5.5 C
Узбекистан
Пятница, 21 января, 2022

Навоий руҳидан уялмадингизми?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
3,700участниковПодписаться

(Халқ шоирининг кўчирмакашлик қилиб мақтангани)

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг  “Ҳуррият” газетасида “Мен Шайх Низомийни қандай таржима қилдим?” деган мақоласини ўқиб, кўнглимдаги айрим гапларимни айтишга қарор қилдим.

Аввало, уни озарбойжонлик дўстлар илтимоси билан таржимага қўл уриб, табаррук ёшга кирганига қарамай, таржимани хамирдан қилни суғургандай осон амалга оширгани менга шубҳали кўринди. Зеро, Халқ шоирининг бу “иши” унинг ўн бир йил бурун ёзган “Маснавийи маънавий” таржимаси китобидаги иқрорномасининг акси эди.

2010 йилда “Мериус” нашриётида чоп этилган мазкур китобнинг 791- саҳифасида: “Маснавий”ни қандай таржима қилдим” … (сўнгсўз ўрнида) мақоласида шундай эътироф этган: “Йўлим очилиб, Истамбулга сафар қилдим. Қўниё шаҳрига бориб…”Маснавийи маънавий”нинг турк адабиётшунос олими Абдулбоқий Гулпинарли амалга оширган насрий баёнини қўлга киритдим. Илгари “Маснавий”нинг Теҳронда чоп этилган мукаммал нусхасини афғонистонлик бир  талабадан сотиб олгандим. Ана шу саёҳату зиёратлар нашъаси ва мазкур насрий баён далдасида “Маснавий”ни таржима қилишга аҳд қилдим”. (792-саҳ.). Воқеалар тафсилотидан кейин шундай ёзади:

“Мен форс тили мутахассиси эмасман. Бу соҳада бирор жойда дарс ўқиб, сабоқ олмаганман. Қандай қилиб “Маснавий”дек улкан бир асарни ўзбек тилига ўгирдим? Қизиқми? (792-саҳифада насрий баёндан таржима қилганлигини айтгани эсида чиқиб қолган, шекилли… Эслатма).

Баъзан мендан шу ҳақда сўрашади.

Жавобим бундай: Алишер Навоийнинг шарофати туфайли… Мен Навоийни кўп ўқиганман. Ҳозир ҳам ўқимаган куним йўқ. Бу ишга руҳан мени ҳазрати Навоий тайёрлади десам, ишонинг…” (793-саҳ.)

Қайси гапингизга ишонайлик, ҳурматли халқ шоири? Бир саҳифа олдинги иқрорномангизда таржимани Гулпинарлининг насрий баёнидан руҳланиб амалга оширганингизни айтдингизку?

Яна бир гап, эҳтимол, энг муҳими, нега кўп нарсаларнинг кичик тафсилотларигача миннатдор ҳолда эслайсиз-у, Шайх Низомий “Хамса”си таржимасида қайси Олимнинг насрий ёки назмий таржимасидан фойдаланганлигингиз ҳақида лом-мим демайсиз? Бу ишда ҳам  ҳазрат Навоий руҳидан мадад сўрамадингизми? Сўрасангиз бўларди. Бунинг учун Туркиянинг Қўнёси ёки Бокуга бориб юришингизга ҳожат ҳам йўқ эди.

Сиздан сўрамоқчи бўлганим, Низомий “Хамса”сини қайси нашрдан ўзбекчага ўгирдингиз? Душанбе нашридан амалга оширган шоир ва таржимон Олимжон Бўриевнинг шеърий таржимасидан лоақал хабарингиз бормиди? Бундай катта ишга қўл уришдан олдин қилинган таржималар билан танишмасликнинг иложи йўқ. Зотан, сиз буни истамасангиз ҳам таржима санъати  шундай йўл тутишни, бу ҳар томонлама фойдали бўлишини тақозо этади.

Сиз таржима жараёнида менинг ўгирмаларимдан истаганча фойдалангансиз. Йўқса, икки томчи сувдек бир-бирини такрорлайдиган байтлар бунчалар кўп бўлмасди. Сиз билан мен бир-биримизга жуда яқин ижодкор бўлганимизда ҳам сизнинг бундай йўл тутишингизни тушунса ва ҳаттоки кечирса бўларди. Сиз, алоҳида ўзига хос катта бир оламсиз-ку. Нега таржималарингиз О.Бўриевнинг таржималарига ўхшаш, иккаласи бир қориндан талашиб тушгандек. Ҳеч ўйлаб кўрмадингизми?

Албатта, мен сиздан кейин бу ишга киришганимда, бундай номақбулликка қўл урмаган бўлардим, уялган, хижолат бўлган бўлардим.

Келинг, гапни чўзмай, далилларга ўта қолай.

“Махзан ул – асрор”да кўчирмакашлик, айниқса, очиқ кўриниб қолган. Ёки кексалик панд берганми?.. Мана, эътибор беринг:

Аввалу охири вужуди сифот,

Бор этару йўғ этари коинот. (О. Бўри таржимаси)

Аввалу охиру, вужуди сифот,

Бор этару йўқ этар ул коинот.(Ж.Камол таржимаси)

Эй, ҳама борлиғ Сана пайдо бўлиб,

Хоки заиф Сен-ла тавоно бўлиб. (О. Б. т.)

Эйки ўзингдан ҳама пайдо бўлиб,

Хоки заиф Сен-ла тавоно бўлиб. (Ж. К. т.)

Биз ҳама фонию бақо бас, Сана,

Мулки таолою муқаддас Сана. (О. Б. т.)

Биз ҳама фонию, бақо, бас, Сенинг,

Мулки таолою тақаддус Сенинг. (Ж. К. т.)

Насх қил ул ояти айёмни,

Масх қил ул сурати ажромни. (О. Б. т.)

Насх қил ул ояти айёмни,

Масх қил ул сурати ажромни. (Ж. К. т. )

Аввали у аввали беибтидо,

Охири у охири беинтиҳо”. (О. Б. т.)

Аввали ул – аввали беибтидо,

Охири ул – охири беинтиҳо. (Ж. К. т. ) — мазкур байтни “у”ни “ул”га айлантиргансиз ва “тире” қўйгансиз, қолган байтларда шуниям лозим топмагансиз, айнан кўчиргансиз.

Таржимангизда бундай мисоллар афсуски, жуда кўп. Баъзи ўринлар ўхшаб қолмаслиги учун қулоқ қофиялар ясагансиз. Барибир бошдан оёқ кўчирмалигини рад этолмайсиз

      Низомийни билибми билмай Ўзбекистон Халқ шоири Ж. Камолга тенглаштириб қўйганингизни биласизми? Низомий жўқи шоирмидики, сиз унинг байтларини истаган кўйга солсангиз, беҳурматлик қилсангиз.

    Лоақал ҳазрат Навойнинг руҳидан уялмадингизми?

    Бу қип-қизил ўғрилик-ку?.. Бир шоирнинг меҳнатини оз-моз жузъий таҳрирлар билан ўзлаштириш сиздек халқ шоирига ярашадиган ишми?

Андишани йиғиштириб айта қолай, Низомий Ганжавийнинг бешта достонининг ҳам каминадан кўчирганлигингиз ойнадай равшан.

Чунки, биринчи достон таржимасида кўчирганлигингизни иссиқлай хаспўшлолмадингиз, сал шошилдингиз, аммо  кейин, таржималарни жамоатчилик ўқиши мураккаброқ лотин алифбосида чоп этиб, “маҳоратингизни кўрсата”  бошладингиз. Мен аввалига эътибор бермай, ҳазил тариқсида Низомий “Хамса”си таржимамнинг сўнг сўзида:

“Биринчи “Хамса” ганжи бебаҳодир,

Уни табдил этолган шахс даҳодир.

Шоир Олим Бўри таржима айлаб,

Юбилейига чоп этди атайлаб.

Сўғун “халқий шиғирчи” Ж.Камолий

Қариғонда кетиб тандан мажоли.

Тама бирла изимдан саграв ўлмиш,

Тайёр ишга баковул таграв ўлмиш.

Умиди биз очувчи илк эшикдан

Кириб, олмак улуш, томоқ тешикдан.

То ўтказса, хазина сирларини,

Китоб этмиш, танирсиз бирларини.

Ки Эргаш Очил очилган даридан

Кирар бошлаб, қалам тожирларидан.

Бу хил минг назмисоз куйдирса ҳам жон,

Олим Бўрига тенглашмоқ на осон!

Урар бир шеъру минг тулки кўрар кун

Унинг сарқитидан тургунча очун”

 – деганимга, лоақал пинагингизни ҳам бузмадингиз.

Ё бу айбни тан олишми?

Аммо  очиқ айтаман, Ўзбекистон Халқ шоири Ж.Камол менинг узоқ йиллар давомида минг бир машаққат билан амалга оширган таржималаримни ўзлаштириб, энди асосий муаллифликни даъво қилиб келмоқда. Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан инсоф билан бўл. Бу дунёда  унвон даражангни пеш қилиб  бировлар ижодини ўзлаштирганинг билан охиратда найрангинг ўтмаслигини наҳот Қуръони карим маънолари таржимони сифатида билмасанг. Ёки “Қуръоннома”нг ҳам кўчирмами?  Мен нима дейман, қўбизим нима дейди.

Албатта, мен, кекса бир шоир, хайрли иш қилишга қаттиқ бел боғлаган заҳматкаш таржимонга қарата ноинсофларча туҳмат тоши отаётганим йўқ. Ж.Камолнинг кўчирмакашлигига асосларим етарли ва керак жойда исботлаб беришга  қодирман. Низомийдек даҳо шоир асарларининг бир таржимони сифатида унинг ўгирмаларини  яна бир бор кўздан кечириб чиқдим. Устакорлик билан таҳрирдан ўтказган,  бировнинг боласини ўзига бола қилиб олиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилган.

Аммо қайси ота ўз фарзандини танимайди?

Ростлик, ҳақиқат жарчиси бўлган шоир зотида инсоф, имон, ижодий ҳалоллик принципи бўлмаса қийин экан.

Таржима учун тил билиш биринчи ўринда туради. Асарнинг руҳи, бадиияти ана шунда ўқувчига яққол намоён бўлади.

       Маснавийдек муҳташам асар таржимасига қўл ураётган шоир тил нозикликларидан тўлиқ бохабарми(ди)? (У ҳақда ҳам “Таржимами? Тажриба?” —  деган машҳур мақола босилган эди).

Ўзбекистон Халқ шоири Ж.Камолнинг таржималари бу масалани сўроқ остига қўяди.    Ҳар бир нарса, инчунин адабиёт, таржимада ҳам ҳалоллик, поклик бўлиши шарт. Бу мезон бузилган жойда адабиёт ҳам ўлади.

   Алқисса, ноҳақликка бефарқ қараб тура олмадим.

  Мен Шайх Низомийни қандай таржима қилганлигим билан мақтанмайман, аммо уни ўғирлаб, ўз номидан чоп этиб,  матбуотда мақтанган Ўзбекистон халқ шоири Ж.Камолнинг  кўчирмакашлик қиёфасини муносабат тарзда фош этиш учун ушбу дил сўзларимни  муштарийлар эътиборига ҳавола қилишингизни сўрайман. Асл ҳақиқат шунда қарор топади, зукко газетхон ким қандай таржима қилганлиги ҳақида ўзи хулоса чиқариб олади, деб умид қиламан.

Ҳурмат ила шоир ва таржимон

Олимжон БЎРИЕВ

2 КОММЕНТАРИИ

  1. Ассалому алайкум. Жамол Камол қилган таржимага анча йил бўлди. Юқоридаги эътироз нега ўша вақтда билдирилмади. Балки билдирилган бўлса ҳам мен ўқимагандирман. Лекин нега айнан ҳозир бу масала кўтарилгани мени қизиқтириб қолди. Нима бўлганда ҳам бу даъво бошқа мутаржимларга сабоқ бўлиши керак.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Мактабларда ҳам дарслар онлайн давом этади!

24 январдан бошлаб мактаблар бир ой давомида “Онлайн” фаолият олиб боради. Коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиш...

Больше похожих статей

Рус