2021 йил 25 январни келажакда қандай эслайман деб ўйлайсиз, замондош? Қўрқув, ваҳима, саросима ҳаммамизни бироз гангитиб қўйганини ўзимиз ўзимизга тан ола олармиканмиз? Зулмат ва зимистон “таҳдиди” олдида бир зум талмовсираганимиз, атрофдан нажот ва умид излаганимизни ҳам хотирласакми кун келиб? Пандемия нима бўлибди, фарзандларимизу қарияларимиз саломатлиги, хотиржамлиги хавотири қай ҳолатга солиши мумкин экан, а?
25 январь, соат 10:57. Бундан кейин “блекаут” дея номлашимиз яна бир синовнинг бошимизга тушгани соати вақти. Пойтахт ва вилоятлар электр таъминотида узилиш рўй берди. Бир соатлар ўтар-ўтмас, расмий интернет ахборот манбалари юзага келган ҳолат бўйича бир-бир маълумот узатишни бошлашди. Маълум бўлишича, соат 10:57да Қозоғистон Республикаси Электр тармоғида катта авария бўлиши натижасида Олма-ота, Шимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келди. Кейин эса Қирғизистоннинг Бишкек, Ўш ва бошқа барча шаҳарларида электр энергия ўчиши кузатилди. Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частотани кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ГРЭСи, Сирдарё ГРЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станцияни ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган. Бу ҳолат ўз ўрнида Талимаржон ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларининг иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси ўчди.
Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилди.
Соат 13:00га бориб, Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ходжикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланди. Секин-аста, бирма-бир, манзилма-манзил электр таъминоти узилишларини бартараф қилиш бўйича ишлар давом эта бошланди.
Республика миқёсида электр энергияси билан боғлиқ муаммолар юзага келганлиги сабабли, ичимлик суви етказилишида ҳам вақтинчалик узилишлар кузатилди. «Ўзсувтаъминот» АЖнинг ҳудудий МЧЖларида махсус тезкор штаблар фаолияти йўлга қўйилди Ушбу штаблар орқали аҳолига ичимлик суви муқобил йўллар билан етказиб берилди.
Электр энергияси тармоқларида рўй берган узилишлар сабабли кўп квартирали уйлардаги лифтлар тўхтаб қолди. Тошкент шаҳар ФВБ тезкор бошқарув марказига 51 та лифтда қолиб кетган фуқаролар бўйича мурожаат келиб тушган, уларнинг 35 таси коммунал соҳа ташкилотлари билан ҳамкорликда, қолган 16 таси қутқарувчилар томонидан чиқариб олинди.
Электр энергияси тармоқларида юзага келган узилишлар сабабли ҳамкорликда тегишли хизматлар билан қуйидаги тадбирлар амалга оширилди. Жумладан: «Тошкентметрополитени»нинг «Машинасозлар» (135 нафар), «Бодомзор-Минор» (70 нафар) ва “Амир Темур” (210 нафар) бекатлари оралиғида (вагонлар ичида) қолиб кетган (жами 415 нафар) йўловчилар олиб чиқилди. Шунингдек, соат 12:10да Наманган вилояти Поп тумани 114-116 км. ларда юк поезди тўхтаб қолганлиги учун 83 км. да йўловчи поезд вақтинчалик тўхтатилган. Юк поездини заҳира йўлга олиб қўйиш учун тепловоз ва «Қамчиқ» МҚЁҚБдан махсус техникаларда қутқарувчилар жалб этилди.
Йўлчироқлар (Светофорлар) ишламагани боис кўчаларда ҳаракатни ЙПХ инспекторлари бошқарди.
«Тошшаҳартрансхизмат» томонидан сайёҳлик МAN автобуслари ажратилиб, “Буюк Ипак Йўли” ва “Олмазор» йўналиши бўйича метрополитеннинг барча станцияларида тўхтаб ўтиш асосида йўловчиларга транспорт хизматлари кўрсатилди.
Ўз ўрнида эса, Ўзбекистон электр таъминоти тизими Марказий Осиё электр энергетика тизими билан параллел равишда ишлаши, умумтизимнинг маълум бир ҳудудида кузатилган носозликлар бошқа ҳудудларни авариядан сақлаб қолиши, ёки аксинча, унинг барқарор ишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги, аварияга қарши релели ҳимоя ва автоматика тизими энерготизим барқарорлиги учун амалга ошириладиган техник-муҳандислик ҳолати бўлиб, у тизимда турли носозлик ҳамда ёнғинлар чиқишининг олдини олиши борасида маълумотлар узатилиб турилди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг бу синовли даврда олиб борилаётган вазиятни ўнглаш борасида саъй-ҳаракатларни фактлар асосида расмий саҳифалари орқали мамлакат ОАВ вакиллари билан ҳамкорликда ёритиши – кичик туюлган жасоратнинг намунаси бўлди. Нафақат, Энергетика вазирлиги, балки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ, Уй-жой коммунал хўжалиги, барча давлат тузилмаларининг расмий саҳифаларида маълумотлар жойланиб борилди. Аҳоли қайси вилоятнинг қайси туманида ток таъминоти тиклангани, қайси қозонхонанинг фаолияти такрор соз ҳолатга келгани борасида хабардор қилиниб турилди. Айнан, шунинг учун ҳам халқ бирдамлик билан ҳамфикрликда кичкина кўринган, бироқ босган тоши ҳали бир муддат хотираларни чарчатиши аниқ бўлган бу нохуш вазиятдан чиқа олди. Бир-биримизни тинчлантиришга уриниб, сабрга чақирдик. Яқин келажакдаги кунларга эмас, яқин соаларга умид билан юзландик.
Кун охирига бориб, Республика Президенти матбуот котиби расмий телеграмм канали орқали ўзбек ва рус тилларида мурожаат қилиб, хотиржамликни сақлашга, вазият шахсан юртбошининг назорати остида эканлигини таъкидлади. Бу эса ҳадик ўрмалаган дилларга бироз сокинлик улашди.
Соат кечки 18:00га қолмай жойларда электр таъминоти тиклана борди. “Ҳозир мобил алоқа воситалари ҳам ишлашдан тўхтайди” деган фитна билан халқ орасида енгил тушкунлик уйғотишга уринган “башоратгўй”ларнинг айтгани бўлмади, интернет ҳам одатдаги тезлигига тушиб олди.
Ҳамма “телеграм” титкилаган, энди қачон сув келишини, уйлар исишини пойлаб турган бир пайтда давлат тузилмалари тинимсиз ахборот узатиб турди. Шунчаки, “аравани қуруқ олиб қочмади”, аниқ далиллар келтирилди. Тунги 00:00дан ошса ҳамки, ахборот тўлқини тинмади. Вазият ҳақида тўлиқ тасаввуримиз бор эди, ҳаммамизнинг. Ҳолат ўнгланаётганини билиб турдик.
Халқ манфааати, инсон манфаати, инсон қадри учун юрт осойишталиги ҳимоясига бел боғлаган ҳар бир тизим борки, жуда улкан масъулият намунасини кўрсатди.
Ахборот асрида унинг аҳамияти ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча, бугун. Шу ахборотни ўз вақтида, ўрнида эътиборга ҳавола қилишнингда масъулияти ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шу ўринда, ҳар бир тизим, ҳар бир органнинг ахборот хизматларини ташкил қилиш борасидаги қарорлар нақадар ҳаётий ҳаққоний аҳамият касб этишининг гувоҳи бўлдик. Ва, албатта, бу хизматларда меҳнат қилаётганларнинг ҳам ўз масъулиятини ҳис қилиб, кунни кечга, кечни тунга, тунни тонгга улаганини таъкидламасак, кичик бир эътирофга лойиқ кўрмасак, бўлмас…
Янгиликлар портали ўлароқ, шу каби енгил бўлмаган бир кунда ўқувчиларимизга етказа олган ҳар бир янгилик, ҳар бир кўрсатма, ҳар бир огоҳлантириш, ҳар бир нома учун барча ахборот хизмати вакилларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
P.S. 25 санадан кейин nuz.uz сайтининг ўзбек тилидаги талқинида носозликлар келиб чиқди. Қарийб ўн кун деганда янгиликлар “газетаси” қайта ишга туширилди. Бир кунлик “блэкаут”нинг бартараф этилган нечоғлик жиддий талофот эканлигини ўз намунамизда ҳис қилдик….