2022 йил 30 май куни Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ғалла бозорини эркинлаштиришнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ва ички бозорда ун ва нархи бақарорлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва мутасадди раҳбарлар, жумладан:
Шуҳрат Мирзаев – Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари,
Фаҳриддин Мусаев – «Ўздонмаҳсулот» АК бошқарув раисининг ўринбосари
Жамшид Абруев – Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари
Абдулазиз Ҳайдаров – Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи директори
Абдурашид Исроилов – Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғармасининг директори иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Сўнгги йилларда иқтисодиётнинг барча тармоқларида бўлгани каби қишлоқ хўжалиги соҳасини эркинлаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилди.
Ҳаммангизнинг хабарингиз бор 2019 йил охирида бошланган коронавирус пандемиясининг кенг ёйилиши бутун дунёда аҳолига асосий турдаги озиқ-овқат маҳслуотларини етказиб беришда муаммоларни вужудга келтирди. Чекловлар шароитида аҳолини асосий истеъмол маҳсулоти бўлган арзон ва сифатли ун ва нон билан кафолатли таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарувчилар ва аҳолига тўғридан-тўғри етказиб бериш механизми жорий қилинди.
Ушбу тартиб бугунги кунгача амалда бўлди ва бу вақтинчалик чора ўз вазифасини бажариб бўлди. Қуйидаги ҳолатлар мазкур тартибни сақлаб қолишнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатмоқда:
ички бозорни арзон ун ва нон билан таъминлаш мақсадида буғдой харид нархларини давлат томонидан белгилаш бозор тамойилларига мос эмас ва бу буғдой етиштирувчи хўжаликларнинг буғдой етиштиришдан зарар кўришларига олиб келди;
давлат ресурсларига олинган буғдойдан ишлаб чиқарилган ун ички бозорни тўлиқ таъминлаб бермаслиги сабабли импорт ун ва маҳаллий ун нархлари ўртасидаги катта фарқ маҳаллий унни етказиб бериш занжирида коррупциоген муҳит шаклланишига сабаб бўлди;
мазкур тартиб жорий қилиниши фонида кўплаб қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар енгил даромад топиш йўлига ўтди, давлат ресурсидаги унни арзон нархларда аҳолига тўлиқ етказмасдан, бир қисмини бозорда қиммат нархда сотилмоқда. Арзон қолипли нон ишлаб чиқаришга мўлжалланган ун ҳам нон ишлаб чиқаришга етиб бормасдан, бозорда сотиб юборилмоқда.
Тошкент шаҳрида қоплипли нон арзон нархда ушлатиб турилиши туфайли, уни қўй ва мол учун сотиб олиш ҳолати кўпайиб кетди, чунки қолипли нархи, ем учун сотиб олинадиган буғдойдан ҳам арзон бўлиб қолди.
Хулоса қилиб айтганда, давлат ресурсларига олинган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун маҳсулоти арзон нархларда аҳолига тўлиқ етиб бормаяпти.
Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида жорий йилдан ғаллани ҳарид қилиш жараёнига тўлиқ бозор механизмларини жорий қилиш назарда тутилмоқда. Энди барча истеъмолчилар учун тенг шароит яратиш орқали ғалла бозори эркинлаштирилади.
Ўтган йили ноябрь ойида тарихий қарор қабул қилиниб, унга кўра, 2022 йил ҳосилидан бошлаб ғаллани етиштириш ва ҳарид қилиш жараёнига бозор механизмларини жорий қилиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берилди.
Бу ислоҳотларнинг туб моҳиятида нима ётибди?
Юқорида кўрсатилган салбий ҳолатларининг олдини олиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда республикада дон етиштириш ҳажмларини сезиларли даражада ошириш мақсадида ўтган хафта Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ушбу Қарорларни қабул қилишнинг асосий мақсади биринчи навбатда ғалла етиштирувчиларнинг, шу жумладан фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини ошириш ва шу асосда ғалла ҳосилдорлиги ва ялпи ҳосил етиштириш ҳажмларини кескин оширишга замин яратишдир. Бу ўз навбатида ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга замин яратади ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширади.
Қарорда ғалла бозорини эркинлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, 2022 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғармаси маблағлари ҳисобидан
1 783 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида;
266,5 минг тонна буғдой уруғлик сифатида харид қилинади.
Давлат ресурсларига қабул қилинган буғдой учун дастлабки босқичда буғдой етиштирувчи ҳўжаликларга буғдойнинг тоннасига ўртача 3 млн. сўмдан тўлаб берилади ва июль-август ойларида шаклланган биржадаги буғдой нархларидан келиб чиқиб, ушбу буғдой учун сентябрь ойида қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Мисол учун июль-август ойларида буғдойнинг ўртача биржа нархи тоннасига 3,7 млн. сўм бўладиган бўлса, буғдой етиштирувчиларга яна тоннасига 700 минг сўмдан тўлаб берилади.
Бундан ташқари 500 минг тонна буғдой ғалла етиштирувчилар томонидан июль, август ва сентябрь ойларида биржа савдоларида сотиш учун дон корхоналарига қабул қилинади. Бу буғдойни фермерлар ўзи биржада ўзи сотади ва тўлиқ бозор нархида буғдой пулини олади. 500 минг тоннанинг дон корхоналарига ташиш ва сақлаш харажатлари давлат томонидан қопланади.
Ғалла етиштирувчилар томонидан биржада сотиладиган 500 минг тонна буғдой ва давлат ресурсларига харид қилинган буғдой биржа савдоларида мулкчилик шаклидан қатъий назар, харид қилинган буғдойнинг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги ун маҳсулотини сотиш мажбуриятини олган барча ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга сотилади.
Бундан ташқари ун ишлаб чиқаришга мос келмаган 4 ва 5 синф буғдой биржа савдоларида ҳеч қандай чекловларсиз барча истеъмолчиларга сотилади.
Ҳар биримиз ўзимизга савол бериб кўришимиз лозим, нима учун шунча ўтган вақт давомида фермерлар ерга инвестиция қиритмаган, нима учун улар доим ё банкдан ё давлатдан қарз бўлган, нима учун ернинг унумдорлигини оширишга, шўрланишини камайтиришга ҳаракат қилмаган. Бунинг битта сабаби – уларда моддий манфаатдорлик йўқ эди.
Жорий йилдан бир ғалла бозорини эркинлаштираяпмиз. Бу фермерлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Фермер бой бўлса, халқ бой бўлади.
Республикамиз меҳнатга лаёқатли аҳолининг 44 фоиз қисми қишлоқ хўжалигида фаолият олиб боришини инобатга оладиган бўлсак, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ошиши мазкур тармоқда фаолият юритаётган аҳолининг моддий манфаатдорлигига ижобий таъсир кўрсатиши шубхасиз.
Буғдой нархининг эркинлаштирилиши ички бозордаги нархлар даражасига қандай таъсир кўрсатади?
Ҳозир сизлар билан оддий статистик маълумотларга таянган ҳолда ушбу масалани таҳлил қилиб кўрамиз.
Ўзбекистонда аҳоли ва корхоналарнинг ун маҳсулотига бўлган йиллик талаби ўртача 3 млн.тоннани ташкил этади, шундан аҳоли эҳтиёжи тахминан 2,4 млн.тонна.
2021 йилда республикамизда 3,5 млн.тонна ун маҳсулоти ишлаб чиқарилган, яъни бу дегани ун ишлаб чиқариш бўйича республика эҳтиёжи ички ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминланади.
Энди кейинги масала ғалла бозорининг эркинлаштирилиши ун нархига қанчалик таъсир кўрсатади?
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки бир йилда давлат ресурсларига ҳарид қилинган буғдой ҳисобидан ишлаб чиқарилган уннинг 1,0 млн.тонна қисми марказлашган ҳолда етказиб берилса, яъни бу жами ресублика эҳтиёжининг тахминан 30 фоизини ташкил этади. Бозорнинг қолган 70 фоизида нархлар эркин бозор тамойиллари асосида шаклланади, яъни ҳозир ҳам бозордаги ун нархининг асосий қисми талаб ва таклиф асосида шаклланган нарх ҳисобаланди.
Шунинг учун, ғалла нархининг эркинлаштирилиши ун нархининг ошишига олиб келмайди. Чунки бозор ва дўконларда ун ва ун маҳсулотларида бозор нархларида сотилмоқда.
Сўнгги таҳлиллар шун кўрстмоқдаки, ун нархининг ошиши бу глобал масштабга эга бўлиб, бутун дунёда буғдой ва ун нархининг ошиши кузатилмоқда.
Май ойида дунё биржаларида буғдой нархлари динамикасида буғдойнинг бир тоннаси нархи 400-458 АҚШ долларини (олдинги ҳафтада-395-451 АҚШ доллари) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига (272-290 долл.) нисбатан 47-58 фоизгача ошган.
1-расм. Жаҳон бозорида буғдой нархининг ўзгариш динамикаси
Хорижий давлатлар томонидан ун экспортига жорий этилган чекловлар ва импортёр давлатларнинг талаб босими фонида бугунги кунда, Сариағаш темирйўл станциясида бир тонна 3-синф буғдойнинг нархи 396-410 доллар (ўртача 400 доллар, ҚҚС қийматисиз) доирасида ташкил этмоқда ёки март ойи бошидаги (300 АҚШ доллари/тонна) нархларга нисбатан 33 фоизга ўсиш кузатилган.
Шунингдек, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари нархларининг кескин ошиши ҳам нархлар ўсишининг асосий омили ҳисобланмоқда. Россияга нисбатан киритилган иқтисодий санкциялар фонида жаҳон бозорида нефть нархининг ҳам кўтарилиши содир бўлмоқда.
Бу ўз навбатида транспорт ҳаражатларининг ортишига ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилишига сабаб бўлади.
Шунингдек, жаҳон бозорида минерал ўғитлар таклифидаги узилишлар туфайли, уларнинг нархининг ошиши озиқ-овқат маҳсулотлари таннархиниг ошишига олиб келмоқда.
Шунга кўра, Ўзбекистон ҳам халқаро ҳамжамиятнинг ажралмас бир қисми бўлгани ҳамда интеграцион жараёнларнинг чуқурлашуви шароитида халқаро бозорларда кузатилаётган салбий тенденциялар ички бозорда ҳам нархларга салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Лекин мазкур салбий кутилмаларнинг олдини олиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
Шунинг учун, агар ун нархи ошган тақдирда ҳам ушбу ўсиш ички омиллар ҳисобига эмас, фақат ташқи бозордаги ўзгаришларга боғлиқ равишда содир бўлиши мумкин.
Нарх ўсиши қачонгача ошади деган саволга халқаро бозорлардаги ҳозирги ноаниқликлар шароитида жавоб бериш жуда қийин. Лекин, халқимиз хотиржам бўлиши мумкинки, республикамизда ун ва нон нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўриб борилади.
Ички бозорда ун ва нон тақчиллиги вужудга келиши мумкинми?
Жорий йилда республикамизда 7,5 млн.тоннадан ортиқ буғдой етиштирилиши кутилмоқда. Ушбу кўрстакич ўтган йилга нисбатан
1,5 млн.тоннага кўпроқни ташкил этади.
Умуман олганда, республиканинг буғдойга бўлган йиллик талаби 8,5 млн.тоннани ташкил этиб, ушбу эҳтиёжнинг 80-85 фоизи ички ресурслар ҳисобидан қопланади.
Шунинг учун халқимиз хотиржам бўлиши керакки, бизда ун ва буғдой захиралари етарлича шаклланган ва зарур ҳолларда давлат томонидан буғдой қўшимча ички бозорга йўналтирилади.
Ҳозирда барча Ҳукумат ва маҳаллий хокимият органлари томонидан ички бозорда, хусусан шаҳар ва туманларнинг ҳар бир савдо дўконида ун ва нон маҳсулотларининг доимий мавжуд бўлишини таъминлаш бўйича доимий мониторинг ўрнатилган.
Ғалла бозори эркинлаштирилиши шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари қандай қўлла-қувватланади?
Бизнинг иқтисодий ривожланиш моделимиз ижтимоий ҳимояга йўналтирилган модел бўлганлиги сабабли мазкур жараёнда аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ воситалар ва механизмлар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги ПҚ-258-сонли қарорига асосан, ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида – 400 минг сўмдан.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан тўлаб берилади.
“Темир дафтар”га киритилган ҳамда бир марталик моддий ёрдам пулларини олмаган эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, ушбу оилаларнинг ҳар бир аъзосига 20 килограммдан бепул ун тарқатилади.
Шунингдек, ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси ва бошқа манбалар ҳисобидан бепул ун тарқатишни ёки нақд пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатиб бориш таъминланади.
Бунда, 2022 йил давомида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида эҳтиёжманд оилаларнинг аҳволини мунтазам равишда ўрганиб боради.