Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни (ТТХИ) жалб қилиш борасида Жанубий Корея тажрибасини ўрганиб чиқди.
Ривожланишининг дастлабки босқичида Жанубий Кореяда капитал қўйилмалар ва технологияларнинг катта қисми тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига эмас, балки қарз олиш ва лицензиялаш амалиётига асосланиб жорий этилган. Тижорат ва давлат қарзлари 1980 йилгача жами хорижий капитал оқимининг 80%дан ортиғини ташкил қилган.
Бу тенденция 90-йилларда давом этди, аммо юқори технологияли саноат тармоқларига ТТХИни жалб қилиш зарурлигини эътироф этган ҳолда, 80-йилларнинг иккинчи ярмида Жанубий Корея тегишли сиёсат ишлаб чиқа бошлади. Уни амалга оширишнинг фаол босқичи ўтган асрнинг 90-йилларида бошланди.
Қабул қилинган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олди:
— юқори технологияли тармоқларга ТТХИ учун солиқ имтиёзлари;
— 1992-йилдан бошлаб инвестиция тартибларини соддалаштириш;
— 1993-йилдан бошлаб ТТХИ ҳажмини эркинлаштириш ва тегишли беш йиллик режани амалга ошириш.
Ислоҳотлар дастури 4 та асосий йўналишни қамраб олди:
— молия сектори;- корпоратив сектор;- давлат сектори;
— меҳнат бозори.
Жанубий Корея тажрибасини ўрганган ҳолда қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:
— ислоҳотлар ички ривожланиш шароитлари ва глобал ўзгаришларга қараб босқичма-босқич амалга оширилиши керак, чунки иқтисодий муваффақият учун универсал қоидалар мавжуд эмас;
— ТТХИни жалб қилиш сиёсати самарадорлигининг асосий кўрсаткичи сифатида экспорт ҳажмини олиш лозим, у жаҳон бозорида параллел равишда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги қанчалик ўзгараётганини акс эттиради;
— ТТХИни жалб қилиш сиёсати манзилли бўлиши ва қабул қилувчи мамлакат учун фақат устувор тармоқлар учун яхши шароитларни яратишни кўзлаши зарур;
— солиқ таътиллари ва бошқа турдаги имтиёзлар асосан технология, илмий-тадқиқот ва ишланмалар билан боғлиқ юқори технологияли бизнес учун эълон қилингани маъқул;
— ТТХИ учун инвестиция муҳитини яхшилаш нафақат меҳнат бозори, солиқ, молия, валюта ва маъмурий хизматлар, балки таълим, уй-жой, тиббий хизмат, транспорт, маданият, кириш ва чиқиш жараёнлари ва бошқа соҳалардаги ҳар қандай қийинчиликларни бартараф этишни ўз ичига олиши керак.