36 C
Узбекистан
Среда, 19 июня, 2024

Ўзбекистон газ қироли

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,440участниковПодписаться
- Advertisement -

Ажойиб инсон Алихон ака Отажоновда одамизотга  хос барча ҳислатлар мужассам эди. Оққувадан келган баланд бўйли, хушфеъл, билими юзи-кўзидан уфуриб турган юксак маданиятли шахсдир. Хурсанд бўлганида ўзига хос бир эгилиб мазза қилиб самимий кулиш одати ҳам бор.

Русчани руслардан ҳам яхши гапиради. Айрим пайтда Алихон ака русчада нафақат яхши гапиради, балки русча ўйласа ҳам керак, деган ҳаёлга борасан, киши. У қотмадан келган, новча бўйли, ранги-рўйи, қадди-қомати билан ўзбекларга қараганда кўпроқ французларга ёки италияликларга ўхшаб кетади.

Айтишлари бўйича, нотаниш одамни ташқи кўриниши, усти-бошига қараб қарши олар экану, лекин хулқу-атвори, ақлу-идрокига қараб кузатиб қўяр экан. Бу инсонни кўриниши, кийимига қараб одатдагидек, нотаниш шахс бўлганлиги сабабли-ми кўпчилик бирдек яхши қарши олса, кузатаётганда албатта ақли-заковати, ўз соҳасидаги чуқур илими-билими, бағри кенглиги, ташаббускорлиги ва тадбиркорлигидан қойил қолиб, иззату-икром билан: “саломат бўлинг домла”, “кўп яшанг ҳурматли устоз” деб кузатиб қўйишади. Гап-сўзи, ўзини тутишидан эл ҳурмат қиладиган таниқли шажаралардан эканлиги шундоққина кўзга ташланиб туради.

Алихон ака, бир неча шогирдлар авлодини шакллантирган Шароф Рашидов даврида раҳбар сифатида тарбия топди ва нафақат республикада, балки бутун собиқ иттифоқда ҳам танилган мутаҳассис кадр, раҳбар бўлиб етишди. У шу пайтдаги машҳур давлат арбоблари: “Главсредазирсовхозстрой” бошқармасининг бошлиғи, Меҳнат қаҳрамони, академик Нажим Раҳимович Ҳамроев, атоқли кинорежиссёр, Ўзбекистон давлат ҳужжатли фильмлар киностудиясининг директори, СССР халқ артисти Малик Қаюмов ва ҳурматли устоз, чорак асрдан кўп Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг раиси бўлиб ишлаган, Иттифоқда иккинчи деб тан олинган бугунги улкан ва ноёб Телерадиомажмуа қурилишида кечаси-кундузи прораблик қилган ажойиб инсон Убайдулла Ёқубович Иброҳимовлар қаторидаги ардоқли партия ва совет раҳбарлари сафидан ўрин олди.

Алихон Отажонов ҳам шу пайтда бош идораси Тошкентда жойлашган, Иттифоқда машҳур “Союзузбекгазпром” ташкилотида биринчи раҳбар бўлиб ишларди. Умумдавлат ва халқ манфаатини кўзлайдиган, ўз соҳасида узоқни кўра биладиган, стратегик фикрлайдиган, сўзлари аниқ-тиниқ ва кескир, муаммоли вазиятларни зудлик билан одилона ҳал қилиш қобилиятига эга бўлган раҳбарлардан ҳисобланарди. Эътиборга арзийдими, йўқми билмадим, лекин “Союзузбекгазпром”нинг раҳбари сифатида унинг идорасига тегишли барча энг замонавий мураккаб машина ва механизмлардан ташқари, оператив вазиятларда фойдаланадиган хизмат самолёти ҳам бўларди.

Ўзимда маълумот етишмаганлиги сабабли, мен икки кишини Интернетда қидирдим. Ҳайрон бўлманг, уларнинг биронтаси ҳам бу қомусий ахборот манбаида йўқ экан. Шулардан биттаси Иккинчи Жаҳон урушининг қатнашчиси, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Шароф Рашидовнинг ўз вақтида тан соқчиси бўлиб хизмат қилган Боис Ҳамидович Эргашев бўлса, иккинчиси Алихон Раҳматович Отажонов эди. Ўзбекистон Випедиясида ҳам қидирдим. Йўқ улар. Мана бизнинг тарихимизга, миллий маданиятимизга, инсон ва инсоният капиталига бўлган муносабатимиз.

          Президент матбуот котиби бўлиб ишлаб юрган кезларимнинг бирида, Президент билан келишадиган ишим чиқиб қолди-да олтинчи Президент қаватига кўтарилдим. Ўзбекистондаги энг юқори кабинетнинг доимий дарвозабони, Президентнинг ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайновнинг олдига кириб, “катта”га айтсангиз, келишиб оладиган бир гапим бор дедим. Ўзбекчани мендан кам билмайдиган Георгий Алексеевич: – Ирисмат зайди ты сам -ўзинг кириб гапиришақолгин, — деди, гапининг иккинчи қисмини ўзбекчалаб. Лекин қабулхонада, Георгий Алексеевичнинг қаршисида яна бир киши ўтирар эди. У таниқли ва ҳурматли раҳбар бўлиб кўпчилик уни яхши билар эди. Афтидан, бироз безовтароқ кўринарди. Яқин таниш бўлмасак ҳам мен уни билар эдим, у киши Алихон Раҳматович Отажонов эди.

— Кириш у кишининг навбати-ми, деб сўраган эдим. — Сен кириб гапиришиб чиқавер, — деди қабулхона беги (хўжаини). Бенавбат кираётганимдан бироз ийманиб бўлса ҳам эшикни очиб ичкарига кирдим. Нима ҳақида гапиришганимни очиғи ҳозир эслай олмайман, лекин давлат раҳбари хабардор бўлиши керак бўлган масалалиги аниқ эди. Ишимни ҳал қилиб чиқиб кетаётганимда, Президент: — Анови ҳали ҳам ўтирибдими қабулхонада? — деб негадир мендан сўради. Қайрилиб қараган эдим, афтидан у билан бўладиган учрашувни бироз қийналиб кутаётганлиги сезилиб турар эди. Демак, олдига кирмоқчи бўлган одамдан хабари бор экан, деган фикр ўтди ҳаёлимдан, лекин негадир “катта” уни хуш кўрмаётганлиги ҳам сезилиб турар эди. Кетсин, деб айтишга эса шоҳ, қирол — президент бўла туриб ҳам, негадир ботина олмаяпти, шекилли, деб ўйладим. Ҳар холда қабулхонасида навбат кутиб Қашқадарё вилояти партия қўмитасининг биринчи секретари (шу пайтдаги вилоят ҳокими) қабул қилишини кутиб Алихон Раҳматович ўтирар эди. У киши ҳам маслаҳатлашадиган муҳим масаласи бўлса керак, кетмасдан Президент қабул қилишини сабр билан кутиб ўтирарди. Кейин нима бўлди билмадим, лекин у кишига меърос қолдириб кетган вилоятида муҳим бир гап, воқеа содир бўлганлиги шундоқ ҳам сезилиб турарди. Бу Алиҳон Раҳматович билан бўлган учрашувлардан биттаси эди.

Айтгандек, бироз илгарироқ Ислом Каримов шу пайтдаги Иттифоқдаги энг олий бошқарув органи бўлган КПСС Марказий Қўмитасининг Бош котиби Михаил Горбачёв ва Политбюронинг қарори билан Ўзбекистон Компартияси Пленумига Республика биринчи котиби лавозимига сайланишига тавсия қилинган эди. Москванинг номзодни овозга қўйишга тавсияси бўлди, дегани лавозимга тайинланди, деган гап эди. Ислом Каримов Биринчи котибликка сайлангандан кейин  ўзининг ўрнига кимни қолдириш масаласи унинг олдида кўндаланг бўлиб туриб қолади. Узоқ ва мураккаб кечган мулоҳазалардан сўнг бу лавозимга Иттифоқ мавқеидаги вазир лавозимида ишлаётган йирик мухандис Алихон Раҳматович Отажоновни билмадим чин кўнгилдан-ми ёки шу пайтдаги вазият юзасидан-ми маъқул кўради. Боз устига Отажонов шу пайтда Иттифоқ миқёсидаги ва бевосита унинг қарамоғидаги йирик ташкилот – “Союзузбекгазпром”нинг Ўзбекистондаги филиали деймизми, бош раҳбари эди. Москвада уни ҳамма яхши биларди. Бунинг устига у Қаршини, Шўртонни, Мубарекни қарийб барча Қашқадарё вилоятини, бутун республикани жуда яхши билар эди. Шу ерда бир гапни айтмоқчиман, ҳеч ким Москванинг эътиборига тушган ва олқишлар билан кўтарилиб кетган раҳбарнинг ўрнига бориб ишламасин экан. Ўзларининг илгариги биринчи котиби Республиканинг биринчи раҳбари лавозимига кўтарилиб кетгандан кейин, унинг ўрнига янги тайинланган биринчи котибни ҳеч ким бир чақага ҳам олмай қўйди. Нима дейсан, кечагина унинг хўжалигига, бригадасига келиб турган, шийпонида чой ичган шахс ўзларининг ҳам бутун республиканинг ҳам бугунги биринчи раҳбари, ҳозирги вилоят раҳбарининг ҳам раҳбари эди. Тоза, покиза, саводли, принципиал янги раҳбар адолат юзасидан энди тартиб ўрнатаман, деб иш бошлагандан кейин арзимаган, бўлар-бўлмасга устидан шунақанги думалоқ хатлар, жонли мурожаатлар, аризалар кўпайиб кетди-ки, асти қўяверасиз.

Президент ўзининг кабинетида ўтириб ўйларди, унинг ўрнига тайинланган вилоят раҳбарини қабул қилса, у тўғри одам, ёлғон гапирмайди, лаганбардорликни ҳам билмайди, нима демасин уни мақуллаши керак бўлади. Унда ўзининг мавқеини кўтарган, бугун осмонга кўтариб мақтаётган қашқадарёликлар унда нима дейишади. Ҳар ҳолда қабул қилмагани маъқул. Аммо негадир у кетмай қабулхонада ўтирибди, ёрдамчисига қанча айтса ҳам олдига кираман деб турибди. Алиҳон Раҳматович ҳам Президентнинг ўзига ўхшаб ўрисча тарбия кўрган. Рус мактабида ўрта маълумотини чиқарган, институтда ҳам оврўпо гуруҳида ўқиган, гапи-сўзи тоза ўрисча. Ҳатто унинг ўзидан ҳам аниқ ва тиниқ гапиради. Президент олдига кирдими, йўқми билмадим. Лекин кейинги воқеалар уларнинг орасидаги муносабатни яққол кўрсатиб турар эди.

Президентнинг бундай муносабатидан кейин Алиҳон Раҳматовични Москвага “Союзгазпром”да бирга ишлаган дўстлари, ҳамкасблари ишга чақиришди. Бу бундай булган эди. Қашқадарё вилоятида ишлаш осон кечмади. Юқори раҳбар органларидаги аппарат ўйинлари, пойтахтнинг (шахсан И.А.Каримовнинг деяверинг) қўллаб-қувватлаши бўлмаган ва амал учун курашаётган уюшган маҳаллий гуруҳлар ўз таъсир кучини вилоятнинг биринчи раҳбарига ҳам кўрсатиб қўйишди ва (Алихон Раҳматович) бу ортиқча юкдан уни соқит қилишни сўради. Қаршидан сўнг бироз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари – Ўзбекистон ССР меҳнат вазири лавозимида ишлади. Бу лавозимларда мутаҳассис сифатида ўз ўрнида эмаслигидан у яхши билар эди. СССР газ саноати вазирлигида бирга ишлашган шу пайтда эса Россия Федерациясининг ёнилғи-энергетика мажмуаси бўйича ҳукумат раисининг ўринбосари бўлиб ишлаётган  В.С.Черномирдин, яқин оғайнисининг бу муаммоларидан хабар топади ва уни Россиянинг газ-энергетика соҳасига жуда керакли бўлган бундай юқори малакали мутаҳассисни ишга таклиф қилди.  Алихон Раҳматович бу таклиф бўйича бир фикрга келмасдан В.С.Черномирдин РСФСР Олий Кегаши мажлисида беш нафар номзодлар орасида кўпчилик депутатларнинг овози билан Россия Федерацияси Министрлар Советининг Раиси этиб тасдиқланади. Бу қаҳрамонимизни турли ўй-ҳаёлларни йиғиштириб қўйиб бир фикрга келишини тезлаштирди.  Шундай қилиб А.Р.Отажовновнинг ишдан кетиши ва В.С.Черномирдиннинг катта сиёсатга кириб келиши бир вақтда содир бўлган эди.

Анча ёшга бориб қолган Алиҳон ака Германияда ва яна аллақаерларда ишлади. Тўғрида, саводли, малакали, тадбиркор, кўпни кўрган катта- катта идораларда ишлаган, ташкилотчи, йирик мутаҳассис ҳамма ерда керак. Лекин минг афсуски, бақувват пайтида Алихон ака кўплаб забардаст мутаҳассислар қатори ўз ватанида керак бўлмай қолди. Шундай ўтар экан айрим пайтда инсоннинг умри…

Шу гапларни ёзаяпману, бир фикр ҳаёлимдан кетмай қийнайди мени. Чорак аср мобайнида Ўзбекистондан қанчадан-қанча йирик забардаст мутаҳассислар кетиб қолишди ёки тақдирга тан бериб, нафақаси, тасодифий даромади ҳисобига индамай чор-ночор бўлса ҳам чидаб, ҳаёт кечирди.

Шу ерда бугунги кунда афсусланиб, куйиб пишиб, ўтган ишга саловот, деб қилинаётган ишларни кўриб, Алиҳон Отажоновга ўхшаган тажрибали ва юқори малакали мутаҳассис кадрлар ишдан четлатилса, соҳанинг аҳволи қандай бўлишлигини бугунги Ўзбекистон амалиёти яққол кўрсатиб турибди. Билмадим, яна қанча вақт керак бўлар экан, ўша чорак аср қўлдан бой берилган имкониятларни қайта тиклаш учун. Буни энди вақт кўрсатади.

Алиҳон Отажоновнинг яна бир хислатига ҳайрон бўлайлик-ми, таҳсинлар ўқийлик-ми? Билмадим. Шунча ноҳақ таҳқирланса ҳам чурқ этгани йўқ. Қанчадан-қанча бундай тажрибали кадрлар, норозилик билдириб мухолифат сафига ўтиб, Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетишди. Янги тузум ва раҳбариятни қоралаб интервьюлар беришди, хорижий газета, радио, телевидениеларда чиқишлар қилишди. Алиҳон аканинг ички маданияти, номуси, орияти шунчалик эдики, у ҳаммасига чидади, мутлақо бошқа иш бўлса ҳам, қўлидан келадиган хизматни қилди. Ғазаби, норозилиги, эҳтиросига эрк бергани йўқ. Одамнинг аълоси ичида, дегани шу бўлса керак-да. Лекин халқ ҳам, Ҳақ ҳам ҳаммасини кўриб, билиб турибди. Кимнинг ким эканлигига баҳо бермоқда.

80 нчи 90- йиллар бошида мен Қашқадарё вилоятига, Таллимаржон ГРЭСига, Шўртон газ конига, Муборак газни қайта ишлаш заводига бориб янги қувватларнинг ишга туширилиши тўғрисида “Время”га репортажлар тайёрлаб турар эдим. Шундай сафарларимнинг бирида Алихон Раҳматович билан Қарши шаҳар аэропортнинг депутатлар хонасида Тошкентга уча олмай, кечикаётган рейсни кутиб турган пайтда учрашдик. У кишининг идораси ва кўпмингсонли меҳнат аҳли Ўзбекистонда газни қидириб топиш, уни қазиб  олиш, қайта ишлайдиган йирик Шўртон газ-кимъё коплекси, бепоён диёримизнинг тоғу-тошларидан газ қувурларини ўтказиш каби йирик ва мураккаб иншоотлар барпо этиш, шаҳар ва қишлоқларни газлаштириш билан шуғулланар эди. Шу ерда у киши бир гапни айтиб қолди.

-Республика шаҳар қишлоқларини газлаштириш, аҳолини маиший газ билан таъминлаш бўйича Ўзбекистон Иттифоқда биринчи ўринда туради, -деди. Бу жуда муҳим кўрсаткич эди. Айтгандек бу ҳамон ўз актуаллигини йўқотгани йўқ. Демак, биз газ билан Россия Федерацияси, Болтиқбўйи, Каказорти, Украина, Белоруссия ва Марказий Осиёнинг бошқа республикалари аҳолисидан ҳам газ билан яхшироқ таъминланганлигимизни айтди. Ва бунга авваломбор ўзимизда газ конлари заҳираларининг мавжудлиги, ва соҳада ватанпарвар раҳбар, мутаҳассис кадрлар ишлаётганлигидан далолат берар эди. Лекин умумий қашшоқлик хукм сураётган шу пайтда бу кўрсаткич осонлик билан қўлга киритилмаётганлигини айтиб, йўқ нолиди деса бўлмайди, эҳтирос билан, ўзининг ҳақлигини мантиқли исботлаб гапирди. Мана дунёдаги энг тоза кўмкўк рангдаги, қайта ишлаш заводини ҳам қурмай, ер қаъридан чиқаётган газни тозаламай тўппа-тўғри хонадонларга бериши мумкин бўлган Бухоро вилоятидаги Газли газ конининг табиий гази ичига йирик юк машиналари сиғадиган газ қувурлари орқали Россияга, Ўролга қадар тортилиб бир неча йил деганда қудратли газ компрессор станциялари билан кондаги бу ноёб ёнилғининг сўнгги куб метрига қадар сўриб олинди. Ўзбекистон қишлоқ аҳолиси эса ҳамон нонини тандирда ғўзапоя, тезак ёқиб пиширмоқда, деди Алиҳон ака.

          Бунга Москва, Иттифоқ вазирликлари, айниқса мутасадди бўлган газ саноати раҳбарлари, Политбюро аъзолари ҳам турли гап-сўзлар қилишар эди. Бир куни мен Политбюро аъзоси, техника фанлари доктори, металлургия муҳандиси Владимир Иванович Долгих билан бахслашиб қолдим. Ўзбекистонни ёқладим, халқимиз тераётган пахтасини, пилласини, қазиб олаётган олтин, мис, уран рудасини барчасини Иттифоққа бераяпти, жуда бўлмаса ёнидан ўтган газ қувуридан ўзига етарлича уйини иситиб, нонини пиширсин, дедим.

— Сен ўзингни ўйлайсан, Россияда биласанми газлаштириш қай аҳволда. Менга ҳар куни Брежнев, Косигин, Суслов панд беришади. Аҳолидан аризалар, хатлар кўпайиб кетди-ку газ таъминоти масаласи бўйича, мен уларга нима деб жавоб бераман? Отажонов олиб қўяяпти дейман, бўлмасам, деди. — Айтсангиз айтаверинг, мени уларга ҳам айтадиган анча гапларим бор, дедим паст келмай. — Бўлди бас қил, сенга тенг келиб бўлади-ми, — дея сўнгра ён берди Долгих. Индамасанг, биз ўзимизда газимиз бўлатуриб, Марказ, Россия, Ўролга газ берамизу, ўзимиз қишда совуқда ҳаёт кечирамиз.

Шу пайтдан бироз илгари мен Газли зилзиласи ҳақида бир ҳафатдан кўп “Время”да ахборот дастурида берилган оператив репортажларимни қандай қилиб ҳар куни сурункасига бериб борганимни, қандай улгурганимни, ахир Газли қаердаю Тошкенту Москва қаерда? — деб қизиқиб сўраб қолди Алихон ака.

          Мен, ҳар куни кечқурун “Время” эфирга чиқишидан аввал зилзилада катта талофот кўрган Газли шаҳридан қўлимда тасвирга туширилган репортажим кассетаси билан Бухоро аэропортига вертолётда учиб келиб, Бухоро – Тошкент самолёти рейсида Тошкентга келар эдим, сўнгра такси олиб Телемарказга етиб келар эдим ва тасвир туширилган кинопленкани лабораторияга проявкага топширар эдим. Бир куни вертолётимиз учиб келаётган қушлар галасидан қочиб, учувчи двигательни ўчириб, вертолётни ерга ташлаб юборди. Вертолёт мотори бир неча дақиқадан кейин қайта ўт олмаганида борми еру заминга равона бўлар эдик, дедим бу муваффақият билан тугаган бахтсиз ходисани эслаб. Тошкентга келиб, тасвир проявкадан чиққунга қадар Москва билан боғланиб репортажим матнини “Время” муҳарририятининг стенографистка қизига телефон орқали диктовка қилар эдим. Сўнг репортажимни монтаж қилиб, 10-15 дақиқада Тошкент — Космос – Москва — Останкино телемарказга узатар эдим. Репортаж олиниши билан эфирга чиқаётган “Время” дастурига киритилар ва эфирга чиқар эди. Телемарказдан репортажни Москвага жўнатиб бўлгач, уйимга телефон қилиб, мен соғман, ишимни тугатгач уйга бораман, деб телефон қилиб қўяр эдим. Шу пайтга мени Газлидан етиб келган хизмат машинам Тошкентга қайтиб улгурарди. Операторим билан мен телевидение олдида турган машинага чиқиб яна Газли томон равона бўлар эдик. Ҳар куни бутун Иттифоқда, дунёда Газлида нима бўлди, деб турганда зилзила тўғрисида тезкорлик билан эфирга берилаётган оператив репортажларимни кўрган СССР Телерадио Қўмитасининг раиси, машҳур Сергей Георгиевич Лапин қандай қилиб улгураяпсизлар, деб берган саволига “Время”даги раҳбаримиз: йигитларимиз бор Ўзбекистонда, деб айтганида, раис: — менинг номимдан бир ойлик мукофот пули ёзинглар уларга, дер эди.

          Бу гапни эшитган Алихон ака таажжубланиб турди-да,

—   Ҳа энди нега бир оғиз бўлса ҳам айтмайсиз-ми, деб сўраб қолди.

  • Хўш айтганимда нима бўлар эди, деганимда, у киши:
  • Самолётимни берар эдим, деди даб дурустдан.

      — Раҳмат Алиҳон ака, мен бир марта Жиззах вилояти раҳбари Тўхтамиш Боймировга бугунги “Время” дастурига улгуриш учун биз самолётда учишимиз керак, бу муҳим оператив материал, тадбирда Шароф Рашидов ҳам иштирок этди, деганимизда, қўйинглар ўша самолётни, мана менинг машинам тезроқ етказиб боради, деб ўз “Чайка”сида бизни Тошкентга етказиб қўйган эди. Сизнинг самолётингизнинг тезлиги ўртача, боз устига Тошкент аэропортига эмас, Сергелига келиб қўнади у. Сергели эса Тошкент телемарказидан анча узоқроқ, бизнинг эса ҳар дақиқамиз ҳисобда, улгуришимиз керак — дедим. У киши ҳақ гапираётганим учунми, индамади. Лекин бари-бир бизнинг ишимизга шунчалик куюнчаклик қилиб, самолётини беришга тайёр эканлигидан мен беҳад миннатдор эдим.

  • Самолётингиз қачон қўнади Қаршига, деб аэропорт ходимасидан сўради Алиҳон ака.
  • Яна бироз кутинглар, деган жавобни эшитиб:

     —   Яна қанча кутиш мумкин, Ирисматжон мен самолётимни чақираман, деб телефон томон кетди. Зум ўтмай самолётим келадиган бўлди, деди у. Яна бироз кутдик. Шу маҳал Қарши аэропортига Тошкентдан самолёт келиб қўнганлиги, ҳақида хабар берилди.

  • Бўлди энди бизнинг самолётимизда учамиз, — деди Алихон ака.

     — Алихон ака, мен сизнинг самолётингиз қўнадиган Сергелига қараганда Тошкент фуқаролар аэропортидан телемарказга тезроқ етиб оламан, деб Алиҳон ака самолётини келишини ундамадим.

Тошкентга самолётга чиқиш эълон қилингандан кейин мен Алиҳон акадан узр сўраб, қўлимдаги дипломатда “Время” дастури учун тасвирга туширилган тезкор видео ахборот билан самолётга қараб йўл олдим. Иккинчи учрашувимиз ана шундай ўтган эди.

Таниқли актёр ва кинорежиссёр Исамат Эргашевнинг туғилган куни билан табриклаб уйига борган эдик. У пайтлар Исамат актёр сифатида жуда машҳур бўлиб кетган эди. “Мосфильм” картиналарида суратга тушар эди. “Ўзбекфильм” студиясида Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” фильмида Анвар ролини қойилмақом қилиб ижро этган эди. Исамат шу пайтда ўзининг алоҳида уйи йўқлиги сабабли, янги оиласи билан Олой бозорининг орқасидаги қайнотасининг 4 қаватли ғиштли уйида туришар эди. Шу туғилган кунида Алихон акани рафиқаси билан учратиб қолдик.

Исаматнинг қайинотаси кўпчилик ҳурмат қиладиган таниқли кекса партия ва совет ходимларидан эди. Алихон ака институтда ўқиётган талаба йиллари шу отахоннинг уйида турганлигини ва Исаматнинг қайинотаси билан қайинонаси унга ота-онадек яқин бўлиб қолганлигини гапириб, кўтариб келган совғасини топшириб, уларга чуқур миннатдорчилик билдирарди. Анча гапиришдик. Яхшиликни унутмайдиган, катта ёшдагиларни ҳурмат қиладиган одам экан, деган фикр ўтди ҳаёлимдан.

Яқинда қўлимга Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг 1986—1989 йиллар собиқ иккинчи котиби бўлиб ишлаган Владимир Анишчевнинг “Восточные орнаменты” – (Шарқ нақшлари) китоби тушиб қолди. Русча ўқийдиган ўзбек китобхони бу китоб саҳифалари орқали биринчи бор Ўзбекистон биринчи раҳбарларининг (Усмонхўжаев И.Б., Нишонов Р.Н., Марказқўм секретарлари: Осетров Т.Г., Абдуллаева Р.Ҳ. ва б.) иш кабинетларига кириб, у ердаги кўпчилик бехабар бўлган гап-сўзлардан, тушлик пайтларида идора ва дачалардаги дастурхон атрофида ўтадиган турли суҳбатлардан, Ўзбекистон ҳақида Москвада, Политбюрода, Горбачёв М.С., Лигачёв Ю.К., Громико А.А.лар кабинетларида бўлаётган, ҳамма ҳам билавермайдиган воқеалардан хабар топади.

Китобда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг аввал саноат ва қурилиш масалалари бўйича котиби бўлиб ишлаган Владимир Анишчевнинг Муборакдаги газни қайта ишлаш заводининг директори А.Р.Отажонов ҳақида анча гаплар бор экан. Ўзбекистоннинг аввал саноат масалалари бўйича Марказком котиби, кейин шу Марказкомнинг иккинчи раҳбари лавозимида ишлаган В.Анишчев Алиҳон Раҳматовичнинг ўз соҳасининг чуқур билимдони эканлиги, йирик мутаҳассис, замонавий, маданиятли шахс сифатида юксак баҳолайди. Москвада ЦК КПССнинг инспектори бўлиб ишлаган, вақтида ўзи ҳам Россиядаги йирик саноат корхоналарини бошқарган бу шахс Ўзбекистонга келиб бу ердаги Шўртон газ кимъё мажмуасини, Муборак газ заводини, Ўзбекистон Фанлар академияси илмий-текшириш институтларида олиб борилаётган тадқиқодларни кўриб, Зоминдаги космик фазони тадқиқ қилиш марказини кўриб, Паркентдаги Қуёш металлургияси комплексини кўриб, уларнинг раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, фикр алмашиб Ўзбекистоннинг салоҳиятига қойил қолаганлигини яширмай тан олади, таҳсинлар ўқийди.

Якунида бир гапни айтмоқчиман. Давлат, ҳукумат, соҳа раҳбарлари алмашганда жуда эҳтиёткорлик билан иш кўриши керак экан, деган ҳаёлга борасан. Бизда ҳали на демократия, на ошкоралик, на парламентаризм тўла шаклланмаган. Биз ўзимизнинг қадимги ўзбек миллий урф-одатимиз, феълу атворимиз, анъанавий ҳаёт қонун қоидаларимиз билан яшаймиз. Мутаҳассислар масаласи ҳар бир даврда, ҳар бир мамлакатда ниҳоятда муҳим муаммо бўлиб қолмоқда. Сиёсий партиялар бор бўлса ҳам, лекин уларнинг дастурлари ҳали аниқ шаклланган эмас. Бошқа давлатларда эса ҳар бир мухолиф партия эртага давлат бошига келса бош вазирдан бошлаб то тармоқ вазирларигача ҳамма кадрларини аниқ белгилаб қўйишади. Улар эртага вазир бўлсам, ишни олиб кета оламанми, деб ўқишади, саводини оширади, тараққий қилган давлатлар тажриабсини ўрганиб, тайёргарлик кўришади. Бизда бу амалиёт ҳали етарли даражада шаклланган эмас. Ҳатто йўқ деса ҳам бўлади. Шу сабабли  давлат, мамлакат, халқ келажагини ўйлаб, шундоқ ҳам кўп бўлмаган мутаҳассисларимизни асраб авайлаб, улардан  унумли фойдаланишимиз лозим. Ахир бошимиздан ўтган ҳар бир қатағонлик даври: у мўғуллар, араблар, руслар истилоси бўладими, уларнинг ҳар бирида миллатнинг энг саводли, энг матонатли, халқпарвар, ташаббускор, энг илғор қисми қатли ом қилинди-ку. Сўнгги 150 йилни олайлик, Чор Россиясининг Ўрта Осиёга бостириб кириши, Тошкентнинг таслим бўлиши, генераллар: Черняев, фон Кауфман, Абрамов, Скобелев босқинлари, 1916 йилги Жиззах қўзғолони, командарм Фрунзе, Амир Олимхоннинг Бухородан қувилиши, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаевларнинг отилиши, Қўқон мухториятининг бостирилиши, бутун Ўзбекистон бўйлаб мажбурий колхозлаштириш, Сталин қатағони, Шароф Рашидов фожеасию Андропов, Гдлян Ивановлар қатағони, Мустақиллик давридаги ўзимизники деб ҳисобланган Ислом Каримов тартиб-интизомининг мутлоқ ҳукмронлиги, ўзбек халқининг аянчли тақдирини узоқ санаш мумкин. Ахир бу даврларда қанчадан-қанча миллатимизнинг энг истеъдодли, энг дадил вакиллари отилди, қамалди, қувғин қилинди, ишдан четлатилди, энг юмшоқ кўрилган чора, у бўйича — “унутилди”. Агар Алихон Отажонов, Нажим Раҳимов, Убайдулла Иброҳимов ва бошқа ўнлаб истеъдодли раҳбарлардан арзиган ёки арзимаган сабаблар билан воз кечилса, кечаги ватанпарвар демократ эса бугун ҳал қилувчи биринчи раҳбар бўлиб олиб, менга маъқул бўлмаяпти, менга кўр-кўрона бўйсинадиган, мен айтганни сўзсиз бажарадиган (жиноий ишларгача) керак деса, шунинг учун ҳам асосан иродасиз, тутуруқсиз, амал йўлида ҳамма нарсага тайёр бўлганлардан давлат аппарати, ҳукумат аъзолари тайинланса, миллатимизнинг келажаги нима бўлади? Нега меҳнатдан қочмайдиган халқи бўлган бой давлатда аҳолининг маълум бир қисми ҳамон қашшоқ яшаяпти, деган масала кўндаланг бўлиб туриб қолади-ку.

Апрел ойини ўрталарида оламдан ўтган Алихон Отажонов ҳақида мушоҳада қилар экансан, ана шундай ҳаёлларга толасан, киши. Ибратли йўлни босиб ўтди. Нафақадаги узоқ тунлари ёдга олиб фахрланса, ғурурланса бўладиган ҳаёт кечирди. Ҳамон ўша илғор, прогрессив фикрда, кўп мавзуларда мантақий асосланган қатъий нуқтаи назар қилди. Бундай кишилар билан фахрлансанг арзийди ўзбек, деб баралла айтгинг келади. Айтамиз ҳам.

Ирисмат Абдухолиқов, журналист

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистонда 18 мингдан ортиқ хотин-қизларга ОТМда ўқиш учун тавсиянома бериш рад этилди

Жами 18 481 нафар хотин-қизларга тавсиянома берилди, 18 372 нафар талабгорга тавсиянома бериш рад этилди. Бу ҳақда Оила ва...

Больше похожих статей

×