15.9 C
Узбекистан
Суббота, 23 октября, 2021

Севиб, севилиб яшаган, меҳнаткаш инсон

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
3,440участниковПодписаться

Яқинда Тошкент вилояти, Қибрай, Тошкент, Зангиота туманларида раҳбар лавозимларда фаолият кўрсатган ва ниҳоят кўп йиллар давомида Зангиота туманидаги “Қорасув” жамоа хўжалигида раис бўлиб ишлаган раҳматли – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” Аъзамжон  Қирғизбоевич Абдувалиевнинг 85 йиллиги нишонланди.

Тадбирдан аввал, биз – бир гуруҳ меҳнат фахрийлари “Оқ уй” қабристонида бўлиб, Аъзамжон ака ва унинг яқинлари қабрларини зиёрат қилдик, гул қўйдик ва тиловат қилдик. Эрталабдан Аъзамжон аканинг умр йўлдошлари, бошқа оила аъзолари ҳамда укалари – таниқли спорт ҳомийси ва истеъдодли тадбиркор Салимбой Қирғизбоевич ҳам зиёратда ҳозир бўлишди.

Зангиота туманида Аъзамжон ака хотирасига бағишланган тадбир ўтар экан, кўплар  шу туманда бир пайтлар ҳоким бўлган, Аъзамжон аканинг шогирди ва яқин дўсти бўлган Баҳром Нозимович Носировни ҳам эсга олишди…

Дарҳақиқат, улуғ байрам – мамлакатимиз Мустақиллигининг шонли 30 йиллиги арафасида, республикамизда таниқли қишлоқ хўжалик дарғаларидан бири бўлган Нозим ака Носировнинг катта ўғли Баҳромжон Носировни эсламай бўлмайди…

Б.Носиров 1975 йилда Тошкент политехника институтини тамомлагандан кейин, Тошкент қишлоқ хўжалиги олийгоҳи ўқув-тажриба хўжалигида механик бўлиб меҳнат фаолиятини бошлади. Кейинчалик, Тошкент вилоят қишлоқ хўжалик техникалари бошқармасида меҳнат қилди. Бу ерда мутахассис сифатида иш бошлаган, ёш истеъдодли Баҳромжон тез орада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига кўтарилди. Кейинчалик,   Зангиота туман қишлоқ хўжалик бошқармасининг бошлиғи, Қибрай тумани ижроқўмининг раиси, “Ғазалкент” агросаноат бошқармаси бошлиғи, Тошкент вилояти “Узплодовощвинпром” бошқармасининг бошлиғи, Зангиота туман ҳокими вазифаларида ишлади.

1994 йилда Баҳром Носировга республика раҳбарияти “Узплодовощвинпромхолдинг” ассоциациясига раҳбарлик қилишни топширди. Ушбу лавозимда ишлар экан, Б. Носиров доимдагидек бор билими, куч-ғайрати, салоҳиятини тинимсиз фаолиятига бағишлади. Қатор йиллар холдингга раҳбарлик қилгандан сўнг, Баҳромжон “Аҳмад Яссавий” хўжалиги, “КОФЮТИС” ваколатхонасини бошқарди…

Б.Носиров бирорта одамга ёрдам керак бўлса, қўлидан келса, зудлик билан ёрдам беришга шошар эди…

1988 йил октябрь ойи эди. Республика бўйича “десантчилар” тушган, қама-қамалар авжига чиққан пайт. Мен Қибрай туман халқ назорати қўмитасининг раиси бўлиб ишлар эдим. Олдимга, яқингача автомобиль транспорти вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган Муҳсин Ҳусанович Ғозиев, рафиқаси – ТИИМСХ олийгоҳи доценти бўлиб ишлаётган Лола Умрзоқовна Салимова билан кириб келишди. Ўзбекистон парламенти раҳбари бўлган Оқил Умрзоқович Салимов, тақдир тақозоси билан, шу синглиси ишлаётган олийгоҳга ректор этиб тайинланган эди. Лола опа менга қараб: “Яқинда акамни олиб кетишди. Мен институтдан узоқроқ бўлганим маъқул. Туманингиздаги “Қизил Ўзбекистон” жамоа хўжалиги раиси билан гаплашиб берсангиз, шу хўжаликда ишлаб турсам. Бир пайтлар мен шу хўжаликда практика ўтган эдим. Биздан меҳрибонлигини аямай, ёрдам бераётган, институтимиз раҳбарларидан бири – Шавкат Миромонович Мирзиёев  топшириғи билан тегишли шартнома тайёрланган. Шу шартномага раис қўл қўйиб берсалар.”, – деб қўлимга шартноманинг иккита нусхасини узатдилар. Меҳмонларни кузатиб,  “Қизил Ўзбекистонга” боришга тайёрланиб турганимда, олдимга ўша пайтда Қибрай тумани ижроқўми раиси бўлган Баҳромжон Носиров кириб қолди. Шошиб турганимни кўриб, “Йўл бўлсин”, – деб сўрадилар. Мен вазиятни тушунтирдим. Баҳром Нозимович: “Мен ҳам бирга борай, иш тезроқ ҳал бўлар”, –  деб қолдилар.

 Жамоа хўжалигига бирга бордик. Раис – ажойиб мард инсон Неъмат Соатовга учрашиб, вазиятни тушунтирдик. Раис шартномага бироз қараб турди-да: “Оқил Умрзоқовичнинг сингиллари экан-да… Салимов ҳалол одам. Туҳматга учрабди. Тез орада ҳақиқат юзага чиқади, деб ишонаман”, – деди-да, шартда шартномага қўл қўйиб, муҳр босди.  Бир нусхани менга берди ва шу куниёқ уни Лола опага етказдик. Акалари қайтиб, ҳақиқат қарор топгунча Лола опа “Қизил Ўзбекистон” жамоа хўжалигида бўлдилар…

Халқимизда шундай гап бор : “Кимки эрталабдан ишга шошса, ишдан кейин уйга шошса, у ҳақиқатдан ҳам бахтиёр одамдир”. Яна дейдилар: “Кимки уйда, оила даврасида бахтиёр бўлса, у ҳақиқатдан бахтиёр одамдир”. Шу маънода турли раҳбарлик лавозимларда самарали фаолият кўрсатган, эл-юрт орасида катта обрў топган Баҳромжон Носиров қариндош-уруғ, оила даврасида ҳам бахтиёр ҳаёт кечирди. Ота-онани, қайнота-қайнонани ҳурмат қилиш, эъзозлаш, ака-ука, опа-сингилларга меҳрибонлик кўрсатишда у кўпларга намуна бўладиган инсон эди. Айниқса, талабалик “олтин даври”да севиб топган умр йўлдоши Зухрахон билан ораларидаги севги-муҳаббат алоҳида бир қисса ёзишга арзигуликдир. Баҳромжон бир умр севиб, севилиб яшади, ватанпарварларча, фидокорона меҳнат қилди. Зеро, севги-муҳаббат барчани ҳаётида тугалмас илҳом манбаидир. Халқимизнинг асл фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби, улуғ шоир ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг “Севгим билан ғолибман, ҳар он!” деган сўзларида улкан ҳикмат бор.

Баҳром Нозимович ота томонидан улуғ шоиримиз Усмон Носир, қўшиқчи шоир Ўткир Рашидларга қариндош эди. Балки шунинг учун бадиий адабиётга, хусусан шеъриятга ихлоси катта эди.

У биргаликда суҳбатлашганимизда, кўпинча:

Сен азиз қилган қулингни ҳеч киши хор айламас,

Сен агар хор айласанг, ҳар ерга борса хордир!

Яна:

Ё қоронгу кечани шамъи шабистон этган,

Бир лаҳзада оламни гулистон этган.

Бир мушкил ишим тушибдур, осон этгил,

Ё барчани мушкилин осон этган!

каби сатрларни эслашни яхши кўрар эди.

Баҳром Нозимовичнинг шу Ватан, шу элу юрт равнақи учун қилган  фидойи меҳнати ва саъй-ҳаракатлари, катта ҳаётий тажрибага тўла фаолияти билан танишган киши, унинг тимсолида инсон салоҳияти, масъулияти, ташаббускорлиги, қатьияти, керак бўлса, қаттиққўллик билан кўп нарсани  белгилаб беришига, ишонч ҳосил қилади. У ҳаёти давомида ҳамиша ана шу қоидаларга амал қилиб яшади.

Элимизнинг суюкли фарзанди Баҳромжон Носиров бугун орамизда йўқ. Лекин у инсондан яхши ном, қурдирган иншоотлари, ижтимоий соҳа бинолари, серҳосил боғлар, муносиб шогирдлар, эл ишига камарбаста фарзанду набиралари қолди. Унинг нурли хотираси ҳамиша дўстлари, шогирдлари, яхши инсонлар хотирасида барҳаёт.

Носир  ТОИРОВ, меҳнат фахрийси,

сиёсатшунос

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

«Save Aral — 2021» Спорт байрами шукуҳи

19 октябр куни Ангрен шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Енгил атлетика федерацияси, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси томонидан,...

Больше похожих статей

Рус