Дебатни телевиденияда жонли эфирга узатилиши, фуқаролар учун партия номзодлар мақсадларини танишиш имконини беради

0
165

ТСМРИ ректори Салихов Ж.Ш. билан 19 октябрь Президентликка номзодларнинг вакиллари иштирокидаги баҳс-мунозаралари ҳақида интервю

2021 йил 19 октябрь санасида Ўзбекистонда Президент сайлови кампанияси тарихида илк бор тарғибот-ташвиқот ишларининг замонавий шаклларидан бири партиялараро дебат бўлиб ўтди. Cиёсий партияларнинг вакиллари, президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари ўртасида бўлиб ўтган бундай дебатнинг мамлакатимизда биринчи марта ўтказилганлиги жамиятимиз ва давлатимизнинг демократия йўлдан ривожланиб бораётганлигини ёрқин намоён қилди. Шунингдек, партиялараро дебат кейинги йилларда ривожланиб бораётган очиқликни кейинги қадамлари десак адашмаймиз. Ушбу баҳс-мунозара борасида юртимизда бир қатор экспертлар ҳамда жамоат вакиллари ўз фикр ва муносабатларини билдиришмоқда. Шу боис, Тошкентдаги Сингапур менежменти ривожлантириш институти ректори Салихов Жасур Шавкатович билан шу масалада интервью уюштирилди. Қуйида ушбу интервьюни сизларга ҳавола этамиз.

— Савол: Хабарингиз бор Президентлик сайловига ҳам оз вақт қолди. Куни кеча мамлакатимизда партия номзодларининг вакиллари иштирокидаги баҳс-мунозаралар илк бор телевидениядан жонли равишда намойиш этилди. Ушбу теледебатни миллионлаб инсонлар қаторида сиз ҳам кузатдингиз. Сизнингча ушбу мунозаранинг ташкил этилиши қанчалик муҳим?

— Дарҳақиқат, мамлакатимиз Президентлик сайловларидаги тарғибот-ташвиқот жараёнларида илк бор бундай ҳолат кузатилди ва бу албатта долзарб аҳамиятга эгадир. Сабаби, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қаторида сайлов жараёни ҳам ўрин олган. Янги Ўзбекистон атамаси негизида айнан демократик принципларнинг ҳаётимизга тадбиқ этилаётгани, янгича дунёқараш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муҳитнинг шаклланишини намоён этмоқда. Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари ўртасида бўлиб ўтган дебатнинг мамлакатимизда биринчи марта ўтказилганлиги жамиятимиз ва давлатимизнинг демократия йўлидан ривожланиб бораётганлигини ёрқин намоён қилди. Шунингдек, партиялараро дебат кейинги йилларда такомиллашиб бораётган очиқликни кейинги қадамлари деб ўйлайман. Ўз навбатида, бу дебатни оммавий ахборот воситалари тўғридан-тўғри намойиш этилиши сайловолди тарғибот ва ташвиқот жараёнини ошкораликни кўрсатади ва халқаро демократик стандартлар асосида амалга оширилаётганини бир кўриниши десак, муболаға бўлмайди. Бу эса ўз ўрнида аҳоли томонидан ҳар бир номзоднинг сайловолди дастури ҳамда унинг позициясини янада аниқроқ тушунишга имкон беради. Шу боис ҳам ушбу мунозараларнинг ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайман. 

— Савол: Албатта, мен ҳам юқоридаги фикрларингизга қўшиламан. Келинг, энди айнан мунозаранинг ўзига тўхталсак. Сизнинг фикрингизча, ушбу теледебатда партия номзодлари вакиллари томонидан кўтарилган мавзуларга қай даражада ечимлар таклиф этилди?

— Жуда ўринли савол. Жавоб беришдан олдин шу нарсани таъкидламоқчиманки, беш дақиқа ичида бутун сайловолди дастури ва аниқ мақсадларни ифодалашнинг ўзи жуда мушкул. Шунга қарамай, барча вакиллар берилган вақтдан унумли фойдалана олдилар. Яна бир муҳим жиҳат сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳар бир номзод вакили томонидан бугунги кунда аҳоли қатламини қийнаётган муаммолар санаб ўтилиб, уларга ечимлар ёндашуви ҳам турлича бўлди. Мисол учун, иқтисодиётни бошқаришда давлат аралашуви билан боғлиқ ёндашувларида ХДП вакили давлатнинг ролини кучайтириш лозимлигини таъкидлаган бўлса, Миллий тикланиш партияси вакили режали иқтисодиётга қайтиш ҳозирги олиб борилаётган сиёсатга нисбатан тескари эканлигини таъкидлади. Шу ўринда бу муаммони капитал амнистияни жорий қилиш ҳамда мигрантлар даромадини фақат истеъмол учун эмас балким инвестициялар ва фондларга ҳам жалб қилиш орқали ҳал этиш мумкинлигига урғу берди. Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) вакили бошка чикувчилардан ўлароқ ўз нутқини амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва натижаларга асосланган ҳолда баён этди. Хусусан, энг асосийси эркин иқтисодиёт жорий этилганлиги, охирги беш йиллик ичида ўртача ойлик маоши икки, уч баробар ошганлиги, мамлакатимиз иқтисодиётига 3 млрд. сўмлик туғридан-тўғри кафолатсиз хорижий инвестициялар киритилганлиги, чет эл капитали киритилган мавжуд 13 минг корхонанинг 65%и айнан охирги беш йиллик ичида тузилганлигини таъкидлаб ўтди. Вакил дастурда камбағалликни қисқартириш, ишсизлик масалалари, нарх-навони барқарорлаштириш, энергетика, коммунал хўжалиги, таълим ҳамда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ечимига оид таклиф ва ташаббуслар белгиланганлиги, жумладан, ЯИМни беш йилда 1,6 маротаба ошириш, аҳолининг ўртача даромадини 4000 АҚШ доллари миқдоригача етказиш, малакатимизни даромади ўртача бўлган давлатлар сарасига кириш каби амбициоз режалар белгиланганлигини билдирди.

Умуман олганда ушбу ёндашувларнинг ўзиёқ ҳар бир партиянинг ўзига хос позициясига эга эканлигни намоён этди.

— Савол: Мунозаранинг иккинчи қисми савол-жавоб тарзида бўлиб ўтди. Нима деб ўйлайсиз ушбу босқичда қайси партия вакиллари ўзларини ёрқинроқ ва ишончлироқ намоён этишди?

— Авваламбор, мунозаранинг иккинчи қисмини энг қизиқ ва асосий қисми деб айтган бўлар эдим. Чунки, баҳс давомида берилган саволларнинг барчаси аҳолини қийнаётган, давлат олдида турган муҳим муаммолар ва долзарб масалаларга тегишли бўлди. Хусусан бозорлардаги нарх-наво, камбағалликни қисқартириш, миграция, ташқи қарз ва яширин иқтисодиёт каби мавзуларда берилган саволлар кун тартибидаги муаммоли масалалардир. Ушбу мураккаб саволларга жавоб беришнинг ўзи ҳар бир партиянинг савиясини ва даражасини очиб берди десак, тўғри бўлади. Бу эса ўз ўрнида сайловчиларга муносиб хулоса қилишга ёрдам беради. Менинг назаримда, ушбу босқичда Экология, ЎзЛиДеП ва Адолат партиялари вакиллари ўзларини дадил ҳамда ишончли намоён этишди. Айниқса, Экопартия ҳамда Адолат партияси вакилларининг ХДП ва Миллий тикланиш партиялари вакилларига ўзига хос фикр ва мисоллар билан ўзаро баҳсга киришишгани эътиборга молик бўлди. Берилган саволларга Экопартия, ЎзЛиДеП ва Адолат партиялари вакиллари аниқ механизмлар ва таклифлар билан жавоб беришгани менга маъқул бўлди. Хусусан, Экопартия вакили яширин иқтисодиёт муаммосини молиявий саводхонликни ривожлантириш ва АКТ воситалари ёрдамида ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади. Адолат партияси вакили эса нарх-наво муаммосини стандартларни киритиш ва асоссиз нарх оширилишига жазо чораларини кучайтириш орқали ҳал қилишни таклиф этди. ЎзЛиДеП вакили Икрамов А.И. ўз чиқишида ўтган беш йил ичида эришилган ютуқлар ва статистик маълумотларни аниқ ҳаётий мисоллар билан мустаҳкамлаб, қилинган ишлар самараси натижаси ўлароқ, мавжуд муаммоларни худди шу йўсиндаги стратегия орқали амалга оширилишини таъкидлаб ўтди. Бу орқали ЎзЛиДеП вакили келаси йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси пухта ва мукаммал ишлаб чиқилганинини яна бир бор исботлади.

— Савол: Президентлик сайлови жараёнида илк маротаба ташкил этилган теледебатнинг, аҳоли сиёсий саводхонлигини оширишига қанчалик ҳисса қўшади деб ҳисоблайсиз?

— Ушбу баҳс-мунозаранинг телевидениядан жонли эфирга узатилиши, кўплаб фуқаролар учун партия номзодлари дастури ва мақсадлари билан янада яқин танишиш имконини берди. Ўз ўрнида ушбу дебат аҳолининг сиёсий жараёнга бўлган қизиқишни уйғотишига ишонаман. Мунозара бир томондан ҳар бир партиянинг жамиятдаги ўрни ўзининг электоратлари олдидаги маъсулиятини намойиш этса, иккинчи томондан уларнинг дастурларидаги ўхшаш томонларини ва фарқларини кўрсатди. Умуман, сиёсий партиялар жамиятнинг энг фаол ва умумхалқ манфаатлари йўлида дунёқараши, мақсади, фикрлар муштараклиги бир бўлган мамлакат фуқароларининг муайян қисмини ўз сафида бирлаштирган бўлиб, ушбу сайловда дастурий мақсадларини амалга оширишда янгича ёндашувлар ва ўзига хос ғояларни илгари сурмоқдалар.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь