Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўзбек сўмининг янги банкнотлари учун танланган ва унчалик ҳам муваффақиятли чиқмаган дизайн устидан анча-мунча эътироз билдирди. Рангларнинг ўхшашлиги ва нолларнинг ёпишиб кетгани боис одамлар ҳар хил қийматдаги пулларни адаштириб юборяпти. Дизайнер Азамат Шамузафаров пулда дизайн нима учун муҳимлиги, тарихан бу масала қандай шакллангани ва янги сўмларнинг камчиликлари ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбек сўмининг янги банкнотлари истеъмолчилар учун пул билан боғлиқ янги ташвишга айланди. Турли қийматдаги сўмларнинг ташқи кўринишидан бир-бирига жуда ўхшаш экани ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Орасида бўшлиқ (пробел) қолдирилмаган ноллар ва банкнотлар рангларининг ўхшашлиги ортидан, масалан, 20 минг сўм ўрнига 200 минг сўм тўлаб юборганлар кам эмас. Бундан бошқа банкнотларда ҳам шу каби муаммолар бор.
Янги сўмларнинг дизайнерлари қандай хатоликка йўл қўйганини тушуниш учун турли мамлакатларнинг қоғоз пуллари авваллари қанақа эдию, ҳозир қандай кўринишда — шуни бир кўриб чиқсак.
Қоғоз пулларнинг жуда қисқа тарихи
Металл ўрнига қоғоз пулдан фойдаланиш VII асрда Хитойда бошланган. Ўшанда қоғоз пул тилхат вазифасини бажарган: фуқаро бир шаҳарда бир кило тангани топшириб, эвазига тилхат олиши, сўнг бошқа шаҳарга осон ва хавфсиз етиб олиб, у ерда бояги тилхат асосида бир кило пулини қайтариб олиши мумкин. Тилхат мақомидаги қоғоз пуллар Европада орадан минг йил ўтибгина пайдо бўлди.
Европанинг илк купюраларидаги имзолар, муҳрлар ва рамзий нақшлар пулни қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи унсурлар ҳисобланарди. Қалбаки пуллар сезиларли кўпайгач, банклар пулларни каллиграф (хаттот)ларга чиздира бошлади — улар буюртмачи талаби асосида қоғоз пулга вензеллар чизиб бериши керак эди.
Чоп этиш, босма технологиялари ривожланиши ортидан XIX аср ўрталарида купюраларда гильош — бири-бирига қоришиб кетган чизиқлардан ташкил топган мураккаб нақшлар пайдо бўлди, бундай нақшинкор чизиқларни оригинал босмасиз такрорлаш анча мушкул эди.Бундай нақшлар анча вақтгача пулларни қалбакилаштиришдан асрашда қўл келди. Шу боис ҳам дунё бўйлаб нақшлари мураккаб, шу билан бирга назокат билан чизилган қоғоз пуллар оммалашиб кетган.
Манба: Газета.uz