар шахсга нисбатан 5163 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Шундан 3850  та иш бўйича 4946  нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди. 1381 нафар шахсга нисбатан 1294 та иш тугатилган.  Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 457 тага ёки 9,7 фоизга ҳамда шахслар сони 427 нафарга ёки 7,3 фоизга кўпайган.

Судланган шахсларнинг 505 нафарини аёллар (шундан 102 нафари муқаддам судланган) ҳамда 2239 нафарини эркакларни (шундан 308 нафари муқаддам судланган) ташкил этади. Улардан 1698 нафари ёшлар, 137 нафари вояга етмаганлар ва 229 нафари 60 ёшдан ошганлардир.

2023 йил давомида судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 618 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинди. Шу даврда вилоят судларининг барча инстанцияларида 9 та жиноят иши бўйича 11 нафар шахслар оқланди. 1232 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан ЖКнинг 661-моддасига асосан тугатилиб, 1306 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди.

Юқоридаги рақамлардан маълум бўлдики, жиноятлар сони ўсиб бормоқда, жазо барчага ҳам дарс бўлмаяпти ва судланганлар томонидан яна жиноятга қўл урилмоқда. Жиноятчилар орасида ёшлар ва вояга етмаганлар ҳам борлиги энг ачинарли ҳолдир.

Инсонпарварлик намунаси сифатида ўтган йили давлатимиз томонидан 3419 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 1142 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган эди. Аммо кўрсатилган инсонпарварликни тўғри тушунмай, белгиланган тартибларни бузганлиги учун 587 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазолар оғирроғига алмаштирилди. Амалдаги тартибларни бузганлиги учун озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 179 нафар шахсларнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Жиноят ишларини судда кўришда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар билан ишловчи тузилмалар вакилларининг жамоат ҳимоячиси сифатида иштироки таъминланиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 54 нафар шахс ва Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 4 нафар шахс, жами 58 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Бу, ўз навбатида, аҳоли кўз олдида жамоат ташкилотлари обрў-эътиборининг юксалишига хизмат қилувчи муҳим омил ҳисобланади.

Очиқ ва мазмунли ўтган матбуот анжумани давомида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Фото: вилоят суди матбуот хизмати

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистонда никоҳдан ажралишлар сони очиқланди

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 1 апрель ҳолатига Ўзбекистоннинг демографик кўрсаткичлари статистик рақамларда қуйидагича ифодаланган: Аҳоли сони 37 миллионга етган...

Больше похожих статей

×