Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда ҳудудларда ҳали ҳамон кўнгилочар тадбирлар давом этмоқда. Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги “Лавандоқ” массивида байрам муносабати билан кўпкари мусобақаси ўтказилди.
Минглаб юртдошларимизни жамлаган ушбу кўпкарида вилоятимиз туманларидан ташқари бошқа вилоятлардан ҳам чавандозлар иштирок этди.
Кўпкари – Ўрта Осиё халқларининг қадимий оммавий, миллий ўйинларидан бири саналиб, дастлаб ғалаба ва ҳосил байрамлари, тўй ва сайиллар муносабати билан ўтказилган. Кўпкари томошалари олдидан махсус жарчилар қишлоқ, овулларга юборилиб, одамлар гавжум жойларда, бозорларда эълон қилган. У йигитларни мард, жасур, эпчил, довюрак қилиб тарбиялаш вазифасини бажарган.
Чавондозлар доимий равишда от наслини яхшилашга, чидамли, тез ҳаракат қиладиган зотларини кўпайтиришга эътибор қаратган. Улоқни белгиланган маррага биринчи бўлиб ташлаган чавондозларга соврин сифатида турли миқдордаги пул мукофотлари, чорва моллари, тойлар ва туялар берилди