9 C
Узбекистан
Суббота, 23 ноября, 2024

Уч карра ҳайратлантирган мўъжиза

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

 23 август куни Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёев иштирогида тантанали равишда очилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази жуда катта амбицияли лойиҳанинг нисбатан қисқа муддат – уч йил ичида амалда ижро этилишининг намунаси бўлди. 212 гектарни эгаллаган ушбу маҳобатли, улуғвор мажмуа қурулишида ўзимизнинг мутахассислар билан бир қаторда хорижлик таниқли меъмор ва муҳандислар ҳамда қурувчилар қатшанди.

Марказнинг очилиш маросимида қатнашиш каминани уч марта қаттиқ ҳайратланишимига сабаб бўлди. Биринчи ҳайратим ҳақида кейинроқ сўз юритаман.

Йўқдан бор бўлган мўъжиза

“Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ва унинг муҳим, ажралмас таркибий қисми бўлган “Боқий шаҳар” мажмуасини кўрган одам ҳайратдан ёқа ушлайди. Қисқа муддатда шу даражада катта ҳажмдаги ишни уддалашга ишонгингиз келмайди.

Лойиҳа қиймати 556,2 млн. доллар. Ҳудудда жами 10 та объект бунёд этилди. Жумладан, 1 195 ўринли 8 та (2 та 5 юлдузли ва 6 та 4 юлдузли) меҳмонхона, Конгресс холл ҳамда Карвонсарой комплекси қурилди. Мазкур мажмуа йилига 2  млн. нафарга яқин туристга хизмат кўрсатиш имконига эга.

Туристик марказ ҳудудининг 164 гектари кўкаламзор майдонга айлантирилди. Бу ерда 15 мингдан кўпроқ кенг баргли, 6 минг туп нинабаргли, 4400 тупдан ортиқ доимий яшил дарахтлар ўтқазилди. Дарахтларнинг аксарият қисми Италиядан келтирилган. Улар улкан дендрарийда маҳаллий иқлимга мослаштирилган. Дарахтлар ўтқазилгач, ҳар бир дарахт остига микросуғориш тизими ўрнатилди. 10 гектардан кўпроқ жойида газон кўкартирилди. Бундай миқёсдаги сунъий боғ Марказий Осиёда бошқа йўқ.

Самарқанд Туризм марказида 10 гектардан кўпроқ майдонда Ўзбекистон халқлари тарихи ва анъаналарини ўзида мужассам этган қадимий шаҳар образи тикланди. Унга “Боқий шаҳар” номи берилди. Унинг ўзига хос қиёфа сингдирилган тор кўчаларида ҳунармандлар, рассомлар, амалий санъат намояндалари учун 40 дан ортиқ расталар жойлаштирилган. Қадимий шарқ шаҳрини бозорсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Шу сабабли бу ерда мўъжаз бозор ҳам ташкил этилган. 

Санъаткорлар чиқиши аввалларига ўхшамади

Марказнинг очилиш маросимида “Боқий шаҳар достони” мусиқали ҳикояси – ўзига хос шоу намойиш этилди. У кучли профессионаллар томонидан саҳналаштирилганлиги, хорижликлар қўли борлиги туфайли турли байрамлар муносабати билан ташкил этилидиган концерт дастурларидан тубдан фарқ қилди. 17 та саҳна кўриниши – ҳикоядан иборат шоу одамни ўйлашга, ҳар биридан маъно излашга мажбур этди. Бундан ҳам ҳайратланмаслик мумкин эмасди.

Бир қатор саҳна кўринишлари учун ёзилган қўшиқлар муаллифи дунёга машҳур хонанда ва бастакор 42 ёшли Сами Юсуф эди. Эронда озорбойжонликлар оиласида туғилган Сами Юсуф Буюк Британияда яшайди ва ўзининг кўпмиллионли мусиқали альбомларини чиқарган. У янги форматдаги мусулмон мусиқасини ярата олган жаҳон даражасидаги юлдуз сифатида қадрланади.  

Мусиқали шоу ҳақида батафсил тўхталишга ҳожат йўқ, чунки ТВ орқали тўла намойиш этилди ҳамда видеоёзуви ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган.

 Дўст киму душман ким?

Энди биринчи ҳайратим ҳақида гапирсам. Туристик марказга  келмасдан, очилиш маросимига таклиф этилганлигимни эшитиб, камина ҳайратланган эдим. Нега дейсизми? Бундан аввал давлат раҳбари иштирогидаги тадбирга таклиф этилмаган эдим. Қатнашиш у ёғда турсин, Самарқандга муҳим ташриф бўладими, халқаро анжуманлар ёки сайлов ўтказиладими, ҳар доим бир-икки мошинада икки-уч киши тинмасдан кузатарди. Ҳовлимиз қаршисида туриб олиб, мени “ҳимоя” қилишарди.  

Шу сабабли маросимга таклиф қилинган бўлсам ҳам то охирги дамгача, Туристик марказдаги амфитеатрга киргунча, хавотирда эдим. Йўқ, ҳаммаси яхши бўлди. Бу ниманинг оқибати? Мен ўзгардимми, жамият ўзгардими ёки “тепада” турганлар дўст киму душман кимлигини ажратишга қодир бўлишдими?

Доим айтиб келганман: журналистни тўғри сўзи учун таъқиб этиш ва, аксинча, маддоҳни олқишлаш, уни унвону нишонлар билан тақдирлаш калтабинлик, ўта бефаросатлик намунасидир. Эркин сўз, эркин матбуот бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланиш, тараққиёт бўлмаслиги аксиома-ку!

Албатта, кейинги йилларда эркин сўз, эркин матбуот борасида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга ҳали бу йўналишда қилинадиган, ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини ҳам тан олишимиз даркор.

Масалан, “Согдиана” блогим Ўзбекистонда очилмайди (http://rtoshpulat.blogspot.com). Нега ҳеч қандай “душманлик” характеридаги материали бўлмаган тармоқ блокланган?

Бу каби сунъий тўсиқлар олиб ташланса, журналистларнинг қонун доирасида фаолият юритишига кенг имконият яратилса, мамлакатимиз янада тараққий этиб, барчамизни ҳайратга соладиган янгилик ва кашфиётлар кўпаяверади.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Фото: интернетдан

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×