Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан халқаро темир йўл қатновларини босқичма-босқич тиклаш бўйича Қозоғистон ва Россия темир йўл маъмуриятларига мурожаат юборилди. Бу ҳақда компания ахборот-таҳлилий медиа маркази хабар берди.
Маълумотда: «Ҳозирда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан халқаро темир йўл қатновларини босқичма-босқич тиклаш бўйича Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси темир йўл маъмуриятларига мурожаат юборилди. Ушбу мурожаат ҳар икки давлатнинг ваколатли давлат органлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда ва яқин келажакда амалга оширилиши мумкин», дейилади.
Таъкидланишича, йўловчиларнинг таклифларини ўрганиб чиқиб, ҳудудларда янги йўналишлар очилди.
Хусусан, Термиз – Хива – Термиз, Андижон – Нукус – Андижон, Тошкент – Наманган – Андижон, Андижон – Наманган – Тошкент, Андижон – Хива – Андижон, Тошкент – Олот – Тошкент, Тошкент – Шовот йўналишларида поездлар қатнови йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, «Афросиёб» тезюрар поездлари бошқа йўналишларда ҳам ҳаракатланиши йўлга қўйилади.
«Бухоро – Мискин» янги темир йўл линиясида электрлаштириш ишлари якунига етгач, ушбу поездлар Хива шаҳрига қатнайди.
Жорий йилда иккита тезюрар «Афросиёб» поезди олиб келинади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатнинг тоғли шароити оғир ҳудудларига тезюрар поездлар қўйилмайди. Сабаби, бу модификациядаги поездлар бу ҳудудларда юқори тезликда ҳаракатлана олмайди