Тўқимачилик саммитининг давоми сифатида тадбир иштирокчилари билан бир қатор муҳим учрашувлар ўтказилди.
Ана шундай учрашувлардан бири «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида Ўзбекистон-Италия Савдо-саноат палатаси – президенти Жоржио Веронезе ва Cottonella компанияси бош директори бошчилигидаги Италия компаниялари делегацияси вакиллари билан бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Палата Италия ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, кооперация алоқаларини яхшилаш икки давлат ўртасидаги савдо, маданий, ижтимоий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашишга катта аҳамият бермоқда.
Музокаралар давомида Cottonella компанияси Тўқимачилик саноатидаги ислоҳотлар ва Ўзбекистоннинг географик жойлашуви (маҳсулотни Европа Иттифоқига етказиб бериш 14-17 кунда амалга оширилади), хомашё, энергия учун нисбатан рақобатбардош нархлар, ўсиб бораётган МДҲ бозори, кадрлар мавжудлигини юқори баҳолаб Италия компанияси Ўзбекистонда иш олиб боришга қарор қилганлигини маълум қилди.
Ўзбекистон инвесторлар томонидан бежизга танлангани йўқ. Cottonella маълумотларига кўра, бренд Италия бозорининг 90% дан ортиғини эгаллайди ва ўрта сегмент учун ишлайди. Cottonella бренди остидаги маҳсулотлар фақат пахтадан ишлаб чиқарилади, бу бренд номининг асосидир. Ўзбек пахтаси барча талабларга жавоб беради ва экологик тоза. Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистонда итальян брендлари учун ички кийим ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга келишиб олдилар. Бундан ташқари, томонлар биргаликда Италияда технологлар учун икки ҳафталик тренинглар ва Барқарор мода бўйича Италиянинг етакчи мода мактабларида дизайнерлар учун ойлик курсларни ташкил этиш бўйича келишиб олдилар.