17.1 C
Узбекистан
Вторник, 26 октября, 2021

Хеч ким ва хеч нарса унутилмайди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
3,450участниковПодписаться

Хотира

УСТОЗГА   ҲУРМАТ

(Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими

Аъзам хожи Абдувалиевнинг 85 йиллигига)


Қайсидир йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси аппарати касаба уюшмаси қўмитасининг раиси сифатида ходимларимизни қишга картошка билан таъминлаш мақсадида, Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳокимига мурожаат қилдим.

         Улар менинг хатимни кўриб чиққанларидан сўнг:

— Туманимизда энг сифатли картошка “Қорасув” жамоа хўжалигида етиштирилган. Хўжалик раиси Аъзамжон акага учрашсангиз улар, албатта, ёрдам берадилар, — деб маслаҳат бердилар.

Мен, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” Абдувалиев Аъзам Қирғизбоевич билан илгарироқ, халқ депутатлари Тошкент вилояти ижроқўми раиси ёрдамчиси лавозимида ишлаган вақтимда кўп бора учрашган, мулоқотда бўлган эдим.

Улар у вақтда “Ўзплодовощ” бирлашмаси вилоят бошқармасининг бошлиғи эдилар.

Аъзамжон ака ажойиб, юмшоқ муомилалик инсон. Мен улар билан анчадан бери кўришмаган эдим. Шунинг учун ёнимдаги шеригимга:

— Сизни ноёб қалб соҳиби, ажойиб инсон билан таништираман, — дея ҳайдовчига йўл кўрсата кетдим.

Аъзамжон ака ўз иш кабинетида эканлар. Қучоқ очиб кутиб олдилар. Ҳол-аҳвол сўраб бўлганимиздан кейин, мен уларга келишимиздан мақсад нималигини айтдим. Улар:

— Неча йилдирки Олий Мажлис бизларга бундай илтимос билан мурожаат этмаганди. Сизларга йўқ деймизми?! Омборхонага, ўринбосарим билан бориб, кўнгилларингизга ёққан картошкани танлаб олинглар. Нархини кейин келишамиз, — дедилар.

Бизлар учовлон омборхона томон йўл олдик.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳоким бува айтганларича, картошкамисан-картошка экан!

Биз оладиган картошкамизни танлаб, орқага қайтар эканмиз, биз томонга келаётган Аъзамжон акага кўзимиз тушди.

Бизларга яқинлашганларида, мени бир қўллари билан қўлтиқлаб, хамроҳимга мурожаат қилдилар:

— Сиз биласизми булар ким? Булар отамизнинг қадрдони, менинг устозим — Абдулҳақ Тоировнинг ўғлилари. Улар давлат хўжалиги (совхоз) раҳбари бўлган вақтда биз ҳали анча ёш эдик. Улар директорлик қилган хўжалик ҳудудида ҳозирги кунда иккита хўжалик ташкил топган. Шу хўжаликлардан бирига мен раҳбарман. Уларнинг ҳурмати, энг юқори сифатли картошкадан неча тонна керак бўлса, сизларга нархини оширмай етказиб берамиз, — дедилар. Менга қараб, яна, — Жиянингиз Орифжон ҳам ажойиб йигит бўлибди (катта акамни ўғлилари Орифжон шу пайтда, “Ўзплодовощпромхолдинг” компанияси раиси Б.Н.Носировнинг ёрдамчиси бўлиб ишламоқда эди), Баҳромжонда сидқидилдан хизмат қилмоқда. Бизни доим очиқ чеҳра билан кутиб олади, Ориф Алимович, Раҳматилла Қамбарович билан бизни дуойимизни олиб юрибди. Келажаги порлоқ бу йигит, ҳеч қачон кам бўлмайди, — дедилар. (Шунда, учрашиб, салом-алик қилганимизда, Аъзамжон ака анчадан бери кўришмаганимиз сабабли, мени бирданига тўлиқ танимаганликларини пайқадим).

Орқага қайтар эканмиз, хамроҳим устозини эъзозлаган инсон ҳақида, унинг муомаласи ҳақида сўзлаб борар, отам ҳақида сўрар эди.

Отамизни билган, ўз вақтида уларнинг марҳаматидан баҳраманд бўлган бир инсоннинг унинг фарзандига кўрсатган илтифоти туфайли, ўша йили ходимларимиз қишга бозор нархидан анча паст нархда, сифатли картошка билан таъминландилар. Касбдошларимиз унинг ким орқали етказганимизни эшитиб, отамиз ҳақига ҳам, Аъзамжон ака ҳақига ҳам дуолар қилдилар.

Картошка баҳонасида, мени билсалар-да, отамизни билмаган кўп кишилар улар ҳақида бир мунча тасаввурга эга бўлдилар. Мен эса падари бузрукворим шу ерда ҳам менга мадад берганларидан беҳад хурсанд эдим.

* * *

Аъзамжон Қирғизбоевич билан картошка сабаб тикланган алоқамиз улар оламдан ўтгунларига қадар давом этди. Қаерда учрашмайлик улар доимо бағриларига босиб, самимий сўрашар эдилар. Минг афсуски, вақти-соати келиб улар оламдан ўтдилар. Жойлари жаннатда бўлсин.

Тақдир тақозоси билан бир-неча йилдан бери мен, оила аъзоларим билан, илгари айнан Аъзамжон ака раҳбарлик қилган “Қорасув” жамоа хўжалиги ҳудудига тегишли бўлган Хонобод маҳалласида яшаб келмоқдаман. У-бу юмуш билан пойтахтимиз маркази томон юрадиган бўлсам, албатта, Аъзамжон аканинг иш хонаси жойлашган кўчани кесиб ўтаман ва уларни ёдга олиб, дуо қиламан. Аъзамжон ака ҳаёт бўлганларида шу кунлари 85 ёшга тўлган бўлар эдилар. Бундай инсонларнинг хотираси уларнинг яқинлари, дўст-биродарлари, шогирдлари қалбида абадий сақланиб қолиши шубҳасиз.

Маҳмудхон ТОИРОВ,

Меҳнат фахрийси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Сайлов 2021 дастлабки натижалари эълон қилинди

Куни кеча бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинди. Алишер Навоий номидаги симпозиумлар...

Больше похожих статей

Рус