Мўғулистон пойтахтида хоккей бўйича U-18 ёш тоифасида ўтказилган қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси барча рақиблари устидан ғалаба қозониб, мазкур спорт турида илк бор Осиё чемпионлигини қўлга киритган эди деб хабар бермоқда Olamsport.
Кеча Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ёш хоккейчиларимиз тантанали равишда кутиб олинди. Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, спортчиларнинг ота-оналари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазири қўлга киритилган тарихий натижа билан ёш хоккейчиларимиз қутлаб, уларга кейинги мусобақаларда ҳам омад тилади.
Эслатиб ўтамиз, иқтидорли хоккейчимиз Жасурбек Рустамхонов мусобақа давомида 14 та гол ва 12 та ассист муаллифига айланиб, мусобақанинг энг яхши хоккейчиси номига сазовор бўлган эди.