✔️ Давлат раҳбари томонидан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга оид бир қатор устувор вазифалар белгиланган бўлиб, шулар жумласидан саноат корхоналаридан атмосферага ташламаларни камайтириш ва уларни тартибга солишга қаратилган вазифалар ҳисобланади. Ушбу вазифаларни тўлақонли бажариш мақсадида республикада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йил бошидан 400 га яқин йирик саноат корхоналарининг 1500 га яқин чанг-газ тозалаш ускуналари хатловдан ўтказилиб, шундан 270 та корхонанинг 1000 дан ортиқ ускуналарини модернизация қилиш ва янгиларига алмаштиришни тақозо этилиши маълум бўлди. Шу сабабдан, 2022-2023 йилларга мўлжалланган чора тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг март ойида тасдиқланиб, ижрога қаратилди.
Бунда, ҳар бир саноат корхоналарининг чанг-газ тозалаш самарадорлиги ҳозирги 75-80 фоиздан 95 ва 99,5 фоизга етказилади ва бунинг эвазига атмосферага йиллик ташланаётган 15 минг тоннадан ортиқ зарарли газлар камайишига эришилади.
Ўтган давр мобайнида 30 та саноат корхоналарида умумий 114 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини таъмирлаш ва янгиларига алмаштириш таъминланди. Шу ўринда саноат корхоналаридан атмосферага умумий ташламалар ҳақида маълумот бериб ўтмоқчи эдим.
2021 йилда республикадаги жами саноат корхоналаридан атмосферага 909 минг тонна ташламалар ташланган Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 43,8 минг (4,6 %) ҳамда 2020 йилга нисбатан 15,4 минг (2 %) тоннага камайганлигини кўриш мумкин.
Айниқса, ушбу ташламалар миқдори Андижон, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида олдинги йилга нисбатан бир мунча камайган.
Ташламаларнинг камайишига асосан корхона ва ташкилотларда “яшил” технологияларга босқичма-босқич ўтиш орқали камчиқитли технологияларнинг қўлланилиши ҳамда турғун ташлама манбаларига ўрнатилган чанг-газ тозалаш ускуналарининг доимий модернизация қилиниб, янгиланиб борилаётганлиги ҳисобланади.
Маълумот ўрнида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепцияси доирасида 2030 йилгача саноат ташламаларини 2019 йилга нисбатан 10 фоизга камайтириш белгиланган.
Саноат ташламаларини ҳудудлар бўйича ҳам таҳлил қилинадиган бўлса, саноати ривожланган Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги 20 дан ортиқ пишган ғишт ва Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги 30 га яқин қурилиш ва пардоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолиятлари ҳамда Тошкент вилоятининг бир қатор саноати ривожланган туман ва шаҳарлари ҳудудлари Давлат экология қўмитаси томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, ушбу ҳудудлар бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурлари қабул қилинган.
Хулоса ўрнида, юртимизда экологик ҳолатни яхшилаш, ҳусусан атмосфера ҳавосига зарарли таъсирларни камайтириш бўйича Қўмита томонидан барча ваколат ва қонунчилик доирасида имкониятлар етарли ҳамда фуқароларимизнинг қулай об-ҳаво шароитида яшашни таъминлашга қаратилган доимий чоралар кўриб борилади.