Адлия вазирлиги томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ҳамкорлигида “Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг асосий йўналишлари” мавзусида семинар ташкил этилди, дейилади Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг асосий йўналишлари семинарнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.
Унда профессор ўқитувчилар томонидан Кодекс лойиҳасида кўрсатилиши лозим бўлган тадбиркорларнинг ҳуқуқ устуворлиги, минимал тартибга солиш, эркин рақобат, эркин нутқ каби принципларни киритиш таклифлари билдирилди.
Бундан ташқари, семинарда бахс ва мунозараларда ижтимоий тадбиркорлик, инновацион тадбиркорлик, инвестиция муносабатлари, тадбиркорликни молиялаштириш каби масалаларга эътибор қаратиш лозимлиги, шунингдек, тадбиркорлик ва давлат ўртасидаги муносабатларда Конституциявий суд, Бизнес-омбудсман ва бошқа давлат органларининг ваколатлари тўғрисидаги масалаларга тўхталиб ўтилди.
Адлия вазирлиги Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнларига тадбиркорлик субъектлари, соҳанинг илмий вакиллари, соҳа бўйича мутахассис, экспертлар ва бошқаларни фаол қатнашишга чорлайди.