14 C
Узбекистан
Воскресенье, 28 апреля, 2024

Газета ва  журналлар  тахлам, тахлам…

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,270участниковПодписаться
- Advertisement -

Албатта, бугунги кунда одамларни қандай масала ва муаммолар ўйлантираётгани, ташвишга солаётганини яқиндан билишда ёрдам берадиган очиқ манбалар, ахборот тармоқлари кўп. Айниқса, телевидение, матбуот, Интернет ҳаёт нафасини, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир соҳанинг “юрак уриши”ни аниқ-равшан ҳис қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шахсан ўзим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда берилаётган янгиликлар, улар орқали билдирилаётган долзарб фикрлар, жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортаётган воқеа-ҳодисалар билан имкон қадар бевосита танишиб боришга ҳаракат қиламан.

Ш.М. Мирзиёев
Ўзбекистон  Республикаси  Президенти

Куни-кеча, яъни 2022 йил 7 июнь куни, устозимиз  – кекса журналист, Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг собиқ раиси Собир Шералиевич Қурбонов билан бирга атоқли давлат ва жамоат арбоби, олимлар оқсоқоли, академик Оқил Умрзоқович Салимов қабулларига бордик.

          Икки устоз ҳамкасблар суҳбатлашар экан, гап Янги Ўзбекистонни қуриш, III Ренессанс асосларини яратиш, бир миллион дастурчиларни етиштириш, янги-янги истеъдодларни излаб топиш, амалга оширилаётган улкан самарали ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари маъруза, нутқ ва асарларида қўйилган  вазифалар ва кўплаб бошқа масалалар ҳақида борар эди. Шу билан бирга, Собир Шералиевич Қурбонов, журналистлар уюшмасининг собиқ раҳбари, кекса журналист сифатида газета ва журналлар аҳволи ҳақида куюнчаклик билан сўзлаб, обуна матбуотнинг ўзи учун ҳаёт-мамот масаласига айлангани тўғрисида гапириб қолдилар.

           Бу борада Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, газета ва журналлар таҳририятлари, таниқли журналист ва ёзувчилар Назрулла Жўраев, Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад ва бошқалар кенгқамровли иш олиб бораётганлиги ҳақида сўз юритдилар. Аммо бу ҳаракатлар тегишли натижа бермаётир. Президентимизнинг: “Мен сиз, муҳтарам матбуот аҳлининг ҳаётимизни янада эркин, обод ва фаровон этиш учун доимо фидойилик кўрсатиб яшашингизни яхши биламан ва сизларни шу йўлда ўзимнинг энг яқин ҳамкорларим ва ёрдамчиларим деб ҳисоблайман», – деган сўзлари барча матбуотчиларга катта умид бағишлайди”, – деди Собир Шералиевич.

         Оқил Умрзоқович отахонни диққат билан эшитар эканлар, бизни эътиборимизни катта стол устига қаратдилар: унда “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока” дан тортиб, бошқа газета ва журналларнинг жамламалари тахланиб ётар эди. “Мен бирор кунимни газета ва журналсиз, китобсиз тасаввур қила олмайман”, – деди академиклар оқсоқоли. Дарҳақиқат, академик О.У. Салимов мунтазам равишда мутоала билан шуғулланади, натижада мамлакат миқёсида амалга ошириладиган янги-янги ташаббуслар билан чиқадики, улар давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни натижадорлигини янада оширади…

         Икки оқсоқолни матбуотга тегишли суҳбатларини эшитар эканман, бир воқеа эсимга тушди…

          Ўз пайтида чорак аср Ўзбекистонга раҳбарлик қилган, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи ва забардаст шоир, оташин публицист Шароф Рашидович Рашидов Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовни ўзларига таклиф қилиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррирлигига тавсия этиб, гап орасида, ушбу газетанинг 40 минг ададда чиқиши яхши эмаслиги ва тиражни кўтариш лозимлиги ҳақида  айтади ва нима ёрдам керак бўлса, ўзи ёрдамга тайёр эканлигини билдиради. Одил Ёқубов бир нечта илтимос билан мурожаат қилади: ҳукумат алоқаси телефони, хизмат енгил автомашинаси билан таъминлаш, қалам ҳақини икки баробар кўтариш ва юқоридан ҳеч ким аралашмай, ходимларни ўзи танлаш ҳуқуқига эга бўлиш. Шароф Рашидович бу масалаларни ҳал этиб беради. Одил Ёқубов энг талантли ёзувчи ва журналистларни муаллифликка жалб этади, долзарб масалаларда қатор-қатор пишиқ мақолалар чоп этилади, газета тез орада янги жозибали тус олади ва унинг адади 700 минг нусхага етади…

         Албатта газета ва журналларнинг интернет, радио, телевизор каби кучли рақобатдошлари бор. Лекин матбуотнинг ўрни барибир бошқа. Бизнинг раҳматли оппоқ дадамиз Тоир ота : “Телевизордан, радиодан эшитганларингга кўп ҳам ишонаверма. Энг ишончли манба бу газета”, – дер эдилар. Айтишларича, улуғ Огаҳийда шундай гап бор: “Ёмғир шариллаб ёғиши мумкин. Фойдаси унча бўлмайди. Эгат оралаб секин аста сув оқиб ўтса, кони фойда”. Менинг тушунчамда: интернетни кўрасиз, радиони эшитасиз, телевизорни томоша қиласиз. Лекин барибир ўзингиз газетани, журнални қўлингизга олиб, ўқиб чиқишингиз бир бошқача бўлади: худди эгат оралаб сув ўтгандай…

          Оқил Умрзоқович хоналаридан чиқар эканмиз, мен яна бир бор стол устидаги газета ва журналлар тахламларига кўз ташладим, улар менга мамлакат бўйлаб кенг тарқалаётган ақл инновацияси манбаидек туюлди. Қани энди барча каттаю-кичик раҳбарлар, ҳар бир бошланғич партия ташкилотлари, ҳар бир маҳалла гузари ва бошқа масканларда шундай газета ва журналлар тахламлари бўлса, газета ва журналлар қўлма-қўл ўтиб, барчани маънавиятини юксакликка кўтаришга хизмат қилса,  деган ўй фикримдан ўтди…

Носир ТОИРОВ
Ўзбекистон журналистлари
ижодий уюшмасининг аъзоси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Вазирликлар Янги Тошкентга кўчирилади

Ўзбекистон республика ижро ҳокимияти органлари Янги Тошкент шаҳри ҳудудига кўчирилади. 3 ой муддат ичида бу борада таклифлар ишлаб чиқилиши...

Больше похожих статей

×