Дунёдаги энг ноёб паспортга фақат 3 киши эга. Булар Малтанинг католик диний ордени раҳбарлари — Буюк магистр, Буюк командор ва Буюк Канцлер. Малта ордени паспортини Малта фуқаролик паспорти билан адаштирмаслик лозим.
Малта ордени — Рим-католик черковидаги рицарликнинг диний ордени. Дунёдаги энг қадимги рицарлик тартиби. Орден 1099 йилда ташкил этилган. Малта ордени БМТ ва Европа Кенгашида кузатувчи ташкилот мақомига эга. 112 давлат билан дипломатик алоқаларда, кўп сонли элчилар томонидан қўллаб-қувватланади.
Жорий йилда Япония паспорти дунёдаги энг нуфузли паспортлар рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Япония паспорти энг кўп йўналишларга визасиз ташриф буюриш мумкин бўлган ҳужжат сифатида қайд этилди. Ундан кейинги ўринларни мос равишда Сингапур, Италия, Германия, Испания, Швеция, Финляндия, Дания, Люксембург, Австрия эгаллади. Рейтингдаги сўнгги учталикдан Ироқ, Сурия ва Афғонистон ўрин олди. Энг «заиф паспорт» дея қайд этилган Афғонистон фуқаролари фақатгина 26 давлатга визасиз саёҳат қилишлари мумкин. Улар орасидаги энг машҳур йўналишлар Доминикан Республикаси ва Гаити.
Паспортларда энг кам учрайдиган муқова ранги — қора. Бундай паспортга Африканинг Чад, Бурунди, Малави, Габон, Ангола, Конго, Ботсвана ёки бу ранг миллий ҳисобланган Янги Зеландиянинг фуқаролари эгалик қилишлари мумкин. Шунингдек, қора муқовали паспорт дипломатик иммунитетга эга АҚШ фуқароларида учрайди.
Дунёдаги энг чиройли паспортлар рейтинги қуйидагича кўриниш олган:
1. Норвегия
2. Австралия
3. Финляндия
4. Канада
5. Индонезия
6. Ирландия
7. Швейцария
8. Хитой
9. Янги Зеландия
10. Буюк Британия.