Вазирлар Маҳкамасининг “Сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда сув ва салқин ичимликларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва уларнинг айланмасини ҳисобга олиш механизми тубдан такомиллаштирилади.
Тизим 2023-2024 йиллар давомида босқичма-босқич жорий этилади.
Ачитилмаган ва таркибига спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек, газланган ҳамда газланмаган сувлар ва ичимликлар — 2023 йил 1 июлдан бошлаб; металл, шу жумладан, алюмин идишдаги сув ва салқин ичимликлар эса — 2024 йил 1 августдан бошлаб мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига ўтказилади.
Маркировка кодлари оператор томонидан мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга ва импорт қилувчиларга тегишли буюртма асосида тақдим этилади.
Мажбурий рақамли маркировкалаш тартибини жорий қилиш кунига қадар ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи ташкилотлар операторга маркировка кодларини буюртма беришга ҳамда ушбу маҳсулотларни уларнинг қадоқларига идентификациялаш воситаларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқаришга ҳақли.
2023 йил 1 июлдан эътиборан тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни импорт қилувчилар зиммасига божхона юк декларациясида импорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича агрегацияланган импорт кодини акс эттириш мажбурияти юкланади.
Тартиб жорий қилинган кундан бошлаб, тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкасиз маҳаллий ишлаб чиқариш (экспорт учун ишлаб чиқариш бундан мустасно) тақиқланади. Мазкур ҳолатлар аниқланганда, қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинаётган сув ва салқин ичимликларнинг агрегацияланган импорт коди бўйича маълумотларни божхона юк декларациясида кўрсатилмасдан, “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштириш тақиқланади.
Олти ой мобайнида тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан рақамли маркировкаланмаган сув ва салқин ичимликлар қолдиқларини сотишга рухсат берилади.
Тўққиз ой мобайнида тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни улгуржи савдо ташкилотлари томонидан рақамли маркировкаланмаган сув ва салқин ичимликлар қолдиқларини сотишга рухсат берилади. Тўққиз ой ўтгач фақат электрон ҳисобварақ — фактураларга маркировка кодлари тўғрисидаги маълумотларни киритган ҳамда “Asl belgisi” МАТга маълумот юборган ҳолда амалга оширилади.
Тегишли гуруҳлар учун белгиланган мажбурий рақамли маркировкалаш санасига қадар ишлаб чиқарилган ва юқорида белгиланган муддатларда эркин муомалага киритилган сув ва салқин ичимликларни чакана савдо ташкилотлари томонидан ўн икки ойдан кўп бўлмаган муддатда идентификация воситаларисиз сотишга рухсат берилади.