Бухоро шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Бухоро шаҳар «Ашхобод» кўчасида яшовчи фуқаро Х.Р.дан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда ёзилишича, 2018 йил 30 майда Бухоро шаҳар ҳокимияти «Buxara Eko Stroy Servis Plyus“ МЧЖ ҳамда фуқаро Х.Р. ўртасида келишув битими имзоланган. Унга кўра, шаҳар ҳокимлиги ”Buxara Eko Stroy Servis Plyus» МЧЖга бош режа асосида кўп қаватли турар-жой қуриш учун ер участкасини ажратиши эвазига бузилиши режалаштирилган, Х.Р.га тегишли уйни захирага қайтариб, якка тартибда уй-жой қуриш учун 400 кв.метр ер участкаси ажратилиши, МЧЖ эса қурилиш муддати давомида ижарада яшаш учун фуқарони уй-жой билан таъминлаш ва қурилиш ишлари тугаллангандан сўнг, мазкур объектдан 3 хонали таъмирланган уй-жойни бепул бериш мажбуриятини олган.
Шунингдек, жамият ва фуқаро ўртасида тузилган шартномага кўра, 2021 йил 26 январга қадар «Buxara Eko Stroy Servis Plyus» МЧЖ фуқарога Бухоро шаҳар Ибн Сино кўчаси 53-уйдан 101,5 кв.метрдан иборат хонадонни, 2021 йил 31 декабргача эса Ибн Сино кўчасидаги 50-уйдан 86 кв.метрдан иборат хонадонни топшириши керак бўлган. Аммо шартнома шартлари жиддий равишда бузилиб, жавобгар томонидан уй-жой ўз вақтида қуриб топширилмаган. 4 миллион сўмлик ижара пуллари ҳам тўланмаган. Натижада, фуқаро 5 йилдан бери уйсиз қолиб кетган.
Ушбу мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганилиб, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Суд қарорига кўра, жавобгар «Buxara Eko Stroy Servis Plyus» МЧЖдан фуқаро Х.Р. фойдасига 383 миллион 182 минг 592 сўм компенсация, 4 миллион сўм ижара ҳақи, 106 миллион 575 минг сўм миқдорида фоиз тўлови, 10 миллион сўм маънавий зарар, жами 503 миллион 757 минг 592 сўм ва почта харажатлари учун тўланган 30 минг сўм, шунингдек,19 миллион 750 минг 592 сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.
Манба:ЎзА