Марказий банк 1 июль ҳолатида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳолатини эълон қилди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳажми 35 миллиард 583,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2022 йилнинг июнь ойида ўтган ойга нисбатан 179,8 миллион долларга кўпайди. Захира активлар таркибида монетар олтин 21,22 миллиард долларни ташкил этмоқда. Монетар олтин қиймати 39,8 миллион долларга, ҳажми эса 280 минг унцияга кўпайган. Ялпи захираларнинг валюта қисми июнь ойи билан солиштирганда ўсиш ҳажми 157,5 миллион долларни ташкил қилган. Валюта захиралари ҳозирда 13,3 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Нақд валюта ва депозитларнинг 328,5 миллион доллари бошқа марказий банкларда, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳамда Халқаро ҳисоб-китоблар банки (ХҲКБ)да, қолган 12,979 миллиард доллари эса бош офиси хорижда жойлашган банкларда сақланмоқда.
Бундан кўриниб турибдики, июнь ойи давомида ҳам катта эҳтимол билан нархлари тобора пасайиб бораётган олтин сотилмаган. Шу билан бирга захираларнинг валюта қисмининг ўсишига эришилган. Олтин сотилмаган ойларда халқаро захираларнинг, айниқса унинг валюта қисмининг ўсиши юз бериши тескари интервенция (ностерил интервенция — хорижий валюта сотиб олиниши) натижалари туфайли ҳам бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан 444,3 миллион долларга ёки 1,3 фоизга ошди. Бунда олтин нархининг йил бошидаги 1799,25 доллардан 1813,60 долларгача ўсишининг таъсири 168 миллион долларни ташкил қилди.