Terrorizm va ekstremizga qarshi turish bo‘yicha rasmiy Internet-media-portal “Иегова шоҳидлари” сектасига кириб қолган оила аъзолари томонидан уйидан ҳайдалган отанинг ҳасратлари

Самарқандда бир оиланинг барча аъзолари, отадан ташқари, “Иегова шоҳидлари” сектасига аъзо бўлиб кирганлиги боис оила бузилиб, ота уйидан кўчага ҳайдалди ва бор мол-мулкидан ажралди. У уч йил давомида аниқ турар жойи бўлмаган шахс (БОМЖ) сифатида кун кечирди, тўғри келган жойда яшади ва жуда катта молиявий ва маънавий қийинчиликларни бошдан кечирди.

64 ёшли Маҳмуджон Каримов ўз тақдири, бошига тушган аянчли кунлар ҳақида сўз юритар экан, бу ҳақда юртдошларимиз хабардор бўлиши, яқинлари миссионерлар домига тушиб қолмаслиги учун эҳтиёт бўлишлари лозимлигини уқтирди. 

М.Каримов ҳикоясини келтиришдан аввал қуйидагиларни таъкидлашни лозим топдик. Қайси бир динга эътиқод қилиш ёки бирор-бир динга эътиқод қилмаслик ҳар бир кишининг шахсий иши. Мамлакатимизда диний эркинлик Конституциямиз ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни билан мустаҳкамлаб қўйилган, диний бағрикенглик тамойили асосида барча дин вакиллари учун тенг имкониятлар яратилиб берилган.

 Аммо ана шундай имкониятларни суиистеъмол қилаётган гуруҳлар ўз манфаати йўлида миссионерлик ҳаракатини амалга ошириб, мусулмонларни ўз тўрига илинтирмоқда ҳамда жамият бирлигига рахна солмоқда, унинг дастлабки бўғини бўлган оилаларнинг бузилиб кетишига сабабчи бўлмоқда. М.Каримовнинг тақдири бунинг яққол мисолидир. Мана, унинг ҳикоясини эшитиб, ўзингиз хулоса чиқаринг.

 “Мен 1957 йилда Самарқанд туманининг Равонак қишлоғида намозхонлар оиласида туғилганман. Отам врач эдилар. 22 ёшимда 1959 йилда туғилган Раиля Ҳусеновага (никоҳдан сўнг мени фамилиямга ўтиб, Каримова бўлди) уйландим. Ҳаётимдан нолимайман. Яхши, бир-биримизни тушуниб яшадик. Бирин кетин тўрт нафар фарзандимиз дунёга келди. 1982 йилда тўнғич ўғлимиз Жамшид, ундан кейин 1983 йилда қизимиз Гулмира, 1988 йилда ўғлимиз Руслан ва 2001 йилда Луиза туғилди.

 Мен оилам тинч, хотиним ва болаларим учун қанча қилсам шунча кам деб, тиним билмай меҳнат қилдим. Асосий касбим ҳайдовчилик бўлса-да, тадбиркорликнинг турли соҳаларига қўл уриб, оилам бирини икки қилиш учун кечаю кундуз ҳаракат қилдим. Болаларим ҳеч нимадан камлик сезмасдан вояга етди. Хотинимнинг ҳам барча айтганларини муҳайё қилиб турдим.

 Молиявий аҳволимиз яхшиланиши билан Самарқанд шаҳридан уч хонали квартира сотиб олдим. Уни хотиним номига расмийлаштирдим. Ўзи жуда ишонувчан одамман. Ўзгаларга яхшилик қилишга интиламан ва атрофимдагиларни ҳам қалби пок, нияти тоза инсонлар дел ҳисоблаб келганман. Афсуски, одамларни, биринчи навбатда, ўз яқинларимни яхши билмас эканман. Уларнинг тили бошқа, дили бошқа эканлиги, макр ва ҳийлани қурол қилиб олганлиги, ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслигидан хабардор бўлганимдан кейин, кеч бўлганини тушундим. Барча мол-мулкимни хотиним ўз номига расмийлаштирганлигининг сабабини, ишонувчанлигим қанчалик панд берганлигини кўчада қолганимда англаб етдим.

 Самарқанддаги квартирам билан бирга Тошкент вилояти Қибрай туманидан уч хонали квартира, 11 нафар йўловчига мўлжалланган “Hyundai Grand Starex” микроавтобуси, Самарқанддаги “Ёшлик” истироҳат боғида ўрнатган иккита аттракционим ҳам собиқ умр йўлдошим номига расмийлаштирилган эди. У ҳаммасини олдиндан режалаштириб қўйган экан. Кейинчалик менга берилган маълумотга кўра, хотиним 1993 йилдаёқ “Иегова шоҳидлари” сектасига аъзо бўлиб кирган экан. Мен эса бундан деярли 25 йил ўтгандан кейин хабардор бўлибман.

 Эндиликда ўзимни қанча койишим бефойда эканлигини англаб турибман. “Одам деган шунчалик ҳам ишонувчан бўладими, энг яқинларинг, ёнгинангда бўлганлар ёппасига қалби ва онги билан ёт ғояларга асир бўлса-ю, сен бехабар қолсанг! Ахир, бу қандай рўй бериши мумкин?” деб ўзимга ўзим саволлар бераман. Уларга аниқ жавоб тополмасдан янада эзиламан.

 Хотиним таъсирида фарзандларим, унинг икки синглиси ва жиянлари ҳам машъум секта домига тушибди. Мен ўз ишим билан овора бўлиб юраверибману атрофимда, ўз уйимда нималар бўлаётганлигидан бехабар қолибман. Уйдагиларим ўзларини худди ҳеч нарса бўлмагандек тутарди. Ҳозирга келиб, ўтган воқеаларни таҳлил қилиб, уларнинг мақсадларини анча олдин билиб олишим мумкин эканлигини англаб етгандек бўляпман.

 Хонага кириб қолсам, хотиним ўқиб турган китобини яширишга уринарди, оилам аъзолари дастурхон атрофидан турли баҳоналар билан омин қилмасдан туришарди ва эндиликда менга шубҳали бўлган бошқа ҳолатлар юз берган эди. Ўғлим Руслан Тошкент молия институтида ўқиб юрган вақтида квартира олиб берай деганимда, пойтахт қолиб, Қибрай туманидан уч хонали квартира танлади. Мен ҳайрон бўлиб, нега ўқишига яқинроқ жойдан эмас, туманда жойлашмоқчи эканлигини сўраганимда, аниқ жавоб ололмадим. Кейинчалик маълум бўлишича, ўғлим онасининг тавсияси билан “Иегова шоҳидлари” диний ташкилоти вакилининг қароргоҳи жойлашган Чирчиқ шаҳрига яқинроқ ўрнашиб олмоқчи бўлган экан. Ушбу ҳолатларнинг ҳеч бири менга уларнинг асл мақсадлари хусусида шубҳа уйғотмаган эди.

 Бундан ҳам даҳшатли ҳолат: ўғлим уйланганидан бехабар қолибман. У бутун оила аъзолари ва ўзи ҳам “Иегова шоҳидлари” сектаси аъзоси бўлган қозоғистонлик қиз билан никоҳ қайдидан ўтибди. ФҲДЁда бир жияним Русланнинг никоҳдан ўтаётганлигини кўриб, суратга олибди. Суратни тоғам кўриб, роса хафа бўлган. Бир жойда учрашганимизада, “нега мени тўйга айтмадинг” деб, гила қилди. Мен ҳеч нарсани тушунмаганимни айтганимда, у телефонга туширилган суратни кўрсатди. Бошимга бир челак совуқ сув қуйгандек бўлдим. Нима гаплигидан бехабарлигимни билдирдим. Шу он барча қариндошлар “ота бўлмай ҳар нарса бўлгин. Наҳотки фарзандинг уйланса-ю, сенинг хабаринг бўлмаса”, дегандек туюларди менга.

 Бу вақтда қилғиликни қилиб қўйган ўғлим Тошкентга кетиб қолган эди. Унга қўнғироқ қилиб, “бу нима қилганинг, сенинг даданг йўқми?” деб саволга тутдим, аммо бир жўяли жавоб эшитмадим.   

 200 меҳмон иштирокида тўйни ўтказдик. Ўшанда ҳам ҳеч нарсани англамасдан қолибман. Келин-куёвни ўзим Тошкентга олиб бориб қўйдим. Тўйга келмаган келиннинг ота-онаси уч ҳафтадан сўнг Самарқандга келишди. Отаси Анвар ака менга яхши таассурот қолдирди. Касби сартарош экан. Дастурхондан туришидан олдин ёшларга оқ фотиҳа беришини сўраган эдим, қудамиз уларнинг омини бошқача эканлигини айтиб, ўзича мен эшитмаган нималардир деб, охирида иккала қўлини кўтариб, “аминь” деди. Бу ҳолатни тушунтириб беришини сўраб, хотинимга мурожаат қилган эдим, у ўзини билмаганликка солди. Бу сафар ҳам мени аврашди.

 Тўй 2015 йилда бўлиб ўтган эди. Кўп ўтмай оила аъзоларимнинг менга тазйиқи кучайди. Арзимаган гап учун жанжал чиқарадиган бўлишди. Нима бўлса ҳам улар менинг жаҳлимни чиқариб, хотинимга қўл кўтаришимни кутарди. Шундан сўнг ҳаммаси гувоҳ бўлиб, мени қаматиб юбориш ниятида шундай қиларди.

 Мен яқинларимнинг Ислом динимиздан, асрлар давомида шаклланган эътиқодимиздан воз кечганликларидан хабардор бўлгач, уларга қарши курашмадим, аксинча, уларнинг хатти-ҳаракатини тушунишга, уларга ёрдам беришга интилдим. Қайнотамни хабардор қилиб, у кишидан маслаҳат ва кўмак олиш ниятида уйларига бордим. У киши юрак хуружидан кейин оғир аҳволда ётган экан. Гап бошлашим билан “ўз оиланг ишини ўзин ҳал қил” деб, гапни калта қилдилар.

 Оилам аъзолари билан суҳбатлашиш учун табобат соҳасида кўп йиллар ишлаган, пенсионер отамни уйимизга таклиф этдим. Учрашувга хотин ва болаларимдан ташқари секта аъзолари бўлган куёвимиз Шерзод ва хотиним синглиси Нодира қатнашди. Дадам Ислом қадриятлари ҳақида гапириб, ўз эътиқодидан воз кечишлик муртадлик, катта гуноҳ эканлиги уқтирди, миссионерликнинг аянчли оқибатлари ҳақида сўз юритди. Аммо секта тўрига илиниб қолган яқинларим бу гапларга эътибор қилмасдан, улар кириб қолган ташкилот таълимоти энг тўғри эканлигини исботлашга жон-жаҳдлари билан интиларди. Охирида улар менга ва ёши бир жойга етиб қолган дадамга очиқ ҳужум қилишдан ҳам ўзларини тия олмадилар.

Шундан кейин кўп ўтмасдан мен ўз уйимдан ҳайдалдим, йиллар давомида тўплаган мол-мулкимдан айрилдим ва том маънода аниқ турар жойи бўлмаган шахс (БОМЖ)га айландим.

 Бир кун ишдан уйга келсам, дарвоза қулфи алмаштирилган экан. Эшикни таққиллатдим ва ўғлимнинг “кет бу ердан, бу ерда қиладиган ишинг йўқ” деганини эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Бу не кўргулик эди? Эгнимдаги либосим билан кўчада қолган эдим. Менинг ўша вақтдаги аҳволимни душманимга ҳам раво кўрмаган бўлардим. Йиғлаб, бошимни эгиб, отамникага, ўзим ўсган ва кўп йиллар яшаган ҳовлимизга бордим. Бир йилча у ерда яшагандан кейин, охирги икки йилда арзон хостеллар топиб, ўша ерларда кун кечиряпман.

 Энди билсам, менинг кунимга тушиб қолганлар, “Иегова шоҳидлари”дан озор чекканлар анчагина экан. Бузилган оилалар, фарзандларнинг ўз отаси душманига айланиши каби ҳолатлар чет элларда, қўшни мамлакатларда ҳам кузатилиб келинмоқда. Ўзим ана шундай аянчли ҳолатга тушганимдан сўнг номи ўчгур ўша диний ташкилот фаолияти билан қизиқдим, интернет тармоғи орқали кўп маълумотларин билиб олдим.

 “Иегова шоҳидлари” таълимотида ҳарбий хизмат тақиқланган экан. Ҳатто Ватан ҳимояси учун отланиш, ана шу мақсадда қўлга қурол олиш мумкин эмас. Ушбу таълимот одамлар ўзларининг барча мулкларни сотиб сектага бериши ва фақат Инжил билан қолишни талаб қилади. 

 Интернетда Қозоғистонда 2019 йилда рўй берган воқеа ҳақида бир мақола ўқиб қолдим. Унда “Иегова шоҳидлари” диний ташкилот аъзолари бачабозликда гумон қилиниб, уларга нисбатан суриштурув ишлари олиб борилаётганлиги ва секта фаолияти натижасида оилалар бузилаётганлиги хусусида сўз боради

Бежиз “Иегова шоҳидлари» фаолияти кўплаб мамлакатларда, жумладан Россия, Грузия ва Тожикистонда таъқиқланмаган экан.

 Секта аъзолари ўзларини жуда беозор, мулойим қилиб кўрсатишади. Аслида улар жуда хавфли ва ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Мен ўзим бунга гувоҳ бўлдим. Улар жамиятда шаклланган тартиб ва қадриятларни, давлат томонидан белгиланган қонун-қоидаларини тан олмайди.

Мен бошимга тушганлари ҳақида очиқ гапирдим. Бу бошқаларга дарс бўлар, балки. Ҳеч кимга бундай ҳаётни раво кўрмайман”.

Тошпўлат Раҳматуллаев ёзиб олди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь