Бугун, 1 июндан бошлаб Тошкент дўконларида қолипли нон, «буханка» нархи 1600 сўмдан 2800 сўмга ошди. Бу дегани, бир кун ичида «буханка» 1200 сўмга қимматлашмоқда.
Ноннинг нархи 2018 йил сентябрь ойидан бошлаб, ундаги нархлар назорати бекор қилинганидан бери, деярли ўзгармаганди. Бироқ, ҳукумат нархни субсидиялашда давом этди.
Аввалроқ, 30 май санасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Молия вазирлиги департамент мудири Тўлқин Мирзаев буғдойни биржада сотиш бошланиши қолипли нон нархига таъсир қилиши ва у 2800 сўмгача қимматлаши мумкинлигини айтган эди. Бу вазиятга эса икки кун ўтар-ўтмай етиб келинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 май куни ўтказилган дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани 1 июлдан бошлаб биржада сотишни бошлаши ҳақида кўрсатма берган эди.
Молия вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда буғдойнинг биржада сотилиши нархларнинг барқарорлашишига ва келгусида пасайишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Украинадаги вазият туфайли бирдан икки энг асосий буғдой етказиб берувчи халқаро бозордан узилиб қолганлик ҳам бу жараёнга сабабчи бўлганлиги айтиб ўтилган эди.