Жорий йил 1-2-декабр кунлари Россия Федерацияси ҳукумати делегацияси ва 300 дан ортиқ бизнес вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми ва Б2Б форматида музокаралар ўтказилмоқда.
Мазкур Бизнес-форум Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, илмий-техникавий ҳамда инновацион ҳамкорликни янада кенгайтиришни назарда тутади.
Бизнес-форумда Россия томонидан ташриф буюрган 270 нафардан ортиқ йирик ва нуфузли компаниялар вакиллари билан республикамиз иқтисодиётининг турли соҳаларидан таклиф этилган 300 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қатнашмоқдалар.
Унда нефтегаз, геология, транспорт-логистика, озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, тўқимачилик, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва бошқа қатор йўналишлар бўйича тадбиркорлар томонлар учун ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни кўриб чиқишади.
Форум доирасида ташкил этилган B2B ва B2G форматидаги учрашувларда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилиши кутилмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, тадбиркорлар учун қўшимча имкониятлар яратишда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.