20.5 C
Узбекистан
Четверг, 18 апреля, 2024

Кластер ғояси: Бугуни ва келажаги Қуйи Чирчиқ мисолида

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,240участниковПодписаться
- Advertisement -

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кластер ғояси Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида биринчилардан бўлиб татбиқ этилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 974-сонли қарори асосан, «Tashkent Сotton Textile Cluster» (“ТCT Сluster”) МЧЖ билан ташкил этилган.

“ТCT Сluster” МЧЖ кўп тармоқли кластер бўлиб, унинг таркибида:

— пахта ва ғаллачиликка ихтисослаштирилган “ТСТ Agro Cluster”;

— шоличиликка ихтисослаштирилган “TCT Rice”;

— балиқчиликка ихтисослаштирилган “TCT Fish” кластерлари фаолият юритмоқда.

“TCT Rice”да кластер усулидашоли етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг тўлиқ саноат занжири яратилган. Натижада шу пайтгача, асосан, қўл кучи ва қўлбола ускуналардан фойдаланиб келинган шоличилик тармоғи саноатлаштирилди. Бунда инвестор томонидан умумий қиймати 25 миллиард сўмлик зиёд лойиҳа амалга оширилиб, Шолини қайта ишлаш ва сақлаш мажмуаси бунёд этилгани айни муддао бўлди.  

Туманнинг “Сурум” МФЙ ҳудудидаги қаровсиз бўлиб қолган ҳудудда ташкил этилган мажмуанинг умумий майдони 6 гектарга тенг. У ўзида хирмон майдони, умумий сиғими 15 минг тонналик 2 та ёпиқ омбор, шолини тозалаш ва қуритиш цехи ҳамда шолини қайта ишлаш замонавий заводини бирлаштирган.   

Кластер томонидан 2,5 минг гектардан ортиқ ерда шоли парваришланиб, олинган ҳосил шу ерда қайта ишланади.

Шолини қайта ишлаш заводи Туркиянинг “Yashar Makina” компаниясидан  келтирилган энг сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган. Бир мавсумнинг ўзида 40 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга.

Заводнинг тўртта линияли шолини тозалаш ва қуритиш цехи мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ёрдамида бир сменада 120 тонна шолини қуритиш мумкин. Шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда қабул қилинаётган шолининг намлиги, қуритиш ва қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, гуруч маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари доимий назорат қилинади.

“ТСТ Agro Cluster” кластерида дастлабки пайтда фақат пахта етиштирилган бўлса, 2020 йилдан ғаллачилик ҳам йўлга қўйилди. Жорий йилда 13 400 гектарда ғалла парваришланиб, жами 54 минг тоннадан ортиқ сара дон ўриб-янчиб олинди. 11 461 гектарда етиштирилган пахта ҳосили эса йиғиб-териб бериб олинмоқда. Бунда нафақат қўл терими, балки 75 та юқори унумли пахта териш машиналари кучидан фойдаланилмоқда. Мавсум якунлари бўйича 45 850 тонна пахта хом ашё йиғиштириб олиниши, ўртача ҳосилдорлик гектарига 40 центнердан ортиши кутиляпти.

Таққослаш учун келтирамиз, фермер хўжалиги даврида, айниқроғи, 2018 йилда ўртача ҳосилдорлик 11,8 центнерни, ялпи ҳосил эса 13 054 тоннани ташкил этган, холос. 

Кластер машина-трактор паркини замонавий техника ва ускуналар билан тўлдираётгани, амалиётга интенсив технологиялар жорий қилинаётгани, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш саъй-ҳаракатларини кўраётгани муваффақиятлар омили бўлаётир. Масалан, бугунги кунда рақамли технологияларнинг сўнгги ютуқларидан бири ҳисобланган “Cropio” тизими жорий қилинди. Бу масофадан туриб  экин майдонларининг ҳолатини тезкор ўрганиш, мониторинг қилиш, автоматик ҳужжатлаштириш, агротехника тадбирларини олдиндан режалаштириш имконини беряпти.

Бугунги кунда кластер томонидан тайёр тўқимачилик ва тикув маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Қиймати 140,0 миллион евролик ушбу лойиҳа доирасида “Tashkent Cotton Textile” МЧЖнинг биринчи босқичини бунёд этиш ишлари деярли якунланди.

Тўқимачилик мажмуаси ип йигириш, бўяш, тўқимачилик, пардозлаш ва тикувчилик фабрикаларидан иборат бўлади. Бу ерда йилига 20,6 минг тонна мато ва 65,0 миллион дона тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Тайёрланган маҳсулотларнинг 80 фоизи МДҲ ҳамда Европа давлатларига экспортга йўналтирилади.

Лойиҳа якуни бўйича жами 4 610 та янги иш ўрни яратилади. Ушбу иш жойларига, биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилганлар жалб этилади. 

Ҳозирги пайтда фабрикага Германиянинг “Truetzschler GmbH & Co KG” компаниясидан келтирилган энг сўнгги русумдаги ип йигириш асбоб-ускуналари ва бошқа дастгоҳлар монтаж қилинмоқда.

Лойиҳанинг биринчи босқичида калава ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

“ТСТ Fish Cluster” кластери Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги тегишли қарори билан Қуйи Чирчиқ туманидаги “Балиқчи” акциядорлик жамияти негизида ташкил этилган.

Сув ҳавзаларининг умумий майдони 2385 гектар бўлиб, шундан
1750 гектарида товар балиқ парваришланади. Шунингдек, балиқ чавоқлари олиш ва ўстириш учун она балиқлар парваришлаш, қишлаш ҳовузлари мавжуд. Бундан ташқари, кластер таркибида балиқни қайта ишлаш цехи, инкубация цехи, махсус лаборатория ишлаб турибди.

Кластер томонидан зоғорабалиқ, оқ дўнгпешона, оқ амур каби балиқ турлари парваришланиб, йилига 4 500 тоннагача балиқ овланмоқда.

Кейинги пайтда балиқ етиштиришда анъанавий усуллардан воз кечилиб, интенсив ва ярим интенсив усулларга ўтилмоқда. Мазкур технология ёрдамида балиқлар тиғиз жойлаштирилиши туфайли анъанавий усулдан 20 баробар кўп балиқ етиштириш имконини беради.

Таъкидлаш керакки, “TCT Fish Cluster” кластерида балиқ генофонди яхшилаш, генетик материалини янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, балиқ наслини яхшилаш мақсадида Беларусь Республикаси ва Россия Федерациясининг илғор балиқчилик хўжаликлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, 9 млн. донабалиқ личинкалари келтирилди. Бу эса 3-5 йил ичида кластерда балиқ генофондни тўлиқ янгилаш (балиқ турига қараб) имконини берди.

Кластерда балиқ касалликларини тез аниқлаш ва чуқур таҳлил қилиш, шунингдек, сув сифати ва таркибини баҳолаш хизматларини ташкил этиш бўйича замонавий лаборатория мажмуасини яратиш қаратилган икки босқичли лойиҳа амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Балиқчилик илмий-тадқиқот институти билан биринчи босқичда ихтиопатология, гидрокимё ва гидробиология йўналишлари бўйича янги замонавий лаборатория мажмуасини, иккинчи босқичда микробиология кафедраси ташкил этилади. Айни пайтда лаборатория биноларини лойиҳалаштириш ишлари якунланмоқда, шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари жорий йилнинг ноябрь ойида бошланади.

Кластернинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг қулоч ёзаётган кластер усули нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамияти юқори бўлган инновацион усулдир. Буни Қуйи Чирчиқ тумани тажрибаси яққол тасдиқлайди.

Гап шундаки, бу ерда кластер усули жорий этилгунга қадар қишлоқ хўжалиги соҳасида 630 та фермер хўжалиги фаолият юритган. Улар томонидан 2018 йилда:

— 13 054 тонна пахта (ўртача ҳосилдорлик 11,8 центнер);

— 38 215 тонна ғалла (ўртача ҳосилдорлик 28, 3 центнер) етиштирилган.

Бундан ташқари, туман бўйича 4 243 тонна шоли олиниб, 2743 тонна балиқ овланган.

Кластер усулига ўтилгач, ҳосилдорлик каррасига ошди. Масалан, бу йил шоличиликда ялпи ҳосил қарийб 14 минг тоннага етиши, аҳоли дастурхонига 5000 тоннага яқин балиқ етказиб берилиши кутиляпти.

Энди кластернинг ижтимоий аҳамияти ҳақида тўхталсак. Фермер хўжаликларида туман бўйича жами 1698 нафар киши, балиқчилик хўжалигида эса 389 нафар киши меҳнат қилган. Уларнинг ўртача иш ҳақи тегишли равишда
1,191 млн. сўм, балиқчиларники эса 2,482 млн. сўмни ташкил этган.

Ҳозирги вақтда кластер таркибига кирувчи корхоналардаги доимий ва мавсумий ишларда 9 минг нафар қишлоқ хўжалиги ходимлари фаолият кўрсатмоқда, уларнинг ўртача иш ҳақи қишлоқ хўжалигида 2,215 млн. сўмни, балиқчилик тармоғида 3,395 млн.сўмни ташкил этмоқда.

Солиқ тўловлари қарийб ўн баробарга ошгани алоҳида эътиборга молик жиҳатдир. Агар 630 та фермер хўжалиги томонидан жами 8 904 миллион сўм солиқ тўланган  бўлса, кластер томонидан 2021 йил якунлари бўйича 88 237 миллион сўм солиқ тўловлари қилинди. Ушбу рақам 2022 йилда 94 290 миллион сўмга етиши прогноз қилиняпти. Шунинг ўзиёқ кластер қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда драйверга айланганини яққол кўрсатиб турибди.       

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистонда яна бир болалар сиропи дорихоналардан қайтариб олинмоқда

Ижтимоий тармоқларда "Rinotin kids" маҳсулоти тўғрисидаги хабарлар тарқалмоқда. Санэпидқўмита Ахборот хизмати хабарига кўра, маҳсулотнинг рухсатномаси бекор қилинди. Маълум қилинишича, Санэпидқўмита мутахассислари...

Больше похожих статей

×