17 C
Узбекистан
Суббота, 21 сентября, 2024

Устоз

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,820участниковПодписаться
- Advertisement -

Қаҳрамон оталаридан ўрнак ва намуна

олиб, улар билан доимо фахрланиб

 яшайдиган халқ  ҳеч қачон кам

бўлмайди ва ўзининг эзгу мақсадларига

албатта етади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Аъзамхон Тўрахонов 1942 йил 10-майда Наманганда таваллуд топган. Ўрта мактабни муваффақиятли тамомлагандан сўнг, у 1967 йилда Наманган пединститутини, 1979 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини, 1987 йилда эса Тошкент Олий партия мактабини битирган. Аъзамхон ака астойидил ўқиб, тарих ўқитувчиси ва олим-агроном мутахассисликларини эгаллади.

А.Тўрахонов меҳнат фаолиятини 1958 йилда Наманган шаҳри корхоналаридан бирида шогирдликдан бошлаган. Йиллар ўтиб, унинг фаолияти комсомол-партия органлари билан узвий боғланди:   Калинин (ҳозир Зангиота тумани)  комсомол комитети инструктори, Оржоникидзе (ҳозир Қибрай тумани) туман комсомол комитети бўлим мудири, биринчи котиби, Ўзбекистон комсомоли Марказий Комитети сектор мудири,  комсомол Тошкент вилояти қўмитаси котиби, Тошкент туман партия қўмитаси котиби, иккинчи котиби ва ниҳоят биринчи котиби, Давлат сув қурилиш қўмитаси бошқарма бошлиғи,  “ШОҲИКБОЛ” ташкилоти Бош директори, “Ўзкўргазмасавдо” ташкилоти кузатув кенгаши раисининг маслаҳатчиси ва ниҳоят, Халқ таълими вазирлиги тизимида масъул лавозимларда фаолият кўрсатди.

А.Тўрахонов Калинин (ҳозир Зангиота тумани), Оржоникидзе (ҳозир Қибрай) туманларида ишлаб, машҳур хўжалик раҳбарлари Меҳнат қаҳрамонлари Абдужамил Матқобулов, Туроб Нормуҳамедов, Назрулла Маннонов, тажрибали вилоят ва туман миқёсидаги раҳбарлар Малик Абдураззоқов, Нурмат Қирғизбоев, Раҳматилла Қамбаров, Ботир Тошхўжаев, Турсумат Холбоев, Тўлқин Миркомилов, Юрий Хайдуров ва бошқалардан кўплаб маслаҳатлар, ўгитлар олди, кўп нарсани улардан ўрганди.

          Комсомол республика Марказий Қўмитасида ишлаш даврида ёшлар етакчилари Раъно Абдуллаева, Эргаш Ғофуржонов, Аъло Хўжаев, Виталий Арсентьев, Тоштемир Қаҳрамонов, Мақсуд Ўзбеков, Абдурашид Исахўжаев, Маҳмуд Абдурайимов, Арслон Тўқсонов, Шуҳрат Жалилов ва бошқалар билан Ўзбекистон миқёсида олиб борилган ишларда фаол иштирок этди.

1971 йилда А.Тўрахонов Тошкент вилояти комсомол қўмитаси котиби этиб сайланди. Бу лавозимда ишлар экан, кўплаб ишларга ташаббускор бўлди.  Омил Исҳоқов, Владислав Ардатов, Маргарита Мирсагатова билан бирга вилоят ёшларига етакчилик қилди, вилоятда “Биз ватанпарвар-байналминалчилармиз” фестивали, “Ёш истеъдодлар овози” танлови, цирк санъати кўриги ва бошқа нуфузли тадбирларга бош-қош бўлди.  Вилоят раҳбарлари бўлган М.М.Мусахонов, В.В.Окунский, Т.А.Алимов, З.Х.Хўжаев лардан кўплаб раҳбарлик борасида маҳорат дарсларини олди.

           1975 йил 26 ноябрда Ўзбекистон  ҳукуматининг Тошкент туманини ташкил этиш ҳақидаги қарори чиқди. Ўзини Тошкент вилоятида фаол, ғайратли ташкилотчилигини намоён этган А.Тўрахонов янги туман партия қўмитаси котиби этиб сайланди. Қўмитада у кейинчалик иккинчи котиб ва ниҳоят биринчи котиб туман раҳбари этиб сайланди.

       А.Тўрахонов ҳаёт тақозоси билан турли ташкилотларда масъул лавозимларда ишлади, лекин шуни қайд этиш лозимки, унинг барча ташкилотчилик, ишни кўзини билиш қобилиятлари айниқса, Тошкент тумани партия қўмитасида 14 йил давомида ишлаши  даврида ёрқин намоён бўлди. Аъзамхон Тўрахоновнинг Тошкент туманига раҳбарлик қилган вақти, ўша пайтдаги Марказнинг ғаразли ниятда  тўқиб чиқарган “пахта иши”,  “ўзбек иши” авж олган, “десантчи”лар тўп-тўп бўлиб, Ўзбекистонга келиб, нуфузли раҳбарлик лавозимларни эгаллаётган вақтга тўғри келди.

          Шуни қайд этиш керакки, ўша пайтда Тошкент туманида Меҳнат қаҳрамонлари Ғуломмаҳмуд  Абдуллаев ва Турғун Мирзаев, Сиддиқжон Муҳаммаджонов, Нодир Боймуҳаммедов, Зоир Жалилов,  Саъдулла Раҳматуллаев ва бошқалар раҳбарлигидаги хўжаликлар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда республика ва вилоятда пешқадамлардан бўлишган. Туман шу билан бирга, катта илмий салоҳиятга эга тумандир. Бу ерда ўша пайтда машҳур академик, Меҳнат қаҳрамони Маҳмуд Мирзаев раҳбарлигидаги Р.Шредер номидаги “Боғдорчилик,узумчилик ва виночилик илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси”, Йўлбарс Каримов раҳбарлигидаги “Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти”,  Абдушур Хоназаров бошлиқ “Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш институти”, техникумлар, мактаблар, боғчалар, автотранспорт, саноат корхоналари жойлашган эди.

         Туманга раҳбарлик қилар экан, Аъзамхон Тўрахонов туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, унинг  маънавий ва маърифий равнақига улкан ҳисса қўшди, ходимлар саводхонлиги, уларнинг ижрочилик қобилиятига алоҳида эътибор, кадрлар тайёрлаш, уларнинг сиёсий-маданий савиясини юксалтириш ҳақида ғамхўрлик қилди. Аъзамхон Тўрахоновнинг  раҳбар сифатидаги муҳим фазилатларидан бири, бу  ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик илғорлари, маданият, санъат, адабиёт ва спорт пешқадамларига имкон қадар ёрдам бериш, тумандаги ҳар бир фуқаро, ташкилот эришган ғалабаларидан фахрланиш, хайрли ва бунёдкорлик ишларда уларга кўмаклашишдан иборат эди.

          А.Тўрахонов раҳбарлигида қишлоқ хўжалигига илғор технологиялар, илм-фан ютуқлари изчил жорий этилгани, халқимизнинг бой деҳқончилик анъаналари тикланиб боришлиги, ишлаб чиқариш муносабатлари оқилона ташкил этилгани сабабли, туманда ҳар йили ғалла, картошка, сабзавот ва боғдорчилик маҳсулотлари бўйича, шартнома режалари ортиғи билан бажариларди, пойтахт аҳолисини қишин-ёзин мева-сабзавот, чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашда, туман меҳнаткашлари муносиб ҳисса қўшишарди.

А.Тўрахонов ўз фаолияти жараёнида ободончилик, қурилиш ишларига алоҳида эътибор берар эди. Унинг раҳбарлиги даврида   қатор мактаблар, боғчалар қурилди,  Охунбобоев хўжалигидаги шифохонада туғруқхона бўлими очилди,  Хасанбой қишлоғида   уч қаватли янги шифохона биноси қурилди, винзавод, универсал дўконлар ва бошқа иншоотлар ишга тушди. Аъзамхон Тўрахоновнинг республика фаоллар орасида ўзига хос нуфузли ўрни бор эди ва у кишини кўплаб катта аҳамиятга эга тадбирларга жалб қилишар эди. Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, А.Тўрахоновни яхши билган атоқли давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умурзоқович Салимов, яқинда бўлган бир суҳбатда, Аъзам Тўрахонович раҳбарлигида Тошкент туманида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилганлигини мамнуният билан қайд этди.

       Тошкент туманида республика ва вилоят миқёсида ишлаган ва ишлаётган кўплаб раҳбарлар етишиб чиқди. Улар орасида генерал-полковник Зокир Алматов, генерал-майор Комилжон Ғофуров, полковниклар Тоҳир Маҳкамов, Бахтиёр Ҳакимов, Виктор Колинковский, республика ва вилоят миқёсида раҳбарлик лавозимларда ишлаган Бахтиёр Султонов ва бошқаларни тилга олса бўлади.

        А.Тўрахонов қайси лавозимда ишламасин, доим маданият ва санъат масалаларига алоҳида эътибор бериб келди. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев яқинда маданият ва санъат ходимларига йўллаган табригида: “Ҳаммамизга  аёнки,  инсон  қалбига  олижаноб  фазилатлар,  эзгу  ҳис-туйғуларни сингдириб, жамиятни бирлаштириш ва тараққий  эттириш,  халқни,  Ватанни  дунёга тараннум этишда маданият ва санъатнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир.”, деб айтганлари бежиз эмас, албатта.

         Тошкент туманида кўплаб маданий тадбирлар ўтказилди. Ўзбекистон Халқ артистлари Зикр Муҳаммаджонов, Раззоқ Ҳамроев, Соиб Хўжаев, машҳур шорларимиз Эркин Воҳидов, Халима Худойбердиева, Акмал Пўлат, Эътибор Охунова, Ойдин Ҳожиева, Юсуфжон Ҳамдам, Анвар Исроилов туманда азиз меҳмон бўлганлар. Раззоқ Ҳамроев Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини ўқиб берганда, Меҳнат қаҳрамони Ғуломмаҳмуд Абдуллаев раислик қилган хўжалик клубининг зали ларзага келган, тадбир иштирокчилари ўрнидан туриб қарсак чалишган.

 Суратда:
Тошкент тумани раҳбари А.Тўрахонов ва туман партия қўмитаси котиби Х.Сайдалиева уруш ва меҳнат фахрийлари  билан

Аъзамхон Тўрахонов Тошкент туманида ишлаган пайтлари Юсуп Толипов, Муқаддам Умарова,  Ильяш Турсуметов, Аъзам Абдувалиев, Халима Сайдалиева, Роза Усмонова, Ғуломқодир Исломов, Эркин Раҳимов, Ҳикматулла Тиллаев, Маҳмуд Мирзаев, Сиддиқжон  Муҳаммаджонов, Зоирхон  Жалилов, Ғиёс Умаров, Турғун Мирзаев, Нодир Боймуҳамедов, Тўлқин Эгамбердиев, Носир Тоиров, Светлана Зарипова,  Бўстон Эргашев, Қобил Тошмуҳамедов, Баҳтиёр Ҳакимов, Рихсивой Қаюмов,  Григорий Гвалия,  Ғиёс Қўчқоров, Виктор Колинковский, Азимжон Сотволдиев, Ҳоким Муротов, Фатхулла Қосимов, Халил Қаюмов, Пўлат Нишонов, Саъдулла Матёқубов, Раҳмат Ҳамидов, Рустам Акбаров, Мовлуда Қўчқорова,  Абдулла Соатов, Ўткир Маҳмудов, Карим Аҳмедов, Карим Нурмуҳаммедов,Нурмуҳаммад Абдуллаев, Худойберди Раҳмедов ва бошқалар билан ишлаган даврини  завқ билан эслайди.

Суратда: Халқ депутатлари Тошкент тумани ижроқўми раиси А.Абдувалиев ва хўжалик раҳбари С. Раҳматуллаев Ҳасанбой қишлоғидаги ёдгорлик пойига гул қўйишмоқда

          А.Тўрахонов қаерда ишлашидан қатьий назар, қандай лавозимда ишлашидан қатьий назар виждонан, астойидил, ишга ижодий ёндашиб фаолият юритди. Унинг самарали меҳнати қатор Ҳукумат мукофотлари билан тақдирланди. Унга Халқ таълими аълочиси номи берилди ва у биринчи даражали  “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлди…Тошкент туманидан чиққан таниқли қўшиқчи шоир Тўхтамурод Деҳқоний инсоний фазилатлар куйчиси эди. Бир шеърида у шундай ёзган:

Ҳалоллик туғма виждондир, ёшликдан сақла покиза,

Бу бир бахт, сақлай олганни бахтидан ажратиб бўлмас.

          Ҳа, Аъзамхон акани бутун меҳнат фаолияти ҳалоллик тамойилида ўтди ва табаррук 80 ёшини ёруғ юз билан кутиб олмоқда…

Суратда:

Тошкент тумани раҳбари А.Тўрахонов бир гуруҳ фаоллар билан


Суратда:

А.Тўрахонов дўстлари ва бир гуруҳ санъат арбоблари даврасида

           80 ёшини кучга тўлиб, донишмандлик ёшида ҳали ҳам ғайрати жўшийди ёш раҳбарлардан, ёшлардан ўзини тажрибасини аямасдан ўртоқлашади, республика “Нуроний” жамғармаси фаолиятида Шавкат Йўлдошев, Абдухошим Муталов, Саидмухтор Саидқосимов, Собир Қурбонов, Ботир Тошхўжаев, Аъло Хўжаев, Шавкат Тўлаганов,  Бўстон Эргашев, Шавкат Миралимов, Турсумат Холбоев, Абдухалил Абдужамилов билан бир қаторда ишчанлик билан иштирок этади. Айни кунларда Юнусобод туманида умргузаронлик қилиб, маҳалла ишларида ҳам иштирок этиб, чарчамайди.

     

Суратда:       А.Тўрахонов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Р. Калонов “Туркистон” саройидаги дўстлик тадбирида    

       А.Тўрахоновни таваллуд топганига 80 йил тўлиши муносабати билан самимий, чин дилдан табриклар эканмиз, унга мустаҳкам соғлиқ, ақл инновациясини ҳаётга татбиқ этишда, ижтимоий  фаолиятида улкан  зафарлар,  хонадонида тинчлик,  бахту-саодат  ва  фаровонлик  тилаймиз. Ҳамиша, севимли фарзандлари, набира-абиралари,   ардоғида  бўлиб юрсинлар!  

Носир ТОИРОВ,

меҳнат фахрийси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Больше похожих статей

×