Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасини таҳлил қилди.
Туризм мамлакатимиз иқтисодиётининг эртанги куни. Сўнгги йилларда туризм миллий иқтисодиётнинг «ўсиш нуқталаридан» бирига айланди. У туризмга алоқадор бошқа тармоқларни ривожлантириш учун драйвер бўлиб, юқори мультипликатив таъсири билан даромадларнинг ортишига хизмат қилади. Туризм Ўзбекистон шароитида янги иш ўринларини ташкил этишда ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Туризмни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли уч йил ичида сайёҳлар сони 2,5 баравар ошди. Агар 2017 йилда уларнинг сони 2,7 миллион нафарни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда 6,7 миллион нафарга етди. 2020 йилда пандемия туфайли 1,5 миллион, 2021 йилда эса қарийб 1,9 миллион хорижий сайёҳ юритимизга келди. Туризм хизматлари экспорти 2020 йилда 370 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 15,1% ошиб, 422,1 миллион АҚШ долларига етди. 2022 йилда жами 4,5 миллион сайёҳнинг келиши, бунинг ҳисобига туризм хизматлари экспорти сезиларли даражада ортиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда туризм соҳасининг жадал тикланишида ижобий тенденциялар кузатилаяпти. Айни пайтда мамлакат чет эл саёҳатлари учун бутунлай очиқ. Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагида бўлганлар учун барча чекловлар олиб ташланди. Пандемиядан кейин ички туризмни тиклаш ва аҳолининг мамлакат бўйлаб саёҳат қилишини тизимли равишда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.