Женева шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа Иқтисодий Қўмитасининг 70-сессияси доирасида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбарияти ва UNECE раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди, унда томонлар саноатни рақамлаштириш ва «яшил» энергияни жорий этиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
UNECE Уюшма раҳбариятига бутун ишлаб чиқариш циклини кузатиш имконини берувчи блокчейн тизимини жорий этиш бўйича UNECEнинг Пилот лойиҳасини амалга оширишда ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдирди. Томонлар пахта-тўқимачилик соҳасида эришилган ютуқлар, ислоҳотлар даражасини ҳам барқарорлик, ҳам рақамлаштириш нуқтаи назаридан олқишладилар.
UNECE вакиллари Ўзбекистоннинг сўнгги 5-6 йил давомида эришган ютуқларини юқори таъкидладилар. UNECE департаменти директори Э.Тюркнинг айтишича, ўтган давр Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб, бутун дунёга очилаётганини кўрсатди. Мамлакатимизда халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган амалий ислоҳотлар яққол кўзга ташланади ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, сармоявий муҳитни яхшилаш, мулкни ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилганига, бу эса ўз ўрнида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва барча фуқароларнинг эркин фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатини яратилишига ишонч билдирилди.
Учрашувлар якунларига кўра, UNECE техник кўмак дастури доирасида саноатни рақамлаштириш бўйича лойиҳаларни қисман молиялаштиришга тайёрлигини ва халқаро стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди. Шунингдек, хорижий томон Уюшманинг яқинлашиб келаётган Тошкент тўқимачилик ҳафталигида иштирок этиш таклифини қабул қилди, унда UNECE вакиллари кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича семинар ўтказишга келишиб олинди.