«Қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилган муҳтарам фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз».
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
Гарчи урушдан кейин туғилиб, унинг даҳшатларини кўрмаган эсам-да, инсониятнинг бу фожеаси ҳақида болалик чоғларимданоқ кўп нарса билардим. Хизмат тақозоси ила меҳнат жамоаларида, ёшлар, партия, давлат, фан ташкилотларида буюк ғалаба учун жанг майдонларида қаҳрамонлик кўрсатган кўпгина уруш қатнашчилари билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман.
Мана шундай одамларнинг ёрқин намояндаларидан бири – менинг тоғам Абдуҳаким Ҳайдарович Усмонхўжаев.
Тоғамнинг тақдири ҳайратланарли. У оғир болаликни бошидан кечирган, уруш майдонларида қаҳрамонона жанг қилган эди. Урушдан кейинги даврнинг юз минглаб одамлари мисоли, фидокорона меҳнати ила республиканинг кўпгина вилоятларида халқ хўжалигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Кейинроқ уларни ғолиблар авлоди деб аташди. Лекин уларнинг ҳар бири, шу жумладан тоғам ҳам ўзининг ёрқин тарихига эга. Мен у тўғрида китоб яралишини, у катта наслимиз учун ҳаёт қўлланмаси бўлиб қолишини, унинг хаёлидан нималар кечганию қандай яшаганини яққол тасаввур этишимиз ҳақида ҳамиша орзу қилганман. Севимли тоғам Абдукарим Ҳайдарович Усмонхўжаев менга Абдуҳаким Ҳайдарович Усмонхўжаев таваллудининг 105 йиллигига бағишланган китоб ҳозирланаётгани ҳақида айтганда, беҳад қувондим. Фикримча, бу китоб ҳақиқий қаҳрамон, очиқ кўнгил, ҳимматли, сахий, ҳаммага меҳрибон ажойиб инсон ҳақида ҳикоягина эмас. Авваламбор бу хотира китобидир – унинг фарзандларию набираларига, кўп сонли қариндош-уруғлари учун бебаҳо совға ҳамда унга нисбатан чуқур эҳтиромдир.
Раҳматли падари бузрукворим Тўра Тўлаганов уруш даврида фронтни жанговар учоқлар билан таъминлаган авиация заводида ишлаган эди. Туғишган Карим акам эса ёш жангчи бўлиб фронтга жўнагану шу асно Польшанинг аллақаерида кечган оғир жангларда бедарак йўқолган. Афсуски, у дафн қилинган ерни топиш насиб этмади. Мен эски Шайхонтоҳур туманида туғилганман, Горький кўчасида, Шайх Хованди Тоҳур мақбараси яқинида турганман. Ёдимда, маҳалламизда кўксини жанговар ордену медаллар тўлдириб турган қўл-оёқсиз ногиронлар бисёр эди. Ота-онам менга: «Кўрдингми, ўғлим, улар Ватан учун жанг қилиб, ғалаба йўлида ўзларини аяшмаган», деб қўйишарди. Маҳалламизда турли миллатлар: рус, яҳудий, татар, қозоқлар, шунингдек, қонли урушдан озми-кўпми жафо чеккан бошқа оилалар истиқомат қилишарди. Турган гапки, ота-онам – мактаб ўқитувчилари ва фахрийлар бизга бу уруш ҳақида кўп сўйлашарди. Шунингдек, ёшларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашга ёрдам берган китоблару фильмлар ҳам сероб эди. Биз айниқса «Сен етим эмассан», «Икки жангчи», «Ёш гвардия», «Аскар ҳақида баллада», «Ҳур қизлар» каби фильмларни севиб томоша қилардик. Шунинг баробарида, биз ватандошларимиз – Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари генерал Собир Раҳимов, Самиғ Абдуллаев, Владимир Карпов, Мамадали Топиволдиев, Елена Степновская ва бошқаларнинг жасоратлари ҳақида кўп эшитгандик. Шундай қаҳрамонлардан бири Боис Ҳамидуллаевич Воисов билан Ўзбекистон Компартияси марказқўмида бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман.
Бобом Ҳайдархўжа боғбон бўлиб, бувим Тожихон ая билан беш қизу уч ўғилни: Муҳайё, Хонпошшахон, Шарифахон, Мупарраххон ва Сурайёхон, Абдуҳаким, Абдухалим, Абдукаримни вояга етказган эдилар.
Оғир замонлар эди. Боз устига, 1937 йилда бувимнинг укаси, машҳур ёзувчи ва мухбир Санжар Сиддиқ қатағон қурбони бўлган эди. Бу ҳол унинг оиласи ва қон-қариндошлари тақдирида салбий акс этди. Шунга қарамай, унинг жияни – тоғам Абдуҳаким Ҳайдарович Усмонхўжаев Совет Армияси сафига чақирилган эди. У фин урушида иштирок этди. Улуғ Ватан урушини майор, Седлецкий Қизил байроқ 10-гвардия миномётчи полкининг штаб бошлиғи унвонида якунлади. У Рейхстаг устунларининг бирида: «Бизга душманлар келмаслиги учун, Тошкентдан Берлинга келдим», деб ёзиб қўйган.
Кейинроқ билишимизча, у ракета зарбалари устаси сифатида донг қозонган экан – уруш бошланган пайтдаёқ «Катюша» ларни қўллаган одамлардан бири бўлган. У 2-Ленинград артиллерия билим юртини тамомлагач, қирқ биринчи йил августида Синявин тепаликларида биринчи марта жангга кирган эди. Ёшгина лейтенант реактив қурилма ўтини бошқариб, Нева бўйидаги шаҳарга интилаётган душман бўлинмаси позицияларини ер билан яксон қилди. Тўпчилар таъбири билан айтганда, нишонни «юз фоиз» урди. Бу жанг учун Қизил Юлдуз ордени билан тақдирланди. Шундан кейин Сталинград остонаси ва Курск ёйидаги жангларда қатнашди, Белоруссия ва Польшани озод этди, талай жанговар орден-медалларга сазовор бўлди. Қирқ учинчи йил ёзида Курск остонасидаги жанг учун офицерларга бериладиган 3-даражали Кутузов ордени билан тақдирланди. Мукофот тақдимномасида «Қўққис ва дадил ҳужум натижасида душманга йирик талафот етказганлиги учун», деган сўзлар ёзилган. Олдиндан артиллерия тайёргарлиги вақтида, жанг бошланиши арафасида, эндиликда капитан унвонидаги тоғам ўз бўлинмасининг эрэсларини, яъни реактив снарядларини (жами 12 қурилма) фашист танкларининг жанговар сафлари устига дўлдек ёғдирди. Катюшаларнинг қақшатқич зарбасидан мақталган «Тигр» ларнинг миноралари учиб кетар, жаҳаннамий ҳароратдан зирҳлари эриб тушар, жанггоҳда абжағи чиққан танклар тутаб ётарди.
Албатта, бобом ва бувим тоғам ҳақида қаттиқ куйиниб, бу дўзахдан соғ-омон қайтсин-да, деб дуо қилардилар. Онам ҳикоя қилишича, тоғамдан хабар олиш ниятида бувим билан Сапёрная кўчасида жойлашган военкоматга тез-тез қатнаган эканлар. Дарвоқе, у ерда ҳар замон-ҳар замонда пиёз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат паёк олиб туришарди.
Афсуски, тоғам ўзи ҳақида ҳикоя қилишни хушламас, кўпроқ сафдошлари кўрсатган жасоратлар ҳақида сўзларди.
Уруш тугагач, тоғам Хоразм ва Самарқанд вилоятларининг ҳарбий комиссари этиб тайинланди. Ҳозиргидек хотиримда – у ҳар сафар бизни йўқлаб келганда уйимизда байрам бўларди. Эгнида ҳарбий либос, хушсурат, бўйдор, қомати расо, доимо ҳар биримизга совға олиб келарди. Айниқса ёдимда қолгани, у киссасидан бир даста совет пулларини чиқариб, ҳар биримизга бели букилмаган сўм берарди. Биз болакайлар қувончдан теримизга сиғмасдик. У ўз атрофига биз болаларни йиғиб, жамиятга ва оилага фойда келтирмоқ учун одобли ва интизомли бўлиш, муҳими, яхши ўқиш лозимлигини уқтирарди. Тоғамиз билан жудаям фахрланардик.
Туғишган Шоира опам айтишича, зилзиладан кейин қайнонаси Муҳайя холапошшанинг анчайин тоби қочиб, шошилинч операция ўтказиладиган бўпти. Юзага келган вазиятни инобатга олиб, уни опам билан бирга Самарқандга жўнатишипти. У ерда ўша вақтларда Муҳайё холапошшанинг укаси Абдуҳаким тоғам вилоят ҳарбий комиссари эди. Тоғам ва унинг рафиқаси Тоғонпошша кеннойи уларни хурсандлик билан кутиб олишипти. Тоғам ўз опасини касалхонага жойлаштиргач, шифокорлар билан шахсан гаплашиб, бу масалани назоратдан қочирмасди. Ҳартугул, тоғамизнинг саъй-ҳаракатлари билан операция муваффақиятли ўтди.
Айтиш керакки, ота-оналаримиз жуда иноқ бўлиб, тез-тез бизнинг уйга меҳмонга келиб туришарди. Муҳайё холам билан Зиёвиддинхон қори поччам, Шарифа опам билан Ғафур поччам, Мупаррах опам билан Жўра поччам, Сурайё опам билан Мурод поччам, отам Тўра ака бир жойда тўпланишар, улар билан кўпинча онамнинг тоғаси Мухсит ака ва Абдуҳаким, Абдуҳалим ва Абдукарим тоғаларим бўлишарди. Биз болалар учун бу чексиз қувонч эди ва бутун оила бўлиб меҳмонларни кутишга ҳозирлик кўрардик. Мен қўлимда қумғон билан сув қуярдим, улар қўлларини ювишар, уларга сочиқ тутардим. Аёллар онам бошчилигида ошхонада куймаланишар, дастурхон ёзиб, мазали овқатлар тортишарди. Эркаклар турфа таомлардан тотиб кўришар, ҳинд чойи ичишар, янгиликлар билан ўртоқлашишар, ҳазил-ҳузул қилиб, чақчақлашиб ўтиришарди.
Меҳмонларни кутиш учун ҳаммамиз роса ҳаракат қилардик! Назаримда, бундай дамларда ҳовлимиз яна ҳам гўзаллашиб кетарди! Мевали дарахтлару атиргуллар, гулбеорлару райҳонларнинг ифори тараларди. Ҳовлимизда катта шотут билан нок ўсарди. Абдуворис ака билан дарахтга чиқиб, меҳмонлар келишига мева териб қўярдик. Қўни-қўшнилар эса шотутни дори деб териб кетишарди. Ҳовлимиздан ариқ ўтарди. У вақтларда ариқлар суви биллурдек тиниқ ва тоза бўлар, ҳаттоки эрталаб туриб юз-қўлимизни ювардик. Ҳанузгача бу ҳовлимизга келган меҳмонлар тушимга кириб туради…
Ўз навбатида, биз болалар тоғамникига меҳмонга боришни хуш ёқтирардик. Ўша вақтда у ўз оиласи ва укаси академик Ҳалим Ҳайдарович Усмонхўжаев билан бирга Чақичмон маҳалласи Пахта кўчасидаги бир уйда истиқомат қиларди. Бу уй менга жуда ёқарди, чунки у ерда бир вақтлар бобом билан бувим туришган-да. Тоғаваччаларим Амирсаид ака, Ҳамид ва бошқа болалар эртадан кечгача ўйнаб, қувнардик. Шунингдек, улар ҳам бизникига тез-тез келиб туришар ва биз Амирсаид ака, Абдуворис ака, Ҳамид, холаваччаларим Ҳамза, Патхиддин, Шуҳрат билан чанг-чунг кўчаларда кун-уззукун футбол ўйнаб, Анҳорга бориб чўмилардик. Болаликнинг шодон ва беғубор йиллари шундай ўтган.
Ҳар замон-ҳар замонда қариндош-уруғлар жамулжам бўлиб, Абдуҳаким тоғамдан уруш ҳақида гапириб беришни сўрардик. Ўша вақтларда «уруш-уруш» болаларнинг севимли ўйини эди-да ахир. Тоғам бизга ўз ҳаёти, ёшлиги, уруш ҳақида қизиқ воқеаларни сўзлаб берар, ҳаммамиз, айниқса болалар уни нафасимизни ичимизга ютганча тинглардик. Тоғам меҳрибон, одил ва беназир инсон эди. У ажойиб фарзандларни вояга етказди, олий маълумотли қилди. Иродаси бақувват ва шу билан бирга, кўнгли юмшоқ одам эдилар.
Мен у билан кўп мулоқот қилиб, ўз ҳаёти ҳақидаги ҳикояларини тинглаганман. Фикримча, менда ўчмас таассурот қолдирган бу учрашувлар дунёқарашимга ва келгуси тақдиримга ижобий таъсир ўтказди. Бунинг учун, шунингдек, кўрсатган ёрдамию доно маслаҳатлари учун ундан чексиз миннатдорман.
Мен тоғам билан фахрланаман!
Ш. Т. Тўлаганов,
фалсафа фанлар номзоди.
Ассалому алайкум, ҳурматли яқин инсоним Шавкат Тураевич. Мқола катта меҳр ва ҳис ҳаёжон билан, ўз аждодларига бўлган иғурур, ифтихор руҳида чиройли, мукаммал ёзилган. Икки млнга яқин Ўзбекистон ўғлонлари Улуғ Ватан Уруши жангларида, жон бериб жон олишнан. Инсон учун берилган бир марталик ўз умрларининг йигитлик даврини Ватан учун бу жангларга тикишган. Тоғангиз Абдухаким Усмонхўжаев бу қирғин барот урушда ғалаба байроғини кўтара билган, мард инсон инсон сифатида тарихда мангу қолди. Биласизми, тоғангиз, Самарқанднинг узоқ қишлоғидан бўлган менинг Отам Мустафаев Исақул каби, қахратон совуқларда СССР-Финландия урушида қатнашган эканлар ва улар бу урушда ҳам ғолиб келганлар. Уларни қилган қаҳрамонликлари эвазига 35 млнли Ўзбекистонимиз гуллаб яшнамоқда. Уларни эслаб, ҳар қанча хотирлаб турсак арзийди. Бугун фронтда қатнашган ва уни ортида жасорт кўрсатиб меҳнат қилганлар пойига бош эгиб таъзимлар қиламиз. Қуръон ўқиб тиловат дуолар қиламиз ва энг асосийси келажак авлодга, уларни жасароти тўғрисида тинмай гапириб берамиз, токи бизнинг авлодларимиз Она юртимизнинг бир қапич ерини бировларга бермасин, кўз қарачиғидек асрашсин. Амийн.